Мақола

920 18/03/2022

Ташқи меҳнат миграцияси.

Ташқи меҳнат миграцияси тўғрисидаги қонун — биринчи қадам

Бу қонунни қабул қилиш масаласи ЎзЛиДепнинг 2019 йил парламент сайловларидаги сайлов олди дастурида бор эди. Қабул қилиш кераклиги тўғрисида биз дастурга киритган эдик. Лекин қачон, қанча муддатда, қандай ҳужжатларни қамраб олиши ҳақида шахсан менда тушунча йўқ эди. Ўтган вақт ичида мигрантларни қўллаб-қувватлашга қаратилган бир қатор нормативҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилган. Лекин бу норматив ҳужжатлар фундаментал асосга эга эмасди. Шунинг учун биз эртами, кечми, мана шу ташқи меҳнат миграцияси соҳасида алоҳида қонун ишлаб чиқишимиз лозим эди.

Қонун хорижга чиқиб ишловчи Ўзбекистон фуқаролари ва Ўзбекистонда фаолият юритувчи хориж фуқароларига тааллуқли. Зарурат шуни тақозо этади. Чунки мигрантларнинг ҳақ-ҳуқуқлари, мажбуриятлари, давлат органларининг уларнинг олдидаги мажбуриятларига оид масалалар тарқоқ эди. Бу соҳани тартибга солувчи бирорта ҳужжат йўқ эди. Шунинг учун барчаси бир қонунда қамраб олинди. Бу мукаммал, ҳамма муаммони ечиб берадиган қонун демоқчи эмасман. Бу бошланиши, агар келажакда биз ушбу соҳадаги ҳуқуқий ҳимояни кучайтиришимиз керак, деган позицияда олға борсак, бу биринчи қадам ҳолос. Биз бу қонунни такомиллаштиришимиз, шу билан бирга меҳнат фаолиятини юритиш муносабатларини алоҳида, уни ҳуқуқий ҳимоя қилиш масалаларини алоҳида, ижтимоий ҳимоя муносабатларини алоҳида-алоҳида қилиб ўрганишимиз керак.

Мигрантлар учун қурилган уйлар кимларга берилди?

Шахсан мен учун мигрантлар масаласи илгари ҳам қизиқ бўлган ва ҳозир ҳам долзарб. Ўзбекистонда миграция масаласи четлаб ўтмаган хонадонлар жуда кам, барибир у ёки бу даражада таъсири мавжуд бу соҳанинг. Менга овоз берганлар орасида ҳам мигрантлар ва уларнинг оилалари бор. Ўтган даврда қонуний меҳнат фаолиятини юритиб келаётганлар ҳам имтиёзли уй-жой ололмаётгани ҳақида бир қатор мурожаатлар бўлди. Кейин ҳужжатлар билан шуғулланишни бошладим. Биласиз, Президентнинг алоҳида фармонларида меҳнат мигрантларини арзон уй-жой билан таъминлаш масаласи алоҳида кўрсатилган эди. Шу билан бирга, ушбу фармон доирасида ҳар бир вилоят бўйича мигрантлар учун, уларнинг оила аъзолари учун мўлжалланган уйларнинг сони келтирилган. Масалан, Тошкент вилояти бўйича 180 та уй-жой қуриш (белгиланган). Адашмасам, ярим йил бўлди, ҳали ҳам шу уйларнинг рўйхатини ололмаяпман. Вилоят ҳокимлигига бу масала бўйича бир неча маротаба мурожаат қилганман. Янги келган вилоят ҳокимига яқинда учрашдим ва у кишига ҳам бу масалани айтдим. Шу уйлар кимларнинг қўлига ўтиб кетгани менга қизиқ, маълумотлар қайсидир маънода яширилаётгани ёки очиқланмаётгани менда бу уйлар мигрантларга берилмаган, деган гумонларни келтириб чиқаряпти. Мени кўплаб сайловчиларим буни ололмаган. Сарсон бўлиб уёққа юришди, буёққа юришди. Натижа йўқ.

Мен буни охиригача олиб бормоқчиман. 180 та уйжой бўлса, ҳар бирига 180 тасига бориб келмоқчиман. Ҳақиқатдан ҳам мигрант яшаяптими бу ерда ёки бошқа биров олдими? Биз билайлик! Чунки одамлар эътироз қиляпти. Буни баҳонасида кейин биз бутун Республикани билиб олсак бўлади. Мен суний тўсиқлар ва маълумотларни олишдаги қийинчиликлардан сезиб турибманки, бу ерда нимадир нотўғри.

Уйлар масаласини секингина ёпиб юборишмоқчи

Маълумот олишга сунъий тўсиқлар бўлмоқда. Депутат ўзини қизиқтирган масала юзасидан ахборот олиш сингари қонуний ваколатларга эга. Маълумот олиш учун сўров юборилгач, 10 кун ичида жавоб беришлари керак. Аммо, хатларим топилмай қоляпти баъзида. Фақатгина шу масала бўйича бир неча бор мурожаат қилдим. Охири ўзим ҳар бир идорага қўнғироқ қилиб, суриштирдим. Мен боғдан келсам, булар тоғдан келяпти, мақсад жавоб бермаслик. Шу масалани секингина ёпиб юбориш бўляпти, мен уни сезиб турибман. Аниқ, тушунарли қилиб сўралган маълумотни бермасдан, уёққа-буёққа ташлаш тўсиқда. Бунинг охирига етамиз.

Арзон аталмиш уйлар арзон эмас

Афсуски, амалиётда гувоҳ бўляпман, баъзи ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли учун, хусусан мигрантлар учун деб қурилаётган уй-жойлар арзон деб аталгани билан, арзон чиқмаяпти. Оқибатда уни муҳтож одамлар ололмаяпти, балки ўзига тўқ, илгари ҳам уйи бўлган одамлар қўш-қўш олиб, ижарачи қўяётганлар ҳам бор. Давлат раҳбари томонидан бошланган ташаббус қандай эди-ю, охирида қандай натижа ҳосил бўляпти. Бунга қаттиқ туриш керак.

Умумий тартибсизлик ва уруш ҳолатларида мигрантларни ҳимоя қилиш масалалари

Январ ойи бошида Қозоғистонда рўй берган тартибсизлик ва феврал сўнгида Украинада бошланган ҳарбий операциялар жараёни ва натижалари ҳаммамизга маълум. Меҳнат миграцияси тўғрисидаги қонунда мана шундай ҳолатларда фуқароларимиз гумонланиб, қўлга олинса, уларни ҳимоя қилишга доир бандлар ҳам мавжуд. Умумий тартибда, Ташқи ишлар вазирлиги ёки Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, ёки Ташқи меҳнат миграцияси соҳасидаги ваколатли орган ҳисобланувчи Миграция агентлигининг вазифалари, мажбуриятлари кўрсатилган. Айнан уруш ҳолатида дейилмаганку лекин, ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш масаласи, қийин вазиятга тушиб қолганда ёрдам кўрсатиш масаласи, ёки қанақадир ғайриинсоний муносабатлар бўлганида шу мамлакат номидан ҳимоя қилиш чораларини кўриши кераклиги қонунда кўрсатилган. Қонун ижроси эса жойлардаги кадрларга боғлиқ. Масъул ходимлар ишига виждонан ёндошса, натижа бўлади.

Мигрантлар депутатга мурожаат қила оладими?

Мигрантлар бирлашиб ёки якка тартибда давлат органларига сусткашлик қилаётган консуллик идоралари асаласида мурожаат қила оладилар. Шахсан ўзимга, Россия Федерациясидан, мигрантлардан мурожаатлар бўлиб туради. Ўзбекистонга келганда уй-жой олиш мумкинми, шунда ёрдам бера оласизми каби ёки паспорт йўқолганлиги, консулликлардаги муаммолар юзасидан сўровлар бўлади. Асосан ижтимоий ҳимоя билан боғлиқ масалалардан. Ё ижтимоий ё ҳуқуқий кўмак сўралади.

Нодира Қодирова иши нима бўлди?

2019 йил Туркияга ишлаш мақсадида кетган Нодира Қодирова ҳикояси ҳаммага таниш. Унинг фожиали тарзда ўлим топиши кенг муҳокамаларга сабаб бўлган. Биз, икки депутат биринчи марта Ташқи ишлар вазирлигига шу масала юзасидан сўров билан чиққанмиз: Нимага мигрантларимизнинг ҳуқуқий ҳимоя масаласида сусткашликка йўл қўйяпсизлар, деб. Биз қандай ёрдам кўрсатсак, мигрантларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириб берасизлар, деган мазмунда чиққанимизда, улар бизга хориждаги консулликларга бориб, ҳолатни ўрганишни таклиф қилган. Шароитни ўрганиб, имкониятларимизни баҳоланглар, дейишган.

Қўпол айтганда, штат етишмаслиги, маблағ кам ажратилиши ва шароит йўқлиги давлат идораларига вазифаларини бажаришда халал бераётганини айтишган. Бизда манфаатдор томон ўз лойиҳасига ажратилиши керак бўлган бюджетни ҳимоя қилмайди. Бу нарсалар молиявий имконият билан ҳам боғлиқ. Вазирлик буни етарли кўринишда асослаб беролмаган. Ваколатли идора ўзи курашмаса, бошқаси уни ҳаққини олиб беролмайди.

Консулликларда паспорт нархи нега қиммат?

Чет элда паспорт олиш шунчалик қимматми? Хорижий давлатлардаги консулликлардан бир парча қоғоз бўлган ватанга қайтиш сертификат нархи масаласида гап-сўз бўлиши мумкин эмас. 55 доллар қилиб қўйиш мантиқсизлик, сарф-ҳаражати 1-2 доллар бўлса, нима улар, тўлдирганига пул олишмоқдами? Буни асосли қилиши керак, бир неча баробар камайтириш керак, бу аниқ, муҳокамага ўрин йўқ.

Паспорт масаласи нафақат четда балки мамлакат ичида ҳам қиммат. Фуқаролар пул йўқлигидан паспорт ололмаяпти чекка жойларда, бундан шикоят қилишади. Муддати ўтса яна жарима тўлаяпти. Биз бу масалани бир неча марта кўтарганмиз, лекин бу ерда бошқа манфаатдор томонлар борга ўхшайди бизни назаримизда. Бу ерда давлат манфаатдор эмас. Билишимизча, паспорт тайёрлайдиган хусусий корхоналар бор экан, мана ўшалар қанақадир монополистик фаолият юритяпти. Ватандошларининг қийинчилигидан фойдаланяпти. Бунга чек қўйиш учун сиёсий ирода керак, ҳолос. Устига юклама қўйиб пул топиш — бу ҳалол бизнес эмас. Фуқароларнинг реал имконият шароитларини ҳисобга олиш шарт. Баъзи оилаларга паспортни кераги йўқ, чунки у ҳақда ўйлайдиган аҳволда эмас.

Мигрантларга солиқ солиш” керакми?

Президентлик сайловларида номзод сифатида қатнашган партия аъзолари мигрантларга солиқ солишни таклиф қилди. Тўғриси ўша пайтда сайлов дастури кетаётгани ва ўша таклифни илгари сурган шахс билан ўртамизда низо мавжудлиги сабаб мен бунга қўшилмаслигимни айтганман. Шахсий адоватга айлантириб юборишмасин деб. Мени фикримча, уларга солиқ солиш эмас қўшимча субсидия бериш керак. Қанийди шуни ҳал қилолсак. Ҳозирги имтиёзлар мигрантларнинг маълум бир қисмини қамраб ололади ҳолос. Буни билганлар улардан фойдаланади. Солиқ солиш умуман кераги йўқ. Субсидия қўллаш масаласини ҳал қилолсак қанийди, кейин солиқ ҳақида гапирсак бўларди. Аввал бирламчи эҳтиёж, қорин масаласини ҳал қилиш керак. Одамлар ҳақиқатдан ҳам давлатни ёрдамини сезиши керак. Солиқ десангиз, Сен нима қилиб бердинг менга, демайдими? Айтиб ўтиш жоизки, миграция тўғрисидаги қонунда икки томонлама солиққа тортиб бўлмаслиги алоҳида қайд этилган.

Мигрантлар топган даромади арзимаган пулга айланиб қолиши мумкин

Россияга қўйилган санкциялар иқтисодиётга жиддий таъсир кўрсатмоқда. Шу ҳолатда кетса меҳнат мигрантларининг топган пули еб-ичишдан ортмай қолиши мумкин. Улар ёппасига Ўзбекистонга қайтиши ҳам мумкин. Ҳукумат шуни олдини олиш, уларни иш билан таъминлаш учун керакли чораларни кўриб бошлади ва бу такомиллаштирилиши керак. Фуқароларга ўз-ўзини банд қила олиш имконияти мавжуд бўлган максимал ресурслар эркинлаштириб берилиши керак. Чунки бюджет тасдиқланган, ташқи қарзни тўлаш керак. Биринчи ўринда ҳукумат фуқароларни янада эркинлаштириши керак. Чекловлар олиб ташланиши, фаолият электронлашиши, бюрократия ва инсон аралашуви имкон даражасида бекор қилиниши, хизмат кўрсатиш тез ва соддалашиши керак.

Ўзбекистон Жаҳон Савдо ташкилотига қўшилиши керак

Мен доим бунга қарши бўлганман, кейинчалик бетараф бўлиб қолдим. Бунга мигрантларнинг ҳимоя масаласи сабаб бўлган. Балки келажакда тарафдорлар қторига ўтарман, кузатувчи мақомини олишда. Евроосиё иқтисодий иттифоқига қўшилиш масаласида яхши ва ёмон томонларини тўлиқ ўрганиб чиқолганим йўқ, чунки маълумот жуда кўп. Менинг фикрим, бу бизнинг устувор мақсадимиз бўлиши керак эмас. Асосий мақсад Жаҳон савдо ташкилоти бўлиши керак.

Ўзбекистон қўшфуқароликни тақиқлаган саноқли давлатлардан бири

Қўшфуқаролик ва ватандош визаси кўп йўналишдаги бажарилмай қолган ишларимиздан бири бўлиб қолмоқда. Миграция тўғрисидаги қонун кучга кириши билан ватандош визаси масаласи кун тартибига чиқади. Ҳар қандай янгилик ва ташқаридан келган янги инсонни милтиқ тираб кутиб олишни тўхтатишимиз керак. Янгиликни қабул қилишдан қўрқмаслик керак, ёмонлар ўзимизни ичимизда ҳам бор. Биз янги амалиётларни ижобий томонини ўрганиб, ўзлаштиришимиз керак.

Мигрантлар қаршисида юзимиз қизил

Мигрантлар масаласида гапириш тўғриси менга жуда ноқулай. Чунки биз улар, фуқаролар тўлаган солиқлардан ойлик олиб юрибмиз. Жуда ҳам ноқулай бўлади, уларни олдида юзимиз қизил.

Биз албатта мигратларимизни бошқа мамлакат фуқаролари билан тенг кўриладиган ҳолатга олиб чиқамиз, Худо хоҳласа. Унгача улар ўзарини эҳтиёт қилсин. Улардаги ватанга ишонч йўқолмасин.

Rossiya, migrantlar: Ko‘rinishga qarab yoqmaganni qaytarishyapti

Навигация