Migrant.mobi Ўзбекистоннинг хорижий давлатлардаги консулликлари орқали хорижга чиқиш паспорти (қизил паспорт) ва “ватанга қайтиш сертификати” нархи қимматлиги ҳақида суриштирувини эълон қилган эди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев ушбу масалага эътибор қаратиб, ўзининг Telegram саҳифасида Ташқи ишлар вазирлигига қатор саволлар билан мурожаат қилган.
“Хорижда консулликлар орқали паспорт олиш қанчага тушади?
Ҳар доимгидек нарх қимматлиги борасида Ўзбекистон етакчи. Бироқ бу нархлар нима асосга кўра, қайси критерийлар бўйича белгиланган?
Ташқи ишлар вазирлигимиз асослаб бериши керак.
Бу ҳаммаси эмас. Агар Ўзбекистон фуқароси ҳорижда паспорт олиш муддатини ўтказиб юборган бўлса ҳар йил учун 50 АҚШ долларидан тўлов қилиши, паспорт йўқотилса қўшимча 70 АҚШ доллари, паспорт яроқсиз ҳолга келиб қолса, қўшимча 50 АҚШ доллари тўлаши керак экан.
Бундан ташқари, агар фуқаро паспортини йўқотиб қўйиб ватанига сертификат билан қайтмоқчи бўлса тўловни:
Ҳар доимгидек Марказий Осиёда энг қиммат нарх ўзбекистонликларнинг гарданида. Бир парча қоғоз учун 55 доллар талаб қилишни қандай изоҳлаш мумкин?
Ташқи ишлар вазирлиги бу саволларга асослантирилган тушунтириш бериши шарт.
Шу боис, «Парламент назорати тўғрисида»ги қонун доирасида бу бўйича депутатлик сўрови киритамиз: марҳамат вазирлик асосласин ёки нархларни туширсин”, – деб ёзган депутат Кушербаев.