Инсоният эндиликда глобаллашган даврга кирди. Шу пайтгача у локализм даврида яшади. Шартли равишда олсак, инсоният ҳаётининг бошидан то ҳозирги кунгача бир инсон иккинчи инсонга; жамиятлар, давлатлар ва цивилизациялар бир-бирига фақат чегаравий таъсир қилар эди.
Бугун глобаллашув даврига кириб келгач, борган сари жисмоний чегераларнинг аҳамияти пасайиб, йўқолиб боряпти. Сўнгги бир ярим, икки аср давомида инсоният борган сари бир-бирига боғлиқлиги ошиб борди. Ҳали биз глобаллашувнинг энди бошланғич этапида турибмиз.
Тарихда локализм даврида ўрта статистик инсон фақат 6 км радиусдаги воқеаларни билиш ва таъсир қилиш имкониятига эга эди. Фараз қилинг, 8-, 11-, 17- асрда ҳам инсоннинг тезлиги энг илдам ҳайвоннинг – от ёки туянинг тезлиги билан тенг эди. Ҳозирги инсониятнинг суръати эса самолёт, ҳатто ракеталар, жуда бўлмаса поездлар, автомобиллар тезлиги билан ўлчанади.
Локализм даврида ахборот танқислиги бўлган бўлса, бугунги кундаги асосий муаммо аксинча– унинг ҳаддан ташқари кўплиги ва эътиборнинг етишмаслигидир. Жамиятларда ахборот тарқатувчи, қайта ишловчи шахслар, марказлар, корпорациялар шу қадар кўпайиб кетдики, инсонларнинг диққат-эътиборини бир нуқтада маълум бир муддат ушлаб туриш муаммога айланган.
Дезинформация ва ёлғон хабарлар мавзусидаги мулоҳазалар билан батафсил Камолиддин Раббимов иштирокида суратга олинган видеода танишиб чиқишингиз мумкин.