Мақола

710 24/03/2023

Давлат хавфсизлик хизматининг Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси ҳамда вилоят ички ишлар бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилди.

ДХХ хабарига кўра, Самарқанд шаҳрида яшовчи шахс ўзганинг ишончига кириб, 30 минг АҚШ доллари эвазига танишлари орқали уни Америка Қўшма Штатларига юборишни ваъда қилиб, олдиндан 10 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланди.

Бошқа бир ҳолатда эса Самарқанд вилоятининг Иштихон туманида яшовчи шахс Жиззах вилоятининг Дўстлик туманида истиқомат қилувчи фуқаронинг ишончига қириб, танишлари ёрдамида уни Қўшма Штатларга юбориш эвазига 21 минг АҚШ доллари талаб қилади.

ДХХ Жиззах вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг ҳудудий бошқармаси билан бирга Ғаллаорол туманида ўтказилган тезкор тадбирда, у 10 минг АҚШ доллари ва 100 млн сўм олган вақтида ушланди.

Тошкент шаҳрида қайд этилган ҳолатда, нуфузли университетлардан бирининг талабаси юқори ташкилотда ишловчи танишлари орқали Жиззах вилоятининг Мирзачўл туманида яшовчи фуқарони Америкага юбориш эвазига 20 минг АҚШ доллари талаб қилиб, олдиндан 3 минг АҚШ доллари олган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ходимлари томонидан ушланди.

Ҳар учала ҳолатда фуқароларга “Ўзбекистон – Туркия – Европа – Мексика – АҚШ” йўналишида Қўшма Штатларга юбориш ваъда қилинган.

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Бу ҳақда “Кун.уз” хабар берди.

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация