Мақола

626 03/08/2023

Azon.uz сайтида “Диний таълим масаласида Диний идора ташаббус кўрсатиши керак!” номи билан мақола эълон қилинди. Мақолада айрим ОАВларнинг диний таълим муаммосига бир томонлама ёндашаётгани ва бунинг ортидан кўпинча исломга, мусулмонларга зарарли бўлган мақола, хабарлар чоп этилаётгани ёзилган.

“Тошкентда ноқонуний ҳужра ўқувчиси ўзини 5-қаватдан ташлади”, деган ваҳимали сарлавҳа билан тарқатилган хабарда айтилишича, Тошкент шаҳридаги туманлардан бирида кўп қаватли уйда “ноқонуний диний таълим” берилаётгани, ўқувчилар калтакланаётгани сабаб бир нафар бола у ердан қочмоқчи бўлиб, электр узайтиргич (удлинитель) симига осилиб, 5-қаватдан ўзини ташлаган.

Тарқатилган хабарларда ўқитувчи 1 июлдан бошлаб вақтинчалик яшаш жойида ҳар бир боладан 200 минг сўмдан пул олиб, ҳужра ташкил қилгани ва 4 нафар болага диний сабоқ бериб келгани маълум бўлган. Шунингдек, хонадан 14 дона араб тилида ёзилган ва нашриёти номаълум бўлган диний адабиётлар топилган.

“Ҳолат юзасидан унга маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 241-моддаси (Диний таълимотдан сабоқ бериш тартибини бузиш) билан 15 сутка қамоқ жазоси тайинланди.

Шунингдек, болаларнинг ота-оналари ҳам маъмурий жавобгарликка тортилди. Уларга кодекснинг 47-моддасига асосан (Болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик) чора кўрилди”, дейилади хабарда.

Ушбу хабарда асосий важ сифатида “ўқитувчи”нинг махсус дипломга эга эмаслиги, ноқонуний таълим бераётгани ҳамда болаларни аямай калтаклаши келтирилади. Дарҳақиқат, педагогикада ўқувчини урмаслик кераклиги таъкидланади. Буни оқлаб бўлмайди.

Аммо “махсус дипломга эга бўлмасдан”, “ноқонуний” деган жойига озгина эътибор қаратишимиз лозим. Бир нарса аёнки, юртимиздаги уламолар орасида махсус дипломга эга бўлмаганлари талайгина топилади. Мустақиллик йилларининг бошида мадрасаларда дарс берган устозларнинг аксариятида диплом бўлмаган. Улар собиқ иттифоқ даврида ҳужраларда илм ўрганишган.

“Ноқонуний” деган жойига келсак… Болаларга қонуний диний таълим берадиган жой йўқ, аниқроғи христиан, яҳудий ва бошқаларга бор, лекин ислом динини ўқитадиган даргоҳ йўқ ҳозирча. Шунинг учун “ноқонуний” деган ибора ғалати эшитилади, сабаби худди қонуний имкони бор-у, улар ноқонуний йўлни танлагандай…

Икки йил олдин устозимиз Мубашшир Аҳмад ва у кишининг фикрини қўллаган бир гуруҳ уламоларимиз “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонунга ўзгаришлар киритиш вақтида жуда жиддий ва долзарб таклиф билан чиқишганди. Яъни масжидлар қошида диний таълимни йўлга қўйиш борасида… Ўшанда бир қатор ғайридин давлатларда ҳам исломий таълимга йўл берилгани, бизда рухсат йўқлиги учун жуда кўплаб юртдошларимиз фарзандларини олиб Миср, Туркия ва бошқа мамлакатларга кетиб яшашга мажбур бўлаётгани, ёшларнинг орасида жиноятчилик кўпайиб бораётгани, диний таълимга рухсат берилмагани натижасида ноқонуний ўқишлар ташкил қилинаётгани, ёшлар турли оқимларга адашиб кириб кетаётгани ва бошқа бир қатор омиллар орқали таклиф қанчалик зарурлиги асослаб берилган.

Ушбу таклиф халқимиз томонидан ҳам хурсандчилик билан кутиб олиниб, қизғин қўллаб-қувватланганди.

Бироқ…

Айримлар содда миллатимизни “Исломий таълим эмас, диний таълим дейишяпти. Бу ҳолатдан христиан, яҳудий ва бошқалар фойдаланиб, фарзандларингни ҳақ диндан оғдириши мумкин”, дея шовқин солганди. Ўшанда Azon.uz сайти мухбири журналистик суриштирув ўтказиш учун ўғлини Тошкент шаҳри марказидаги черковга олиб борган ва у ердаги семинарияда (диний таълим даргоҳи) 6 ёшдан бошлаб болаларга насронийликдан дарс берилаётганини исботлаган эди.

Ўзбекистонда диний таълимга эҳтиёж катта. Буни инкор этиш ойни этак билан ёпишга уринишдай гап. Ёшларимизнинг тарбияси кўнгилдек эмаслиги ҳам ҳаммани ташвишга соляпти. Айниқса, ахлоқсизлик кун сайин ортиб бораётгандай. Бугун тарқалган расмий хабарга кўра, Январь-июнь ойларида 6 нафар мактаб ўқувчисида эрта туғуруқ аниқланибди.

«Ҳолатларнинг 2 таси Қашқадарёда кузатилган, Қорақалпоғистон, Самарқанд, Сирдарё ва Сурхондарёда 1 тадан қайд этилган», дейди Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги вакили Азамат Камолов.

Ё алҳазар…

Мактаб ўқувчиларининг орасида шунча ҳомиладор пайдо бўлган бўлса, унда қанча она сути оғзидан кетмаган қиз ва йигитчалар никоҳсиз жинсий алоқага киришяпти экан? Бунга ўхшаган аччиқ мисолларни, афсуски, юзлаб келтириш мумкин. Лекин эзилган юракларни баттар сиқишдан не наф?!

Фарзанд тарбиясида диний таълимнинг ўрнини бошқа нарса билан тўлдириб бўлмайди. Чунки Худодан қўрқмагандан қўрқ деб бекорга айтилмаган. Қуруқ шиор ва маданий тадбирлар билан ёшларни тўғри йўлга солишнинг мутлақо иложи йўқ.

Шундан келиб чиқиб, масжидлар қошида бошланғич диний таълим бериш йўлга қўйилса… Зарурий қироат дарслари ва фарзи кифоя бўлган фиқҳий билимлар ҳамда ҳалол-ҳаром тушунчалари ўргатилса… бўладику?

Ана шундай таклиф билан Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг масъул ходимларидан бирига мурожаат қилдик. Ҳозирча саволларимизга жавоб келмади.

Аслида…

Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қонуни 241-моддасини ўргана туриб айрим жиҳатлар эътиборимни тортди.

Мазкур моддада “Махсус диний маълумоти бўлмай туриб ва диний ташкилот бошқаруви марказий органининг рухсатисиз диний таълимотдан сабоқ бериш, худди шунингдек хусусий тартибда диний таълимотдан сабоқ бериш…” деган иборалар келтирилади. Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексида ҳам айни иборалар такрорланган.

Мана шу моддага қараб, Диний идора рухсат берса, масжидлар қошида имомлар диний сабоқ бериш мумкин бўладими? Яъни марказий орган Ўзбекистон мусулмонлари идорасими?

Юқоридаги фикрларимизни тажрибали ҳуқуқшунос Б. Собировга юбордим. У киши фикримни тасдиқлаб, қуйидаги жавобни юборди.

“Диний ташкилотларнинг Ўзбекистон Республикаси бўйича марказий бошқарув органи — бир конфессиянинг маҳаллий диний ташкилотлари, шунингдек диний таълим муассасалари фаолиятини мувофиқлаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг камида саккизта маъмурий-ҳудудий бирлигида (Қорақалпоғистон Республикасида, вилоятда, Тошкент шаҳрида) рўйхатдан ўтиб фаолият кўрсатаётган маҳаллий диний ташкилотлар томонидан ташкил этилган диний ташкилот ҳисобланади.

Шунга кўра, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Исломий таълим бериш бўйича рухсат бериш ҳуқуқига эга. Бунда ҳеч қанақа қонунбузарлик йўқ…”

Ҳуқуқшуноснинг изоҳларидан кейин савол туғилди. Демак, Исломий таълим борасида Диний идора ташаббус кўрсатиши керак экан-да. Бунга қонуний асос бор экан-да. Биз ҳам Ўзбекистонда эмин-эркин яшаб, фарзандларимизга болалигидан бемалол диний таълим бераётган насроний, яҳудий, буддист ва бошқа юртдошларимиз қатори ҳар бир масжид қошида Исломий таълимни ташкил қилсак, бўлаверар экан-да…

Бунгa Диний идорамиз масъуллари нима дер эканлар? – деб ёзади журналист Абдулазиз Муборак.

Худди шу масала бошқа давлатларда қандай йўлга қўйилган?

Миграция масалалари бўйича мутахассис Ботиржон Шермуҳаммаднинг Azon.uz сайтида чиққан “Россияда диний таълим” номли мақоласида  Россия Федерацияси «Виждон эркинлиги ва диний бирлашмалар тўғрисида»ги қонунининг 5-моддаси диний таълим ҳақида экани ёзилади.

Унга кўра:

Ҳар ким ўзи танлаган диний таълимни якка тартибда ёки бошқалар билан биргаликда олиш ҳуқуқига эга;

Диний ташкилотлар ўз низомларига ва Россия Федерацияси қонунчилигига мувофиқ таълим муассаларини яратиш ҳуқуқига эга;

Ота-оналар ёки васийларнинг ёзма илтимосига кўра ва болалар розилиги билан давлат ёки шаҳар таълим муассасалари, ушбу таълим ташкилоти коллегиал бошқарув органи қарори асосида, диний бирлашмага таълим дастуридан ташқарида болаларга динни ўргатиш имконияти бериши мумкин;

Диний бирлашмалар ички низомлари билан белгиланган шаклларда Россия Федерацияси қонунчилигида белгиланган тартибда диний таълим ва ўз издошларининг диний таълимини амалга ошириш ҳуқуқига эга;

Динни ўргатиш ва диний тарбия таълим фаолияти ҳисобланмайди.

Диний таълим бериш учун 10 та доимий яшовчи фуқаро бирлашиб, диний жамоат ташкилоти тузиши (МРОМ – местная религиозная организация мусульман) ва ташкилот низомида диний таълим ва тарбия беришни кўрсатиб ўтиши, ҳамда ташкилотни адлия вазирлигидан рўйхатдан ўтказиши кифоя. Бундай таълим бериш учун таълим вазирлиги, муфтият ёки бошқа бир органлардан рухсат ёки лицензия талаб қилинмайди. Таълим дастурини бирор жой билан мувофиқлаштириш ҳам шарт эмас.

Яндекс харита биргина Москва шаҳрида православ динига оид 174 якшанба мактабларини (воскресная школа) борлигини кўрсатди. Уларда болалар 1,5 ёшдан диний таълим ва тарбия олишлари мумкин.

Барча масжидлар қошида мадрасалар ташкил қилинган бўлиб, уларда ёш болалар, аёллар ва катталар учун диний таълим дарслари мавжуд. Ундан ташқари, ўнлаб МРОМ лар томонидан пуллик ва бепул курслар ташкил қилинган. Москва шаҳрининг ўзида “ДАР”, “Седьмое поколение”, “Шайх Муҳамммад Содиқ Муҳаммад Юсуф”, “Имом Бухорий” номидаги мадрасалар, “Ойша” аёллар клуби ва ўз ичига мусулмон болалар учун боғча, мактаб ва мадрасани қамраб олган “Рисолат” диний бирлашмалари фаолият кўрсатмоқда.

2010 йилдан бошлаб Россия умумтаълим мактабларининг 4 ва 5 – синфларида “Диний маданият ва дунёвий этика асослари” (Основы религиозных культур и светской этики) курси ўтилиши йўлга қўйилган. Курс қуйидаги 6 модулдан иборат:

  • Православ маданияти асослари;
  • Ислом маданияти асослари;
  • Буддизм маданияти асослари;
  • Иудаизм маданияти асослари;
  • Жаҳон динлари маданияти тарихи;
  • Дунёвий этика асослари.

Ўқувчи ота-онасининг танлови асосида юқоридаги модуллардан бири бўйича дарс олади. Дарслар диний ташкилотлар ходимлари эмас, мактаб педагоглари томонидан ўтилади. Ҳужжатларда ёзилишича, курснинг асосий мақсади – ўқувчиларда дин жаҳон маданиятининг энг муҳим таркибий қисми эканлиги ҳақидаги тушунчани шакллантириш, уларда толерантликни тарбиялаш, ўз-ўзини аниқлаш ва дунёқарашни онгли танлаш қобилиятини ривожлантириш.

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация