Мақола

1 383 08/06/2023

“Яхшилик унутилмайди”, дейишади. 1970 йилда Доғистоннинг бир қанча туманларида кучли зилзила рўй бериб, минглаб одамлар бошпанасиз қолди. Бошқа республикалардан келган минглаб қурувчилар қатори Махачқала шаҳрини тиклашда ўзбек бинокорлари ҳам иштирок этишган эди.

Махачқаланинг “Ўзбекистон” микрорайонида 1970 йилда Доғистонда рўй берган зилзиладан кейин ёрдам кўрсатган қардош халққа ҳурмат сифатида ўзбек қурувчиларига бағишланган ёдгорликнинг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Маросимни Федерация Кенгашининг Фан, таълим ва маданият масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Илёс Умаханов очди.

“50 йилдан кўпроқ вақт олдин бошимизга Доғистон республикаси ҳудудининг 25 фоизини қамраб олган табиий офат келган эди. Ундан 280 та аҳоли пункти жабр кўрганди. Ўшанда  бизга катта ёрдам кўрсатилган, бироқ илк ишчи-қурувчилар гуруҳи ўзбекистонликлар эди. Қардош миллат вакиллари доғистонликлар учун 23 минг кв.м уй-жой қуриб беришган эди”, — дейди миннатдорлик билан у.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев Ўзбекистон қурувчиларига кўрсатилган ҳурмат-эҳтиром учун шаҳар раҳбарияти, пойтахт аҳолисига ташаккур изҳор қилди.

“1966 йилда мамлакатимизда даҳшатли фожиа юз берганида, халқимизга ёрдам беришда доғистонликлар ҳам катта ҳисса қўшган. Бугунги кунга қадар шаҳримиздаги кўчалардан бири Доғистон деб аталади. Қардошлик ришталаримизни мустаҳкамлаган инсонларни ёдга оламиз ва хотирасини ҳурмат қиламиз”, — деди у.

Ёдгорликнинг очилиш маросимида  пойтахт мэри Юсуп Умавов доғистонликларга ҳалигача хизмат қилаётган биноларни барпо этган Ўзбекистон делегациясининг ҳиссасини доғистонликлар асло унутмаслигини таъкидлади.

“Тошкентлик қурувчилар вақтни бой бермай, катта иштиёқ билан Махачқаланинг жануби-ғарбий қисмида умумий майдони 23 минг 440 квадрат метр бўлган иккита 90 ва бешта 60 хонадонли беш қаватли уйлар,  савдо маркази, 280 ўринли болалар боғчаси, ёрдамчи объектлардан иборат турар жой массиви қуришга киришдилар. Янги пайдо бўлган шаҳар тумани “Ўзбекистон” деб номланди”, деди мэр йиғилганларга.

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация