Мақола

842 09/10/2023

Бу иқтисодиётнинг ушбу тармоқларида мигрантлар сонининг кўпайишини тўхтатиб, россияликларни қўшимча иш билан таъминлайди, дейилади унинг изоҳида.

“Справедливая Россия – За правду” партияси етакчиси Сергей Миронов бошчилигидаги бир гуруҳ депутатлар Давлат Думасига хорижий фуқароларнинг мактаб, такси ва тиббиёт муассасаларида ишлашини тақиқловчи қонун лойиҳасини тақдим этди. Ҳужжат Дума маълумотлар базасида жойлаштирилган.

Қонун лойиҳаси “Россия Федерациясида хорижий фуқароларнинг ҳуқуқий мақоми тўғрисида”ги қонунга ўзгартиришлар киритишни назарда тутади. Амалдаги қоидаларга мувофиқ, Россия Федерацияси ҳукумати ҳар йили меҳнат бозорининг минтақавий хусусиятларини ва Россия Федерацияси фуқароларини иш билан таъминлашнинг устуворлигини ҳисобга олган ҳолда, Россия Федерацияси иқтисодиётининг турли соҳаларида хорижий ишчиларнинг рухсат этилган улушини белгилаш ҳуқуқига эга. “Қонун лойиҳасида чет эллик ишчиларнинг малакасиз меҳнати фойдадан кўра кўпроқ зарар келтириши мумкин бўлган энг нозик ижтимоий соҳаларга мигрантларни жалб қилишни тўлиқ тақиқлашни таклиф қилади”, — дейилади тушунтириш хатида.

Ташаббус муаллифлари аниқлик киритишича, қонун лойиҳаси мигрантларни давлат ва шаҳар соғлиқни сақлаш тизими муассасалари ва ташкилотларида, мактаб таълим тизимида тиббий хизматлар кўрсатишга жалб этишни тақиқлайди. Шунингдек, муҳожирларни дори воситалари савдоси соҳасида ишга жойлаштиришни тақиқлашдан ташқари, уларни гўёки “муҳожирлар иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисалари, жумладан, ўлим ҳолатлари айниқса кўпайган”и учун йўловчи такси ва юк ташишда ишлашга жалб этмаслик таклиф қилинмоқда.

Депутатлар, қонун лойиҳасининг амалга оширилиши иқтисодиётнинг ушбу тармоқларида мигрантлар сонининг кўпайишини тўхтатиш, Россия Федерацияси фуқароларини қўшимча иш билан таъминлаш имконини беришини иддао қилмоқда.

Бундан ташқари, қонун лойиҳасида Иқтисодий фаолият турларининг Бутунроссия классификаторида назарда тутилган иқтисодий фаолиятнинг ҳар бир тури учун хорижий ишчиларнинг рухсат этилган улушини ходимларнинг умумий сонининг 5 фоизигача чеклаш таклиф этилади.

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация