Мақола

746 18/11/2022

Дунё аҳолиси ярим асрдан камроқ вақт ичида икки бараварга кўпайди ва 12 йил олдин бу кўрсаткич 7 миллиардни ташкил этган бўлса, 9 миллиардга етиши 14,5 йил давом этиши тахмин қилинмоқда.  

15 ноябрь куни ҳисоб-китобларга кўра, дунё аҳолиси 8 миллиард кишига етди, деб хабар берди БМТ янгиликлар хизмати.

Дунё аҳолисининг икки баравар кўпайиши учун ярим асрдан камроқ вақт керак бўлди: 1974 йилда Ер юзида 4 миллиард одам бор эди. 12 йил ичида 7 миллиарддан 8 миллиардга кўтарилди.

Аммо кейинги 9 миллиардлик маррага эришиш учун тахминан 14,5 йил (2037 йилгача) керак бўлади. Бу эса глобал ўсишнинг секинлашишини акс эттиради. Дунё аҳолиси 2080 йилларда 10,4 миллиардга етиши керак, шундан кейин у 2100 йилгача бу даражада қолиши мумкин.

Бирлашган Миллатлар ташкилотининг Аҳолишунослик жамғармаси аҳоли ўсишининг қарийб 70%и даромади паст ва ўртадан пастроқ бўлган мамлакатлар ҳисобига тўғри келишига эътибор қаратди. Ва 8 миллиарддан 9 миллиардга кўтарилиш жараёнида юқоридаги даромадга эга бўлган икки гуруҳ мамлакатларида глобал ўсишнинг 90%дан ортиғини ташкил этиши кутилмоқда.

Яна бир муҳим тенденция мамлакатлар аҳолисининг ёш таркибига тегишли. Мутахассисларнинг фикрича, 2050 йилгача бўлган даврда 65 ёшгача бўлган аҳоли сонининг глобал ўсиши фақат даромади паст бўлган мамлакатларда содир бўлади, юқори ва ўртадан юқори даромадли мамлакатларда эса фақат кексалар сони ортади.

Дунёда миллиардлаб одамлар оғир шароитларда яшайди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерришнинг таъкидлашича, аҳоли сони тез ўсишининг асосий қисми “илм-фандаги ютуқлари ҳамда овқатланиш, соғлиқни сақлаш ва санитария соҳасидаги яхшиланишлар” туфайли амалга оширилган.

Шу билан бирга, у мазкур демографик ютуқлар миллиардлаб одамларнинг оғир шароитларда яшаётгани, юзлаб миллионлар тўйиб овқатланмаслик ва ҳатто очликдан азият чекаётгани соясида қолаётганини таъкидлади.

Кўп одамлар ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлмоқдалар, жумладан урушлар ва иқлим офатлари бунга сабаб бўлмоқда. Буларнинг барчаси кескинлик ва тарқоқликнинг кучайишишга олиб келади.

Антонио Гутерраснинг фикрича, 8 миллиард одам яшайдиган дунёда “аҳоли ўсиш суръатлари энг юқори бўлган қашшоқ мамлакатлар учун ажойиб имкониятлар очилиши мумкин”. Ҳозирги демографик тенденцияларни ҳисобга олган ҳолда БМТ раҳбари ривожланган мамлакатларни камбағал ва ўртача даромади паст бўлган мамлакатларга ёрдам беришга чақирди.

БМТ соғлиқни сақлаш, таълим, гендер тенглиги ва барқарор ривожланишга йўналтирилган кичик инвестициялар ҳам иқтисодиёт ва одамлар ҳаётини ўзгартириши, аҳоли сони ортиши билан инсоният дуч келиши мумкин бўлган кўплаб муаммоларни ҳал қилиши мумкинлигини таъкидлайди. Бу ҳақда “Газета.уз” маълумот берди.

Rossiya, migrantlar: Ko‘rinishga qarab yoqmaganni qaytarishyapti

Навигация