Кадрлар танқислиги Россиянинг етакчи ритейлерларидан бири бўлган “Магнит”ни Россияда қонуний ишлаш ҳуқуқига эга бўлган хорижий фуқаролар орасидан янги ходимларни излашга мажбур қилди. Бу тажриба компаниянинг Татаристондаги дистрибютор марказида бошланиб, 40 нафар Ўзбекистон фуқароси иш билан таъминланади. Ишга қабул қилиш “Магнит” ва Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ўртасидаги келишувга мувофиқ амалга оширилади.
Таъкидлаш жоизки, Татаристонда жойлашган ва унинг ҳудудида фаолият юритувчи компаниялар мигрантларни ишга жойлаштириш масалаларида Ўзбекистон билан фаол ҳамкорлик қилмоқда. Масалан, КАМАЗ ҳам шу йўналишда иш олиб бормоқда. Ўзбекистон билан ҳамкорлик Татаристон Республикаси раҳбарияти даражасида қўллаб-қувватланмоқда.
“Магнит” ходимларининг умумий сони 355 минг кишини ташкил қилади. Шундай қилиб, биринчи 40 нафар муҳожир компаниянинг умумий ходимларининг кичик улушини, 0,01% дан сал кўпроқни ташкил қилади. Бироқ, келажакда чет эллик ишчилар улуши ортади.
“Магнит” Қирғизистон ва Тожикистон фуқароларини ишга жойлаштириш имкониятларини кўриб чиқишга, шунингдек, бошқа мамлакатларда, жумладан, Ҳиндистонда ҳам янги ходимларни фаол излашга тайёрлигини маълум қилди. Бу, асосан, юк кўтарувчилар ва омборчилар каби линия ходимларини ёллаш билан боғлиқ.
Биринчи муҳожирлар Татаристонга 2023 йилнинг ноябрида келади ва компания уларнинг шароитга мослашиши учун барча зарур шарт-шароитларни таъминлаш мажбуриятини олади.