1 743 20/07/2023

Сиз юк машинаси ёки тиркамали юк машинаси ҳайдовчисисиз ва Европа мамлакатларида ўз касбингиз бўйича ишлашни узоқ вақтдан буён орзу қиласиз! Аммо…бунинг учун нималар қилиш керак, қандай босқичлар сизни кутмоқда, қанча харажат қилиш керак, “беминнат” хизматини таклиф қилувчилар ёрдамисиз ҳам Европада ишласа бўладими? Иш шартномаси юбора оладиган компания ёки фирмани мустақил равишда топиш мумкинми, деган саволларга ҳар хил кишиларнинг турлича гап-сўзларидан бошқа тайинли жавобнинг ўзи йўқ, шундайми? У ҳолда ушбу кўрсатув айнан сиз учун.

Ассалому алайкум migrant.uz портали кузатувчилари! Сизлар билан экран орқали учрашиб турган мустақил журналист ва фура ҳайдовчиси Толиб Раҳматов.

Мен келгуси бир неча туркум кўрсатувларда Европада тиркамали юк машинаси, яъни халқона тилда айтганда фура ҳайдаш учун қандай қилиб Ўзбекистондан келиш мумкинлиги, Европада бошқа мутахассисликларда ҳам ишлаш мумкинми-йўқми, қандай қилиб катта харажат қилмай, босқичма-босқич равишда, кимларгадир кўрсатган беминнат хизматлари учун “қўл ҳақи” бермасдан келиш мумкин ёки эмаслиги ҳақида сўзлаб бераман. Ва албатта, Европада “фура ҳайдамоқчи бўлганлар учун” ҳаракатлар режаси ҳамда беларуслик ҳайдовчининг маслаҳатлари, қолаверса, ҳайдовчини бу ерда нималар кутаётгани, “фура” ҳайдашнинг яхши ва ёмон томонлари, хавф-хатарлари ҳақида ҳикоя қиламан.

Илк кўрсатувим эса, менинг қандай қилиб Европага келишим хусусида бўлади.

Мен 2018 йилдаёқ соҳамни ўзгартиришни ўйлай бошладим. Ўзим дунё кўриш, саёҳат қилишни яхши кўрганим боис, қандай қилиб ҳам ишлаб, оддий қилиб айтганда, ҳам тирикчилик қилиш, шу билан бирга, дунёни кўриш хусусида кўп ва хўп ўйладим. Ва мен Европада “фура ҳайдаш” қўҳна қитъа мамлакатларини ичкаридан томоша қилиш имконини беради, деган хулосага келдим. Шундан сўнг, илк қилган ишим интернет тармоғи орқали қидирув платформаларидан фойдаланган ҳолда Европада тиркамали юк машиналари ҳайдовчилари учун иш эълонлари, уларнинг даромадлари, иш тартиби, ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳақидаги бирламчи маълумотларни ўрганиш бўлди.

Шунингдек, мақсадим сари амалий иш тиркамали юк машинасини ҳайдаш учун рухсат берувчи “Е” тоифани олиш бўлди. Бу ҳам осон кечмади. Биринчи галда, бу тоифа учун сизда “ВС” тоифа бўлиши талаб этилади. Мен бу тоифани 2007 йилда олганим боис “Е” тоифа ўқув курсини топиш ҳамда имтиҳонлардан муваффақиятли ўтишим зарур эди, холос.

Изоҳ: Сизда “ВС” тоифа эмас, фақат “В” тоифа бўлса, аввало “С” тоифани олиш керак бўлади. Шундан сўнг, амалдаги қонунчилик бўйича камида бир йил расман юк машинаси ҳайдашингиз талаб этилади ёки номингизда 3,5 тоннадан юқори юк кўтарувчи транспорт воситаси бўлиши зарур. Шундагина сиз “Е” тоифаси учун ҳужжат топшира оласиз.

2021 йил октябрида ушбу тоифани олишга муваффақ бўлдим. Энди навбатдаги қадам, яъни Европадан менга ишчи виза юбора оладиган компания топиш зарур эди. Бу борада ҳам бир неча компанияларни интернет орқали топиб, уларнинг электрон почта ҳамда ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали боғланишга муваффақ бўлдим. Қандай ҳужжатлар зарурлиги бўйича маълумотномаларни олдим. Булар қуйидагилар эди:

  1. Чип карта. (Тиркамали юк машинаси тахографида ҳайдовчининг меҳнат интизомига, яъни иш соатларига қатъий риоя қилишини қайд этиб борувчи махсус карта).
  2. Код-95 сертификати. (Бу сертификат Европа йўлларида тиркамали юк машинасини бошқариш ҳуқуқини беради. “С” тоифасини 2009 йил 9 сентябргача олган ҳайдовчи Код-95 учун 1 ҳафталик қисқа курсда, 2009 йил 9 сентябрдан кейин “С” тоифасини олган ҳайдовчи 1 ой муддатда ўқиши талаб этилади).
  3. ADR-сертификат. (Бу инсонлар ҳаёти, соғлиги, атроф муҳит ва экологияга турли даражада хавфли бўлган юкларни ташиётган транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини берувчи гувоҳнома).
  4. Цистерна сертификати. (Бунга ADR-сертификатни олгач ўқиш мумкин бўлади. Иккиси ҳам қисқа муддатли ҳисобланади).

Юқоридаги биринчи ва иккинчи ҳужжат энг асосийлари ҳисобланади. Мазкурларни қўлга киритгач, сиз бемалол Европа компанияларига мурожаат қилишни бошлайверсангиз бўлади. Албатта, бу ҳужжатларсиз ҳам “СЕ” тоифали ҳайдовчи Европага боришга ҳаракат қилиши мумкин. Аммо, юқоридаги икки ҳужжат муҳим ўрин тутади. Буларни Европада олиш Ўзбекистонда олишдан бир неча баробар қимматлиги, яшаш ҳам ўзига яраша харажат талаб қилишини инобатга олсак, Чип карта ва Код-95 сертификатини Ўзбекистонда олишни тавсия қилган бўлардим. Имкон бўлса, ADR-сертификат ҳамда Цистерна сертификатини ҳам олган маъқул. Чип картани Тошкент шаҳрида Олой бозори яқинидаги қуйидаги манзил бўйича расмийлаштириш мумкин. Тўлови 1,5 млн сўм атрофида. 10 кундан 40 кунгача муддатда чип картангиз қўлингизда бўлади.

Манзил: Тошкент шаҳри, Амир Темур кўчаси, 6 уй.

Код-95 учун “Миллий” стадион қаршисида, Қизил Ярим Ой жамияти биносининг ёнидаги “Билиминтертранс” жамиятида ўқиш мумкин бўлади. 1 ҳафталик ўқиш нархи 800 минг сўм атрофида. Хавфли юкларни ташиш учун рухсат берувчи ADR-сертификати (бу ҳам 800 минг сўм атрофида) ҳамда цистерна сертификати (400 минг сўм атрофида) учун ҳам айни ўқув курси ўз дарсларини таклиф этади.

Манзил: Тошкент шаҳри, Бунёдкор шох кўчаси, 44 уй.

Яна бир нарсага эътибор қаратишни истардим. Айримлар чип карта ва сертификатларни Қозоғистон ёки Россиядан олишни таклиф қилади. Аммо, улар таклиф қилаётган бирмунча арзонроқ нархга учмасликни тавсия қилган бўлардим. Чунки, Европада тиркамали юк машинаси бошқариш жараёнида бирор ҳужжатингиз бошқа бир давлатда олинган бўлса ва буни йўл ҳаракати хавфсизлиги инспектори аниқлагудек бўлса, у бу ҳужжатларни тан олмаслиги, сизга каттагина жарима солиши ҳамда транспорт воситасини жарима майдонига қўйиши эҳтимоли катта.

Хуллас, ушбу тўрт ҳужжат ҳамда тиркамали юк машинасини бошқарганингизни расман тасдиқловчи ҳужжат бўлса, сиз бемалол Европа компанияларига мурожаат қилсангиз бўлади.

Менинг CargoGO компаниясига мурожаат қилишимда ўзбекчилик анъаналари ёрдамга келди. Европада “фура” бошқараётган қўшним CargoGo компанияси Ўзбекистонда ўз офисини очгани ҳамда фаол тарзда тиркамали юк машинаси ҳайдовчиларини ёллаётганини маълум қилиб, фирма контактларини берди.

Ушбу компания бугунги кунда Тошкентда ҳамда Фарғонада ўзининг маҳаллий офисларини ташкил этган бўлиб, ҳайдовчиларни саралаш босқичини бевосита Ўзбекистонда амалга оширмоқда.

Шу ўринда қайд этиш керак, сиз айни компанияга эмас, балки мустақил равишда бошқа логистика компанияларини топишингиз ва улар орқали ҳам Европага “фура” ҳайдаш учун келишингиз мумкин.

Менинг ушбу компанияга мурожаатим ва Европага келишим роппа-роса бир йилга чўзилди. Буни аввало пандемиядан кейин консулликларда виза учун мурожаатлар сони кескин кўпайгани ва навбатнинг ҳаддан ортиқ чўзилиб кетгани билан изоҳлашди. Қолаверса, бугунги кунда компанияга мурожаат қилувчи ўзбек ҳайдовчилари сони анчагина.

Албатта, томошабинни мен Европага келишим учун қанча харажат қилганим қизиқтириши табиий. Ҳа, харажат қилдим. Фақатгина юқорида айтганим чип карта, сертификатларни олиш, талаб этилган ҳужжатларни Ягона давлат хизматлари марказидан олиш ва зарурларини таржима ва апостил қилдириш, Консуллик виза йиғими ҳамда авиачипта учун харажат қилдим, холос. На компания мендан бирор сўм талаб қилди, на мен уларга пул таклиф қилдим ёки пул бердим.

CargoGo менга меҳнат шартномаси ҳамда виза учун таклифнома тақдим этгач, муддати келганида Литва республикаси консуллик хизматларини кўрсатувчи VFS Global фирмасининг Тошкентдаги офисига бориб, ҳужжатларни топширдим, виза йиғими учун 160 евро эквивалентида сўмда тўловни амалга оширдим. Бир ой муддатда телефонимга виза тақдим этилгани ҳақида қисқа хабар-СМС келди ва паспортимни олдим. Кейингиси авиачипта харид қилиш ва Литвадаги бош офисга келиш ҳамда 2 ойлик стажировкадан сўнг, мустақил равишда тиркамали юк машинасини бошқариш бўлди.

Бугунга мана шулар эди. Компания шартлари, қанча маош тўлаши, синов муддати ва бошқа сизни қизиқтирган саволлар учун бевосита компанияга мурожаат қилишингиз мумкин. Кўрсатувимиз бошида айтганимиз мавзулар хусусида эса, кейинги кўрсатувларда бафуржа гаплашамиз. Саломат бўлинг.

Rossiya, migrantlar: Ko‘rinishga qarab yoqmaganni qaytarishyapti

Navigatsiya