Мақола

642 29/12/2022

Ижтимоий тармоқларда фарзандини калтаклаётган ургутлик аёлнинг хатти-ҳаракати кўпчиликнинг эътирозларига сабаб бўлмоқда. Kun.uz журналисти воқеяга ойдинлик киритиш мақсадида аёл ва унинг қайнонаси билан суҳбатлашди. Онанинг руҳий ҳолатини ўрганган психолог муносабати билан ҳам қизиқди.

Ҳолат 24 декабр куни бўлгани айтилмоқда. У фарзандини уради ва Россия давлатига ишлаш учун кетган турмуш ўртоғига жўнатади. Ушбу воқеа интернетда тарқалган куни кечаси ушбу хонадонга туман ҳокимлиги мутахассислари, тиббиёт ходимлари етиб боради.

Айни пайтда аёл ва унинг икки фарзанди туман тиббиёт бирлашмасига олиб келинган. Шифокорларнинг айтишича, калтакланган қизалоқнинг аҳволи яхши, ҳеч қандай жароҳат олмаган.

Аёл суҳбат давомида турмуш ўртоғи билан сўнгги пайтларда келишмай қолгани, уни кўп ҳақорат қилиши ҳақида гапирди. Ўша куни ҳам ўртада оғир гаплар айтилгач, ўзини тўхтата олмай қолганини маълум қилди у.

“Ҳамма ота-она ҳам фарзандини уриши мумкин. Бироқ мен турмуш ўртоғимга аччиқ қилиб бундай қилганимдан қаттиқ афсусдаман. Болаларимни жонимдан ортиқ яхши кўраман. Энди эрим билан яшамаган тақдиримда ҳам болаларимни олиб кетаман ва ҳеч қачон уларга тазйиқ ўтказмайман. Қаттиқ асабийлашдим, шу сабабли ўзимни тўхтата олмай қолдим”, – деди аёл.

Маълум бўлишича, ҳозиргиси аёлнинг иккинчи турмуши бўлиб, биринчи турмушидан фарзанд кўрмаган. Дастлаб эрининг бир нафар фарзандини тарбиялаб бошлаган. Шундан сўнг ўзи ҳам тўрт нафар фарзанд кўрган. У агар ажрашган тақдирда ҳам нафақат ўз болалари, балки ўгай фарзанди розилик билдирса, уни ҳам қарамоғига олмоқчилигини билдирди. Болаларисиз яшамоқчи эмас.

Биз аёлнинг қайнонаси билан ҳам суҳбатлашдик. Онахон келинининг рўзғори алоҳида экани, унинг оила тутумидан ҳеч қандай норозилиги йўқлиги билдирди. Бироқ набираларига зуғум ўтказганига чидай олмаслигини айтди.

“Келинимнинг менга ҳеч қандай оғирлиги тегмайди. Болаларини урмаса, эри билан иноқ бўлиб яшаса бўлди. Ана, ўзлари алоҳида кўчиб чиқишган, тинчгина яшашсин”, – деди Қ.Исломова.

Боласини калтаклаган аёл билан суҳбатлашиб, унинг руҳий ҳолатини ўрганган психолог Фароғат Шукурова ҳам ўз хулосасини берди.

“Суҳбат давомида тушундимки, ўша куни турмуш ўртоғи билан жиддий тортишиб қолган. Аламини ёнида турган боласидан олган, эрига ниманидир исботламоқчи бўлган. Бу кучли руҳий ҳолатдан келиб чиққан. Чунки ўша пайтдаёқ афсуслана бошлаганини айтяпти. Ҳозир ҳам пушаймон. Болалари ҳам ундан ҳайиқаётгани, қўрқаётгани йўқ. Она айни вақтда болалари учун хавфли эмас, деб ўйлайман. Бироқ ҳали бутунлай руҳий тушкунлик, ҳаяжонлар аёлни тарк этмаган. Камида йигирма кун давомида унинг ёнида яқинлари, оила аъзолари бўлиши, руҳшуноснинг далдаси ҳам керак бўлади”, – деди психолог Шукурова.

Ургут тумани ҳокимининг ўринбосари, оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Гулшода Нуриддинова ҳам аёл ва болаларининг руҳий ҳолати, соғлиғи назоратга олинганини билдирди.

Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизмати ҳолат юзасидан Г.О.га нисбатан Жиноят кодексининг 110-моддаси 2-қисми ва 112-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йилнинг июн ойида Пайариқ туманидаги шифохонада худди шундай ҳолат кузатилганди. Бемор фарзандини калтаклаган онага кейинчалик суд ҳукми ўқилиб, унга нисбатан икки йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланганди.

Исомиддин Пўлатов,
Kun.uz мухбири.

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация