Келгуси йилнинг 1 январидан бошлаб Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги пост-патруль хизматлари фаолиятида «Е-патруль» тизими босқичма-босқич жорий этилади. Бу ҳақда ҳукуматнинг 22 июлдаги қарорида сўз боради.
Шунингдек, фуқарони шахсини аниқлаш учун ички ишлар бўлимига олиб бориш амалиётидан воз кечилади. Барча маълумотлар планшетларда бармоқ изларини ёки фотосуратини таққослаш орқали текширилади ва патруль-пост ходими фаолияти «бодикамера»га тасвирга олинади.
Ходимлар қуйидаги ҳолларда фуқарони тўхтатиши ва шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар ёки «Е-патруль» тизими орқали уларнинг шахсини аниқлаши мумкин:
шахс жиноят ёки ҳуқуқбузарлик содир этган ёхуд қидирувда деб гумон қилишга асос бўлса, ️шахсни содир этилган жиноят ёки ҳуқуқбузарлик ҳақида маълумотга эга деб ҳисоблаш мумкин бўлса;️шахсни ушлаб туришга бошқа қонуний асослар бўлса.
Ходим шахсни тўхтатганда уни тўхтатганлик сабаблари ва асосларини тушунтириши шарт.
Фуқаро билан мулоқот қилишда ходим этика қоидаларига риоя қилиши ҳамда ҳурматсизликка йўл қўймаслиги, шу жумладан мобил телефонда гаплашмаслиги керак. Шу билан бирга, ходим «ҳушёр бўлиши», ўзини хотиржам тутиши ва «ҳар қандай кутилмаган ҳаракатга тайёр» бўлиши лозим.
Бодикамера ходимнинг хизмати бошланганидан то охиригача ёқилган бўлиши керак. Уни рухсатсиз ечиш ҳамда аудио ва видео ёзувлар қўйиш тақиқланади.
Бодикамераларда туширилган ёзувлар жиноятлар бўйича беш йил, маъмурий ҳуқуқбузарликлар ва назорат-текшириш фаолияти учун — бир йил, жиноят ва ҳуқуқбузарлик белгилари бўлмаган бошқа ҳолатлар учун — бир ой сақланиши керак.
Бодикамералар 2018 йил 1 июлдан йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари учун мажбурий этиб белгиланган эди.
Ҳайдовчиларга камерасиз хизмат олиб бораётган ходимларга ҳужжатларни тақдим этмаслик ҳуқуқи берилган.