Мақола

391 25/12/2022

Хуллас, футбол оламининг энг асосий воқеаси якунланди. Мен хам кўпчилик ватандошларим қатори Аргентинанинг ғалабасидан жуда-жуда хурсанд бўлдим. Зотан, биз бутун оиламиз билан Аргентинанинг ғалабасини хохлаган эдик.

Лекин, ўзимизнинг миллий жамоамиз чемпионатда қатнашмагандан кейин, кимнинг кимга ишқибозлик қилишининг нима ахамияти бор… Майдонда уларнинг мадҳияси янградику…

Аммо, хар нарсада ҳикмат борлигини ҳисобга олсак, бундай йирик футбол мусобақасидан хам ақлли инсонлар учун ўрганса арзигулик муждалар бордек менинг назаримда.

Мисол учун, иқтисодий жиҳатдан унча кучли бўлмаган Уругвай, Сенегал, Эквадор, Тунис, Коста-Рика, Хорватия, Гана ва Марокаш каби  давлатларларни  жахон чемпионатига кимлар олиб чиқди ва уларнинг шарафини жаҳон аренасида кимлар химоя қилди, деган саволни ўртага ташласакда ва ўзимиз бу саволга жавоб беришга харакат қилсак.

Юқорида санаб ўтилган терма жамоалар таркибида чет давлатларда, асосан Eвропа давлатларининг eтакчи футбол клубларида тажриба ортирган жуда кўп ўйинчилар борлигини кўрамиз. Менимча, айнан ўша чет элдан келган ўйинчилар ўз командаларининг ғалабага эришишида муҳим рол ўйнадилар. Уларнинг кўпчилиги пул учун эмас, аксинча она ватани шон-шарафини кўтариш учун майдонга тушганликлари хеч кимга сир эмас.

Зеро, уларнинг кўпчилиги молиявий жихатдан ўзига тўқ ва дунёда таниқли инсонларга айланиб улгурган. Миллиардлаб бойлик сохиблари бўлган Лионэль Андрэс Мэсси ва Криштиану Роналду каби мега-юлдузлар хам ўзлари туғилган юртлари байроқлари остида майдонга тушишди.

Миллий жамоаларини чемпион қилиш учун қўлларидан келганларича харакат қилишди, танасидаги бор кучларини ва бор махоратларини ишга солишди. Жамоадошлари билан биргаликда ғалабаларидан рухланишди ва мағлубиятларидан кўзларига ёш олишди.

Бундан хулоса қилиб шуни айтишимиз мумкинки, инсон қаерда яшашидан, нима иш қилишидан ва қанчалик бой ёки обрўли бўлишида қатъий назар, вақти келганида албатта ватани учун хизмат қилишни, ватанига ва ватандошларига фойдаси тегишини истайди.

Хўш, ўша миллий командалар чет элда тажриба ортирган ўйинчиларсиз дунё аренасида шундай махорат билан тўп сураолишармиди?

Футбол оламини ларзага солган Хорватия 3-чи, Марокаш 4-чи ўринга чиқаолишармиди?

Аргентина Мессисиз ва у каби Eвропа клубларида қатнашувчи ўйинчиларсиз жахон чемпиони бўлаолармиди? Менимча йўқ!

Мaна энди, мақсадга ўтамиз. Фараз қилингизлар, Ўзбекистон иқтисодини футболга қиёслаб кўрайлик. Ўттиз йилдан ошдики, миллий “ўйинчилар”- кадрлар Ўзбекистон иқтисодини жаҳон даражасига олиб чиқишга харакат қилишмоқда. Албатта ривожланиш ва ўзгаришлар бор, буни хеч ким инкор қилмайди.

Лекин, Ўзбекистон дунёнинг ривожланган давлатлари қаторига қўшилиши халигача орзулигича қолмоқда. Биз ҳаттоки, Марказий Осиёда биринчимиз деб хам айтаолмаймиз.

Менимча, худди футболдаги каби, чет элларда тажриба ортирган ва ўз сохаларида малум ютуқларга эришган ватандошларимизни ватанга чақириш пайти келди. Бугунги кунда ривожланган давлатларда фаолият кўрсатаётган ўзбеклар орасида eтук инженерлар, врачлар, ҳуқуқшунослар, молия-банк ходимлари ва бошқа кўплаб сохалар мутахассисларининг борлиги ватанимиз учун бебаҳо бойликдир.

Беш ёки ўнта мутахассисларни ватанга қайтариш билан катта ўзгаришлар қилиш мушкул, минглаб мутаххассисларни ватанга чорлаш керак. Уларни иш билан таминлаб, зарур ваколатларни бериш даркор. Мен шунга аминмаки, бегона юртларда катта ютуқларга эришган ва натижалар кўрсата олган инсонлар, албатта ўз ватанларида бунданда юқори натижалар кўрсата олишса не ажаб.

Шахсан мен ўзим, Канада Инфратузилма Департаментида автомобил йўлларини лойихалаш ва қуриш бўйича катта лойиҳа менежериман. Канадада саноат, ишлаб чиқариш, савдо иншоатлари, турар-жойлар бинолари ва автомoбил йўллари қурилиши муҳандислиги ва лойиҳаларни бошқариш бўйича кенг кўламли тажрибага эгаман.

Ўзбекистон фарзанди сифатида ватанимда жаҳон стандартлари даражасида автомобил йўллар қуришни истайман, ва буни амалга ошириш учун билим, тажриба ва салохиятга эгаман.

Мен каби ватанига хизмат қилишни хохлайдиган ўзбеклар чет элларда минглаб топилади.

Ўзбекистон олий рахбарияти бизларни ватанга чақирингизлар, майдонга тушишимизга ва ўзимизни кўрсатишимизга имкон берингизлар!

Биз сизлар билан биргаликда Ўзбекистонни дунё шоҳсупасига олиб чиқишимизга ишонаман!

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация