Мақола

1 419 10/06/2023

Яна мамлакатда муҳожир ишчилар сонини қисқартиришга чақирилди.

7 июнь куни “Парламентская газета”да ўтказилган давра суҳбатида муҳожир ишчиларга қабул қилувчи томонидан бўладиган муаммоларнинг олдини олиш учун мустақил равишда ва қисқа вақт ичида Россияда миграция рўйхатидан ўтиш имконияти берилиши кераклиги ёзилган. Шу билан бирга, қатнашчилар томонидан мажбурий геномик рўйхатга олишни жорий этиш орқали назоратни кучайтириш, муҳожирлар сонини камайтиришга интилиш ҳам бу соҳада самарали сиёсатни ташкил этиши таъкидлаб ўтилган.

2022 йилда Тергов қўмитаси маълумотларига кўра, мигрантлар содир этган жиноятлар ҳақида 4,7 мингта хабар келиб тушган. Бу 2021 йилга нисбатан қарийб уч баробар кўпдир. Ўта оғир жиноятлар сони қарийб беш баробарга ошган. Россия Тергов қўмитасининг Москва бўйича бошлиғи биринчи ўринбосари Виталий Саксиннинг сўзларига кўра, бу йил қотилликлар сонининг пасайиш тенденцияси кузатилмоқда, аммо номусга тегиш бўйича статистик маълумотлар ҳали ҳам кўп.

Бундан ташқари, муҳожирлар орасида коррупция жиноятлари тез-тез аниқланиб, улар экстремистлар ва террорчилар билан алоқадорликда ҳам айбланмоқда.

“Россияда, қонунчилик нуқтаи назаридан, ҳалол яшаш ва ишлашни хоҳлайдиган ташриф буюрувчилар учун қулай шароитлар яратилган, қолганлари учун эса масъулиятдан қутулишга имкон бермайдиган механизмлар мавжуд”, дейди Давлат Думасининг хавфсизлик бўйича қўмитаси раиси ўринбосари Анатолий Виборний. Унинг айтишича, 2021 йилда узоқ муддатга келувчиларнинг бармоқ изларини мажбурий текшириш бўйича қонун қабул қилинган. Ҳозир уларни геномик рўйхатга олиш масаласи муҳокама қилинмоқда. “Бу жиноятчиларни, ҳатто улар ниқоб ва қўлқопда ишлаган бўлса ҳам, тезроқ ва аниқроқ қидиришга ёрдам беради, шунингдек, илгари чиқариб юборилган қонунбузарларнинг ватанларида ҳужжатларини ўзгартирган тақдирда ҳам мамлакатимизга қайтишига йўл қўйилмайди”, – дейди Виборний.

Жорий йилнинг май ойидан бошлаб жиноят ишлари бўйича гумонланувчилар учун мажбурий геномик рўйхатга олиш жорий этилди, бу амалиётни мигрантларга ҳам кенгайтириш яхши профилактика чораси бўларди, деди Виталий Саксин.

Унинг сўзларига кўра, меҳнат муҳожирларининг жиноятларини тергов қилиш чоғида терговчилар айбланувчининг мамлакатдаги барча йўлларини ўрганиб чиқади ва қайсидир босқичда қонунбузарликлар аниқланса, улар маълумотларни Ички ишлар вазирлигига топширади.

Муҳожирларнинг мутлақ кўпчилиги қонунга бўйсунувчи шахслар, улар орасида жиноятчилик даражаси бутун мамлакатдагидан уч баробар паст, дейди Россия меҳнат мигрантлари касаба уюшмаси раиси Ренат Каримов. Унинг сўзларига кўра, жиноятларнинг асосини биринчи навбатда ноқонуний миграция ташкил этади, демак уни камайтиришга ҳаракат қилиш керак. Қолаверса, тўғри ниятда келган киши ҳам идораларнинг нотўғри ишлаши сабабли осонликча ноқонуний муҳожирга айланиб қолиши мумкин.

Каримов шундай изоҳлайди: “Иш берувчининг вазифаси ўз ходимини рўйхатга олишдир, кўпинча тадбиркорларимиз буни бажармайди. Квартира эгалари эса муҳожирларни рўйхатдан ўтказмайди, бу эса уларнинг қонунни бузишига олиб келади”. Шу сабабли, мигрантлар касаба уюшмаси келувчиларга уй эгасисиз ўзларини қайд этиш имкониятини беришни таклиф қилди. Бу одамни иш берувчининг ёки уй эгасининг хоҳишига қарам қилмаслик имконини беради.

Бундай фикр аллақачон кўриб чиқилмоқда, деб ишонтиради ИИВ Бош бошқармаси миграция масалаларининг Москва бўйича бошлиғи Дмитрий Сергиенко. Ҳозир, унинг сўзларига кўра, Россияда муҳожирнинг қайд этилиши олдинги вақтдан осонроқ. Аммо хавфсизлик кучлари хорижликларни сохта рўйхатга олиш билан курашмоқда ва қоидабузарликлар аниқланса, томонларнинг ҳар бирининг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилади, дейди Сергиенко.

Ҳудудларда этник анклавлар шаклланиб, жиноятчилик кучайиб бораётганининг асосий сабаби мигрантларнинг интеграцияга интилмаслиги, маданий ва этник мувозанатнинг бузилиши, деб ҳисоблайди Президент ҳузуридаги Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш аъзоси Кирилл Кабанов. “Жиноятчиликнинг кўпайиши айнан шу сабабли юзага келади. Миграция оқимини камайтириш керак, шунда биз бу соҳада нормал самарали сиёсатни қура оламиз”, деб қўшимча қилган у.

У муҳожирларни нафақат қонунларни, балки мамлакат анъаналарини беҳурмат қилгани, шунингдек, русофоблик, экстремистик, динга қарши баёнотлари учун Россиядан чиқариб юбориш керак, деб ҳисоблайди. Бу фикрлар аллақачон турли вазирлик ва идораларда муҳокама қилинмоқда, деган Кабанов ва жорий йилда мигрантлар ҳаракатини назорат қилиш бўйича янги қонун таклиф этилишини қўшимча қилган.

Гап аввалроқ Ички ишлар вазирлиги томонидан жамоатчилик муҳокамасига тақдим этилган “Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Россия Федерациясига кириши (чиқиши) ва бўлиши (яшаши) шартлари тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳақида бормоқда, деб изоҳ берган Дмитрий Сергиенко. Ҳужжат учта миграция режимини жорий этишни кўзда тутади: қисқа муддатли бўлиш – йилига 90 кунгача, узоқ муддатли бўлиш – 90 кундан ортиқ, лекин доимий яшаш ҳуқуқисиз, шунингдек, доимий прописка режими. Бундан ташқари, ҳуқуқни муҳофаза қилишнинг янги махсус режими – назорат остида қолиш таъминланади. У Россияда қолиш учун қонуний асосга эга бўлмаган, аммо маълум сабабларга кўра мамлакатда қолишга мажбур бўлган мигрантлар учун ташкил этилади. Масалан, чиқариб юбориш тўғрисидаги қарорларнинг ижроси тўхтатилганда ёки тайинланган жазони ижро этиш ёки суд жараёнларида иштирок этиш талаб қилинганда.

Ички ишлар вазирлиги янги қонун мигрантларнинг давлат органлари билан ўзаро муносабатларини содда ва тушунарли қилади, деб ҳисоблайди. Рақамли технологиялардан фойдаланиш бунга ёрдам беради ва назоратни кучайтиради.

Маълумот учун: Геномик рўйхатга олиш – бу Россия Федерацияси фуқаролари, шунингдек, мамлакатда яшовчи чет элликлар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг биологик материалларини рўйхатга олиш, сақлаш ва улардан фойдаланиш.

Биологик материал деганда инсон тўқималари ва геномик маълумотларни ўз ичига олган ДНК материаллари тушунилади.

“Россия Федерациясида давлат геномик рўйхатга олиш тўғрисида” ги қонунга мувофиқ, геномик рўйхатга олиш ихтиёрий (масалан, биологик муносабатларни аниқлаш зарур бўлса) ёки мажбурий бўлиши мумкин.

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация