Улар орасида Ўзбекистон ҳам бор.
Германия федерал ҳукумати “миграция ҳамкорлиги” доирасида бир қанча давлатлар билан миграция масалаларини фаол муҳокама қилмоқда. Асосий мақсадлардан бири ноқонуний мигрантларни ўз ватанларига жадал қайтаришдир. Ҳозирда бу музокаралар олтита давлатга тегишли: Грузия, Молдова, Кения, Колумбия, Ўзбекистон ва Қирғизистон.
Марказий Осиёнинг икки давлати – Ўзбекистон ва Қирғизистон билан музокаралар аллақачон яхши ривожланган. Ўзбекистон билан май ойида, Қирғизистон билан эса сентябрда ўзаро англашув меморандуми имзоланган эди. Бу ҳаракатлар ноқонуний қочқинлар сонини камайтириш ва Германияга иммиграциянинг қонуний механизмларини яратишга қаратилган.
Музокаралардаги асосий нуқталардан бири Колумбия билан боғлиқ вазиятни ҳал қилиш бўлди. Бу мамлакат фуқароларининг бошпана сўраган мурожаатлари сони сезиларли даражада ошди: 2018 йилдаги 140 тадан фақат 2023 йилнинг биринчи ярмида 1500 тагача.
Германия Ички ишлар вазирлиги вакилининг таъкидлашича, Грузия ва Молдова Германияда рад этилган бошпана сўровларининг 10 фоиздан ортиғи ушбу икки давлат фуқароларига тегишли бўлганлиги сабабли алоҳида эътиборга олинган. Масалан, биргина 2023 йилнинг январидан августигача Германияга Грузия фуқароларидан 7405 та, Молдова фуқароларидан 2124 та мурожаат келиб тушган. Тбилиси ва Кишинёв ҳукуматлари ҳам кейинги музокараларга тайёрлигини билдирди.