Хусусий бандлик агентликлари орқали Германияга ишлаш учун келган юзга яқин ўзбекистонлик кўчада қолди.
Икки ҳафтадан бери Мюнхен вокзалида ухлаётган ўзбекистонликлардан бири «Turon World Cooperation» хусусий бандлик агентлиги Ferienjob дастури доирасида Германияда уч ойлик иш ваъда қилганини айтади. Ўзини “Абдуллоҳ” деб таништирган шахс хизмат учун ҳар бир кишидан 700 дан 1000 долларгача пул олган. Мигрантлар фирибгарлик қурбони бўлганликларини фақат Германияга келганларида билишган.
Исмини ошкор қилишни истамаган ўзбекистонлик талаба уч ҳафтадан бери вокзалда яшаётганини айтади:
“4 июндан бери станцияда ухлаяпмиз. Биз шу ой бошида келган эдик. Бизга уч ойлик иш учун ойига камида 1000 евро олишимизни ваъда қилишди. Борганимизда бизга ваъда қилинган иш йўқ экан”, – дейди ўзбекистонлик йигит.
«Turon World Cooperation» хусусий бандлик агентлиги кўчада қолган ўзбекистонликларни Германияга ишлашга жўнатганини рад этади.
Ferienjob дастури бўйича ўзбекистонлик талабалар Германияга уч ойдан кўп бўлмаган муддатга ишлаш учун келишлари мумкин.
Бремендаги Raj Personal компанияси Ferienjob дастури бўйича чет элликларни мавсумий ишга жойлаштириш билан шуғулланади. Компания менежери Рой ван ден Хурк айрим ўзбек муҳожирлари билан боғлиқ вазиятни ачинарли деб баҳолаган.
“Ўзбекистонликлар уч ой давомида мавсумий ишларга келишлари мумкин. Талабалар бу ерда ишлайди, маҳаллий маданиятни ўрганади ва пул топади. Бу талабалар учун ажойиб имконият. Ҳозир бизда тўрт юз ўзбек ишлайди. Кейинги ҳафта яна шунча одам келади.
Лекин, баъзи ўзбекистонликлар олдиндан огоҳлантирмасдан келиб, биздан иш топиб беришимизни сўрашади. Лекин бизда улар учун иш йўқ. Кимдир бизнинг манзилимизни берган бўлса, айримларида қалбаки ҳужжатлар бўлади, буларнинг барчаси учун улардан пул ҳам олишган. Бу жуда ачинарли. Бунинг учун ҳеч қандай тўлов йўқ, бу бепул дастур. Афсуски, кимдир ундан пул ишлашни хоҳлайди. Шунинг учун биз уларга Германияга келишдан олдин биз билан боғланишларини тавсия қиламиз”, – дейди Бремендаги Raj Personal компанияси менежери Рой ван ден Хурк.
Ўзбекистонда уч йил аввал “Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида”ги қонунга киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларга кўра, хорижда иш топаётган хусусий агентликлар ўз хизматлари учун мижозлардан ҳақ ундира олмайди. Қонунга кўра, агентликлар ушбу тўловни ишчини ёллаган хорижий компаниядан олишлари керак.
Бироқ, қонунчиликдаги ўзгаришларга қарамай, хусусий бандлик агентликлари мижозлар учун нархларни оширишда давом этмоқда.
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги мутасаддиларининг таъкидлашича, қонунга киритилган ўзгартиришлар бандлик органлари ва иш берувчилар томонидан фуқароларни фирибгарлик ва алдаш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида қабул қилинган.
Ўтган йили Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган юздан ортиқ хусусий бандлик агентлигидан 50 тасининг лицензиялари бекор қилинган эди.
Ўндан ортиқ компания фирибгарлик учун жавобгарликка тортилган. 2019-2020-йилларда хусусий бандлик агентликлари ўзбекистонликларни алдагани ҳақида бир неча бор хабар берилган эди. Шундан сўнг уларнинг айримларининг фаолиятига чек қўйилиб, айримларига нисбатан жиноят иши қўзғатилган.
Ўзбекистоннинг Франкфурт-Майндаги Бош консулхонаси “Work and Travel” дастури бўйича Германияга келган, иш билан боғлиқ муаммолар ва етарли молиявий ресурслар йўқлиги сабабли Мюнхендаги марказий вокзалда тунашга мажбур бўлган Ўзбекистон фуқаролари ҳақида баёнот берди.
Ўзбекистоннинг “Turon World konsalting” компанияси маълумотига кўра, ушбу ташкилот 98 нафар Ўзбекистон фуқароларини “Work and Travel” дастури бўйича Германияга мавсумий ишларга жўнатган.
Ўзбек дипломатлари “Ҳумо” ўзбек-немис маданий жамияти фаоллари билан биргаликда воқеа жойига зудлик билан етиб бордилар ва Ўзбекистонлик ватандошлар билан ҳамкорликда 35 нафар Ўзбекистон фуқароларига ушбу ҳудудда вақтинча яшашлари учун зарур ёрдам кўрсатган.
Ўзбекистоннинг Берлиндаги элчихонаси ва Франкфурт-Майндаги Бош консулхонаси вазиятни назоратга олганини маълум қилиб, ваколатли органлар билан ҳамкорликда мазкур муаммони бартараф этиш чоралари кўраётганини хабар берди.