Maqola

1 214 21/07/2022

Бугунги ҳикоямиз қаҳрамони – андижонлик Мираббос Мамадалиев Тошкентдаги Халқаро Вестминстер университетининг “Иқтисод ва молия” йўналиши бакалаври ва Германиядаги Бонн университет магистранти.

Сир эмаски, хорижда, устига устак нуфузли олийгоҳларда таҳсил олиш кўпчиликнинг орзуси. Хўш, у мазкур натижага қандай эришган. Бу ҳақда  қаҳрамонимиздан билиб оламиз.

Андижон вилоятининг Избоскан туманида туғилганман. Дадам ўқитувчи, онам уй бекаси. Ўрта таълимни 42-мактабда, сўнг Избоскан ижтимоий-иқтисодиёт коллежини “Бухгалтерия ва аудит” йўналиши бўйича тамомладим.

Кейин Тошкентдаги Халқаро Вестминстер университетининг “Иқтисод ва молия” йўналишида таълим олдим. Бакалаврдаги таҳсил мен учун муҳим аҳамиятга эга. Биринчидан, олийгоҳда таълим сифати юқори. Биздан кераксиз нарсалар, масалан конспект тайёрлаш, форма кийиш ёки дарсларга мажбурий қатнашиш кабилар талаб қилинмаган. Умуман, талабаларга етарли даражада эркинлик берилган, натижада кўп талабалар кимлардир мажбурлагани учун эмас, балки ўз истаклари билан илм олишган.

Таълим хорижликлар учун ҳам бепул

Бакалаврда ўқиб юрган вақтим ривожланган мамлакатлар ОТМлари ҳақида кўп маълумотларни ўрганганман. Хусусан, Буюк Британия, АҚШ, Австралия, Канада ва Германия мана ўрганиш жараёнида мен учун асосий давлатлар эди. Улар орасидан ҳужжатларимни айнан Германияга топширганимнинг биринчи сабаби бу ерда аксарият олийгоҳларда ўқиш хорижликлар учун ҳам бепул эканлиги бўлган.

Қолаверса, мамлакатда яшаш харажатлари арзон, ўқиш давомида ишлашга рухсат берилган, иш топиш нисбатан осон ва талабаларга турли кўринишдаги чегирмалар ҳам қилиб берилади.

Қизиғи, Германияга келганимдан кейин Австралия Миллий университетидан грант асосида ўқиш таклифи юборилган. Бироқ, мен Боннда қолишни маъқул кўрдим.

Германиядаги илк таассуротларимга келсак, бу пандемия билан боғлиқ. Келишимдан олдин топширган тест натижаларим менда инфекция аломатларини кўрсатмаган. Аммо, келганимдан кейин аэропортда топширган тест натижаси CОVID-19 борлигини кўрсатди. Натижада 2 ҳафтадан зиёд карантинда ўтирганман. Яхши жиҳати бу вақтда сабрли бўлишни ва қоидаларга бўйсунишни ўргандим ва ўз устимда ишладим.

Ўз маданияти ва тилига алоҳида ҳурматда бўлишади

Очиғи, немисларнинг қонун-қоидаларга бирдек бўйсуниши ҳавасимни келтирди. Ўзлари амал қилиши билан бирга, бошқалардан ҳам шуни талаб қилишади. Шундай ҳолатларни кўрганман, ярим кечаси ҳеч ким йўқ бўлса ҳам йўлдан қизил чироқда ўтиб кетмасдан, сабр билан кутиб туришади.

Яна бир жиҳат, олмонларнинг ўз маданияти ва тилига алоҳида ҳурматда бўлиши эътиборимни тортган. Бу ерда сиз инглиз тилини била туриб немис тилида суҳбатлашишга ҳаракат қилсангиз, ҳурматингиз ошади. Фикримча, Ўзбекистонда бунинг бироз тескариси. Яъни, кўп ҳолларда тилимизга рус ёки инглиз тилидан сўзлар қўшиб бузиб гапирганлар замонавий инсон ҳисобланади.

Шунингдек, немислар соғлом турмуш тарзига ҳам қатъий риоя қилишади. Хусусан, ёшу қари спорт билан бирдай шуғилланади, овқатланиш рационига эътибор беради. Ортиқча вазнли одамларни шахсан жуда кам учратдим. Ўйлашимча, шу боисдан ҳам аҳолининг  ўртача умр кўриш давомийлиги ўзбекистонликлардан 10 йил юқори.

18 ойгача мамлакатда қолса бўлади

Германияда ўқиш давомида ишлаш имконияти бор. Яъни, турли дастурлар доирасида иш ўринлари топиш мумкин. Уларнинг бирортасига қабул қилинмасангиз ҳам қўшимча ишлар билан маълум муддат чиқимларни қоплаш қийин эмас. Лекин талабалар учун чекловлар бор: ҳар бир талаба йилига 120 тўлиқ иш куни ёки 240 ярим иш кунидан ортиқ ишлашига рухсат берилмайди. Яна бир қулайлик – ўқишни тугатган талаба ўз соҳасида доимий иш топиши учун 18 ойгача мамлакатда қолса бўлади. Ўқишдан сўнг қолиб ўз соҳасида ишлаган талабаларга эса тахминан 2 йилдан кейин доимий яшаш рухсатномаси (blue сard) берилади. Сабаби бу ерда олийгоҳни битирган шахс малакали/истеъдодли (skilled worker) ишчи ҳисобланади.

Фақат ишлаш учун Олмонияга сафар қилишга келсак, бунинг ҳам иложиси бор. Бунинг учун келишдан олдин иш жойингиз аниқ бўлиши лозим. Шунда сизга виза олишингизда ишхона ёрдам беради.

Қолаверса, иш қидирувчи визаси ҳам мавжуд. Лекин бунга талаблар юқори. Аниқроғи, яшаш харажатлар учун етарли маблағингиз мавжудиги борасидаги ҳужжатлар, тил ва ҳоказо талабларига жавоб беришингиз керак бўлади.

Радио учун тўлов ҳам бор

Энг биринчи ва асосий харажат бу ойлик уй ижараси. Бу чиқим шаҳарларга қараб ўзгаради. Ундан ташқари Германияда хорижликлар учун суғурта мажбурий. Ҳар ойда шартнома қилган суғурта компанияси одатда SEPA (автоматик равишда) шаклда маблағни ҳисобдан ечиб олади. Талабалар учун давлат суғурталаридан бири ТK’да нисбатан арзон – 111 евро бўлган суғурта таклифи мавжуд.

Яна бир кичик, лекин бироз кулгилиси – радио учун тўлов ҳам бор.  Ҳозир у 18,36 еврони ташкил этади. Бу пул асосан оммавий аҳборот воситалари ва эшиттиришларга сарфланади. Натижада уларнинг ҳукуматдан қарздор бўлмаган ҳолда фақат халққа хизмат қилиши, холис ва эркин бўлиши кўзланади.

Озиқ-овқатга келсак, бу ҳар бир инсоннинг ўз эҳтиёжига қараб фарқ қилади. Бири киши ўртача 150-200 евро миқдорида сарфлаши мумкин.

Жамият учун хайрли ишларни амалга ошираман

Бўш вақтимда асосан спорт залига чиқаман. Менинг фикримча жисмоний соғломлик сифатли билим олишда муҳим омиллардан бири. Иккинчи қизиқишим  – немис тили. Ҳозир немис тилида гаплашаман, аммо инглиз тили каби эмас. Шунга ҳали ҳам тил кўникмаларим устида ишлаяпман. Яна бир менга ёқадиган хобби бу – дўстлар даврасида бўлиш. Бонн шаҳрида бир қанча ўзбекистонлик ёшлар йиғилганмиз. Биздаги ўхшашликлар кўплиги боис ҳам дунёқарашимиз жуда яқин, гапимиз бир-бирига тушади, ҳазилларимизни кўтарамиз ва турли мавзуларда маслаҳатлашамиз. Айнан шу нарса ҳам мени Боннга мослашишимда анча қўл келди.

Режаларимга келсак, маълум муддат ривожланган давлатларда, катта эҳтимол билан Германияда тажриба орттирмоқчиман. Айнан шу юртда ҳам кучли мутахасис сифатида карьера қилиш ниятим бор. Кейинчалик етарли малака ва билимга эга бўлгач, Ўзбекистонга қайтиб жамият учун хайрли ишларни амалга ошираман.

Rossiya, migrantlar: Ko‘rinishga qarab yoqmaganni qaytarishyapti

Navigatsiya