Буюк Британия олти юз нафардан зиёд Қирғизистон фуқароларини қиролликда мавсумий ишлар учун танлаб олди. Бу ҳақда Economist.kg мамлакат меҳнат вазири Худойберген Бозорбаевнинг сўзларига асосланиб хабар берди.
Маълумотларга кўра, май ойида ишчиларнинг учдан бир қисми Буюк Британияга учиб кетди. Қолганлари эса июнь ойида жўнаб кетишади.
Лондон ва Бишкек ўртасида Британияниг мавсумий ишчилар дастури асосида 2000 қирғизистонлик фуқарони ишга юбориш бўйича келишиб олинганди. Шунингдек, Финляндия ва Болгария билан ҳам ишчиларни жалб қилиш бўйича музокаралар олиб борилмоқда.
Ҳозирча қирғизистонлик ишчилар орасида энг кўп борилаётган машҳур давлатлар – Россия, Туркия ва Жанубий Корея ҳисобланади. ASIA-Plus нашрининг ёзишича, Британия компанияси Тожикистон фуқароларини ҳам мавсумий ишларга таклиф қилмоқда.
Бу таклифни қўллаб-қувватлаганлардан 1000 нафарга яқини ишга кетиш учун ҳужжат топширишган, лекин улардан 250 нафаригина инглиз тили бўйича имтиҳондан ўта олишди.
Қирғизистондаги сингари Тожикистонда ҳам аксарият мигрантлар Россияга ишлаш учун борадилар. Кўпинча у ерда ўзларига нисбатан ёмон муомала қилишлари ва кам маош беришларидан шикоят қиладилар. Сўнгги йилларда тожикистонликлар меҳнат миграцияси учун кўпинча Европа, Жанубий Корея ва АҚШни танламоқдалар.