Бу саволга Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги йиғма-таҳлил бошқармаси бошлиғи Азим Ахматов шундай жавоб берди:
Хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларига барча ижтимоий кафолатларни яратиш мақсадида норматив ҳуқуқий ҳужжатларда имкониятлар яратилган. Хусусан, хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари келгусида ўзларининг пенсияга бўлган ижтимоий кафолатларига эга бўлиш учун ушбу тоифадаги фуқаролар хорижда ишлаган даврлари учун маълум бир тўловларни амалга оширгандан сўнг уларга иш стажларни ҳисоблаш алоҳида инобатга олинган.
Бу йўналишда икки хил тоифа белгиланади: биринчи тоифада агарда фуқаролар хорижга ташкиллаштирилган тартибда юборувчи ташкилотлар, хусусан, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ёки лицензияга эга хусусий бандлик агентликлари орқали хорижга ишга юборилган бўлса, бундай тоифадаги фуқароларимиз ўзини ўзи банд қилган шахслар тоифасига тенглаштирилган ва улар бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси ҳисобига ҳар бир йил ишлаган йиллари учун Ўзбекистон Республикасида белгиланган базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдоридан тўловларни амалга ошириши лозим бўлади.
Бундан ташқари, иккинчи тоифадаги фуқароларимиз ўзлари мустақил равишда хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун чиқиб кетган бўлсалар, бу тоифа фуқароларимиз Ўзбекистон Республикасига қайтиб келгандан сўнг бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси ҳисобига ҳар бир йил учун базавий ҳисоблаш миқдорининг тўрт ярим баравар миқдорида тўловларни амалга оширса уларга ҳам келгусида пенсия ёшига етгандан сўнг иш стажларини ҳисоб-китоб қилиш инобатга олинган.