Тожикистондан хорижга ишлаш учун кетган фуқаролар сони икки баробар ошди. Бу ҳақда Тожикистон Республикаси Меҳнат, миграция ва бандлик вазири Ширин Омонзода маълум қилди, деб хабар беради “fergana.media”.
Йилнинг биринчи ярмида Тожикистондан 322 минг нафар меҳнат мигранти хорижга ишлаш учун кетишган.
“Бу 2021 йилнинг шу даврига нисбатан икки баробар кўпдир”, дейди Омонзода. Статистик маълумотларга кўра тожикистонлик мигрантларнинг 90%и Россияга, 5%и Қозоғистонга, қолганлари бошқа давлатларга ишлаш учун кетишган.
“Бу йил Россияда меҳнат мигрантларини ҳибсга олиш ва депортация қилиш ҳолатлари камайди. 2022 йилнинг биринчи ярмида Россиядан пул ўтказмалари оқими сезиларли даражада ошди”, деди Меҳнат вазирлигининг яна бир вакили.
Тожикистон Миграция хизмати маълумотларига кўра, Россияда жами 693 мингга яқин мамлакат фуқароси меҳнат қилмоқда. Қозоғистонда 10,5 минг, 7776, Украинада 1639, яна 8218 нафар фуқаро узоқ хорижда меҳнат қилмоқда. Омонзоданинг сўзларига кўра, бу йил 126 нафар тожикистонлик Буюк Британияга ишлаш учун кетган, яна 200 киши Британия визасини олишни кутишмоқда.
Аввалроқ Россия Федерациясидан ватанига қайтган Тожикистон фуқаролари сони сезиларли даражада ошгани ҳақида хабар берилган эди. 2022 йилнинг биринчи чорагида бундай кишилар сони 60 337 нафарни ташкил этган, бу 2021 йилнинг шу даврига нисбатан 2,6 баробар кўп.