Maqola

2 895 10/04/2023

Қўйлиқ бозори яқинидаги 8-уй. Бу уйда ҳафтанинг икки кунида юзлаб ўзбекистонликлар Россияга ишлашга кетиш учун йиғилади. Тўпланган одамлар дамасларда Қозоғистон чегарасигача олиб борилади ва чегарадан ўтганда уларни автобуслар кутиб туради. Автобусларда эса 3 кундан, бир ҳафтагача йўл босиб, Россиянинг турли шаҳарларига ишлаш учун етиб боришади.

Камина ҳам бундай жараёнда шахсан иштирок этган ва вазиятни яхши англайди. Бу хорижга ишлашга кетишнинг бир йўли. Бундан ташқари ўзбекистонликлар ҳаво йўли, темир йўл орқали ҳам хорижга ишлашга кетади. Ҳаво йўли орқали, нафақат, Россия балки, бошқа давлатларга ҳам ишлашга кетади одамлар.

Хўш, ўзбекистонлик меҳнат мигрантларни бугун қайси давлатларни танламоқда? Хорижда қанча фуқаролар меҳнат қилмоқда? Уларни қабул қилган давлатларнинг меҳнат қонунчилиги қай даражада ва қайси давлатлар бориб ишлаш учун қулай? Бугунги материалимизда шу каби саволларга жавоб излашга ҳаракат қиламиз.

Ўзбекларни ўзига жалб қилаётган давлатлар

Нафақат, Ўзбекистонда, балки бутун Марказий Осиёда ҳам ишсизлик кўрсаткичлари йилдан-йилга ошиб бормоқда. Бу эса фуқароларни бошқа давлатлардан иш излашга мажбур қилиб келмоқда. Аслида, мамлакат ташқарисига иш излаб кетиш амалиёти Ўзбекистонда Совет Иттифоқи парчаланиши ортидан пайдо бўлган жараён ҳисобланади. Бунинг ўзига хос сабаблари кўп.

Биринчиси ва асосийси ишсизлик. Ишсизликка эса Совет даврида ишлаб турган корхоналар ва заводлар фаолиятининг тўхтаб қолиши, колхозларнинг тугатилиши асосий туртки берди. Бу бутун Марказий Осиё давлатлари учун умумий ҳолат, десак муболаға бўлмайди. Бунинг ортидан эса 90-йилларнинг иккинчи ярмидан бошлаб марказий осиёлик меҳнат мигрантлари оқими вужудга келди.

Ўзбекистонда расмий статистикага кўра, ишсиз деб рўйхатдан ўтганлар сони 1,3 миллион кишини ташкил этади. Ишсиз деб тан олиниш учун эса бандликни таъминлаш ташкилотларида рўйхатдан ўтган бўлиш керак. Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг статистик маълумотларига кўра ҳозирда хорижда меҳнат қилаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг умумий сони 2,4 миллиондан ортиқ. Агентлик мутахассиси Ортиқхўжа Норовнинг айтишига кўра, бу рақамлар 3 ойдан ортиқ муддатга хорижга кетган фуқаролар статистикаси. Унинг таъкидлашича, 3 ойдан кўп қаердадир қоляптими, демак у ўша ерда ишлаяпти. «Халқ орасида анча катта рақамлар юради, лекин ҳақиқатга энг яқини 2,4 миллион, бундан ортиқ эмас», дейди мутахассис.

Россия ички ишлар вазирлигининг ҳисоботларига кўра, 2022 йилнинг сентабрь ойи ҳолати бўйича Россияда меҳнат қилаётган меҳнат мигрантларининг сони 4,5 миллион кишини ташкил қилади. Бу ҳақда журналист Навбаҳор Имомова ўзининг Твиттердаги саҳифасида маълум қилган.

Ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг қайси давлатларга меҳнат қилаётганига ҳам эътибор қаратсак. Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг 2022 йил учун чиқарган статистик маълумотларини таҳлил қилиш жараёнида аён бўладики, Ўзбекистонликлар учун ишлашга кетишга асосий йўналиш Россия Федерацияси бўлиб турибди. Ундан кейинги ўринларда Жанубий Корея, Қозоғистон, Туркия ва Қатар давлатларини кўришимиз мумкин.

Бу маълумотлар фақат бир йиллик экани ва уларнинг расмий статистика эканини ҳам унутмаслик лозим. Аниқ рақамлар ва тасаввурлар учун мавзу юзасидан тадқиқотлар ўтказган олимларга ва соҳа мутахассисларига мурожаат қилиш мақсадга мувофиқ бўлади. Шу мақсадда биз Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги мутахассиси Ортиқхўжа Норовга мурожаат қилдик ва саволларимизга жавоб олдик.

Суҳбатнинг аудио шаклини қуйидаги ҳавола орқали тинглаш мумкин:

Яна бир экспертимиз, Ҳелсинки университети тадқиқотчиси Шерзод Эралиев. Шерзод Эралиев, сиёсатшунослик фанлари доктори, миграция масалалари бўйича Лунд ҳамда Ҳелсинки университетлари тадқиқотчиси, ТДИУ профессори. У, асосан, Марказий Осиёдаги, кенгроқ маънода Евроосиё маконидаги миграция масалалари билан шуғулланади.

Суҳбат аудио шаклда қуйидаги ҳаволада тақдим этилади:

Муҳожирлар сонининг маълум давлатларда кўп бўлишининг сабабларидан бири бу яхши маош бўлса, яна бири ўша ердаги миграцион қонунчиликнинг яхши йўлга қўйилгани. Бундан ташқари икки томонлама шартномалар тузилган давлатларга бориб ишловчилар учун ҳам анча яхши имкониятлар мавжуд бўлади.

Статистик маълумотлардан аён бўлмоқдаки, бугунги кунда ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари асосан Россияда кўпчиликни ташкил қилади. Бу эса биринчи навбатда Россиянинг Ўзбекистоннинг асосий савдо ҳамкори эканлиги билан боғлиқ. Бундан ташқари Россияга бориш бошқа ҳудудларга нисбатан анча осон. Қуруқлик, ҳаво ва темир йўл орқали етиб бориш мумкинлиги ва виза муаммосининг мавжуд эмаслиги ушбу мамлакатнинг мигрантлар учун жозибадорлигини оширади.

Бундан ташқари катта географик ҳудуд ҳамда иш ўринларининг кўплиги ҳам асосий рол ўйнайди. Аммо, охирги йилларда Россия қонунчилиги ва миграцион сиёсатида бир қатор кескин ўзгаришлар юз берганини кўришимиз мумкин. Жумладан, рус тили ва адабиёти, Россия тарихидан имтиҳонларнинг жорий этилиши ҳақидаги маълумотлар доим муҳокамалар марказида бўлиб келган. Россиянинг меҳнат миграцияси борасидаги сиёсати ҳақида кўпчиликда тасаввурлар бор. Шунинг учун мақоланинг бу қисмида бизга янги бўлган йўналишлар ва давлатлардаги миграцион сиёсат ва қонунчилик ҳақида мухтасар маълумотлар бериб ўтамиз.

Европа Иттифоқи давлатларида меҳнат қилиш кўпчилик учун қизиқ бўлиши билан бир қаторда, ўзига яраша виза билан боғлиқ қийинчиликлар ҳам бор. Иттифоқ ҳудудига кириш осон эмаслиги ва виза олишнинг қийинлиги ўзбек мигрантлари учун ҳудуднинг жозибадорлигини бироз сўроқ остига қўяди.

Бугунги кунда Европа Иттифоқининг Франция, Германия, Скандинавия давлатларида меҳнат қилаётган ўзбекистонликларни учратиш мумкин. Кўпчилик учун кутилмаган давлат бу Италия. Италия давлати қонунчилигига кўра, мазкур давлатга бориб ишламоқчи бўлган одам даставвал иш берувчи билан шартнома тузиши керак. Ушбу шартнома асосида Италиянинг ҳудуддаги элчихонасига виза учун ҳужжатлар топширилади. Лекин бунда мамлакат иммиграцион сиёсатига асосан квота тизими мавжуд. Ўша квота тўлиб қолмаслигидан олдин улгуриш керак. Мабодо ишга кирувчида Италия дипломи бўлса, мазкур квотадан ташқари асосда виза ёки яшашга рухсатнома берилади. Мамлакатда ишлаш бўйича барча маълумотлар ҳукуматнинг миграция бўйича порталидан топиш мумкин.

Евроиттифоқдаги энг жозибадор давлат Германия ҳисобланади. Бу йўналиш ҳам ўзбекистонликлар учун нисбатан янги ҳисоблангани боис, у ердаги бир қатор жиҳатларга ҳам тўхталиб ўтамиз. Германия Иттифоқдаги мигрантларни қабул қилувчи давлатлар орасида етакчилик қилади. Буни айниқса Сурия инқирози йилларида гувоҳи бўлганмиз. Аммо махсус иш ва ўқиш учун ҳам махсус дастурлари яратилганини кўпчилик билмаса ҳам керак.

Германия хориждан юқори малакали ишчиларни ва талабаларни қабул қилиш мақсадида бир нечта дастурларни ишлаб чиққан. Шулардан энг машҳурлари “Make it in Germany” ҳамда “Blue Card” дастурлари.

“Blue Card” дастури 2012 йил 1 августдан ишга туширилган бўлиб, Иттифоққа кирмайдиган давлатлардан малакали, юқори сифатли ишчиларни қабул қилишга мўлжалланган ҳамда бутун Иттифоқ ҳудудида амал қилади. Германия ҳам ушбу дастур орқали малакали ишчиларни ўзига қабул қилиши мумкин.

“Make it in Germany” платформаси эса фақат Германия учун мўлжалланган бўлиб, у орқали Германияга ишлаш, ўқиш ва яшаш учун кўчиб ўтишга ариза қолдириши мумкин. 4та халқаро тилда фаолият олиб борувчи мазкур платформага ҳар йили 10 миллиондан ортиқ ташриф амалга оширилади. Ташриф буюрувчилар, асосан, Италия, Индонезия, Таиланд, Россия, Ветнам, Ҳиндистон ва Испаниядан эканлигини кўриш мумкин. Статистик маълумотларга кўра, 2021 йилда Германияда яшаётган ўзбекистонликларнинг сони 9905 нафарни ташкил қилади.

Мигрантлар учун яхши таклифлар билан чиқадиган яна бир давлат бу океан ортидаги Канада давлати. Канадага ишлашга бормоқчи бўлган талабгорлар мамлакатнинг ҳукумат портал орқали маълумот олишлари мумкин бўлади. Ишлашга рухсатнома, виза шартлари, визани чўзиш каби жамики жараёнлар ушбу портал орқали ҳал қилинади. Ишга боришни истаган талабгорлар бир неча босқичли саралашдан ўтади ҳамда етарли миқдорда балл тўплай олган талабгорларгина мамлакатда ишлаш учун рухсатномага эга бўлади. Бунда талабгорнинг ҳар бир қобилияти, дипломи, тил билиш даражаси, оилавий шароити балларга таъсир кўрсатади.

Юқоридагилардан шундай хулосага келиш мумкинки, Россия ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари учун ҳамон асосий йўналиш сифатида етакчилик қилмоқда ва бунга ҳатто Украинадаги уруш жиддий таъсир кўрсата олмаяпти.

Tarjumon.uz мухбири

Жаҳонгир Остонов

Rossiya, migrantlar: Ko‘rinishga qarab yoqmaganni qaytarishyapti

Navigatsiya