Maqola

2 552 16/04/2023

Сергей Гуриев рублнинг яна қадрсизланишини башорат қилишдан тийилди.

Сергей Гуриев фикрича, рублнинг кескин қадрсизланишига Россиянинг Украинага бостириб киргани оқибатида жорий этилган янги санкциялар, хусусан, Россия нефти ва нефть маҳсулотларига эмбарго қўйилгани сабаб бўлган.

Сўнгги ойларда рублнинг доллар ва еврога нисбатан қадрсизланишини олдиндан тахмин қилиш мумкин эди, деди 12 апрель, чоршанба куни DW нашрига берган интервьюсида таниқли россиялик иқтисодчи Сергей Гуриев. Бу ҳақда Dw.com ёзмоқда.

Унинг сўзларига кўра, бу ғарбнинг 2022 йил декабрида Россия нефти экспортига ва жорий йилнинг февраль ойида Россия нефть маҳсулотлари экспортига қарши жорий қилинган янги санкциялари натижаси бўлди.

Иқтисодчи рублнинг аввалги юқори курсини сунъий деб атади, чунки ғарб санкциялари фақат Россия импортига тегишли эди.

«Бугун, ниҳоят, Россия экспортига қарши санкциялар, Европада нефть эмбаргоси, Россия нефти экспорти учун нарх чегараси жорий этилганда рублнинг заифлашиб бораётгани мутлақо нормал ҳолат», — деди Гуриев, лекин у рублнинг яна қадрсизланишини башорат қилишдан тийилди. Иқтисодчи тахминича, Россия Марказий банки ўтган йилгидек, инфляция ўсишининг олдини олиш учун ҳамма нарсани қилади.

Лекин ҳар қандай ҳолатда ҳам рублнинг қадрсизланиши ғазнага нефть-долларлар камроқ тушаётганидан далолат беради, бу эса Россия бюджети жиддий қийинчиликларга дуч келишини англатади.

Гуриевнинг ҳисоб-китобларига кўра, ўтган йилнинг охирги уч чорагида ва 2023 йил биринчи чорагида Россия бюджети етти триллион рубль йўқотган, бу ялпи ички маҳсулотнинг 4,5 фоизига тенг. «Бу жуда катта дефицит, айниқса уни молиялаштириш учун ҳеч вақо бўлмаган вазиятда», деди Сергей Гуриев.

Аввалроқ Москва биржасида 1 евро 90,3 рубл, доллар 82,5 рубл кўрсаткичидан ошиб кетганди. Бунгача шунга ўхшаш кўрсаткичлар 2022 йилнинг апрель ойида қайд этилган.

Таҳлилчилар рублнинг заифлашиши сабаблари орасида Россиядан капиталнинг чиқиб кетиши натижасида валютага спекулятив талаб ошганини, Ғарб санкциялари фонида экспорт камайиши билан импортнинг ўсишини, нефть нархи кўтарилиши туфайли Россия Молия вазирлиги чет эл валютаси савдосини камайтирганини келтирди.

2023 йил январь-февраль ойларида Россия бюджети тақчиллиги Молия вазирлиги дастлабки маълумотларига кўра, 2,581 триллион рублни ёки йил учун режалаштирилган 2,925 триллион рублнинг деярли 90 фоизини ташкил этди. Муаммолар, таҳлилчиларга кўра, нефть ва газ сотишдан тушган даромадлар билан боғлиқ. Вазирликнинг дастлабки ҳисоб-китобларига кўра, даромад деярли ярмига қисқарган. Бу асосан, нефть нархи пасайиши ва табиий газ экспорти қисқариши билан боғлиқ, деб эълон қилди Россия Молия вазирлиги.

Мутахассислар таъкидлашича, газ экспорти камайиши ҳам Россияга ЕИ давлатлари томонидан жорий этилган иқтисодий санкциялар, ҳам Россиянинг ўзи «дўст бўлмаган» мамлакатларга энергия етказиб беришдан бош тортгани ва «Шимолий оқим» газ қувури ёпилиши билан боғлиқ. Бу ҳақдат “Кун.уз” маълумот берди.

Rossiya, migrantlar: Ko‘rinishga qarab yoqmaganni qaytarishyapti

Navigatsiya