Мақола

514 16/10/2023

Дунё аҳолиси турли-туман, баъзан ғаройиб тилларда сўзлашади. Уларнинг умумий сони – тахминан 7151 та. Инглиз, мандарин (хитой), ҳинд ва испан тиллари энг кенг тарқалган тиллардир. Аммо бу рақамлар аҳоли ва маданиятнинг ўзгаришига қараб доимо ўзгариб туради.

Инглиз тили, Google ва Гарвард университети томонидан олиб борилган тадқиқотга кўра, миллиондан ортиқ сўзларга эга ва доимий равишда ўсиб бораётган бўлса, токипона каби айрим тилларда атиги 123 та сўз бор. Сайёрамиздаги халқларнинг алифбоси ҳам хилма-хил: кхмер тилида 74 та ҳарф бўлса, ротокаслар алифбоси атиги 12 ҳарфдан иборат.

Инглиз тили дунёда қўлланиладиган тиллар орасида етакчи бўлиб қолмоқда. Бир миллиарддан ортиқ одам бу тилда, ҳам ўз она тили, ҳам иккинчи тилда гаплашади. Инглиз тили онлайн ва академик нашрларда ҳам устунлик қилади.

Кейинги ўринда 1,1 миллиард сўзлашувчи билан хитой тили (мандарин) ва учинчи ўринда эса ҳинд тили (602,2 миллион киши).

Испан ва француз тиллари мос равишда 548,3 ва 274,1 миллион киши билан тўртинчи ва бешинчи ўринларда туради.

Бундан ташқари, хитойча мандарин тилидан 198,7 миллион киши, ҳинд тилидан эса 258,3 миллион киши иккинчи тил сифатида фойдаланади.

Индонезияда 200 миллиондан ортиқ икки тилли одамлар бор. Манбаларга кўра, дунё аҳолисининг 40 фоизи икки тилда, 40 фоизи эса фақат битта тилда гаплашади.

Онлайн дунёда инглиз тили устунлик қилади, веб-сайтларнинг 58,6 фоизи ундан фойдаланади. Бошқа барча тиллар веб-сайтларнинг 0,5% дан камроқ қисмини эгаллайди. Масалан, YouTube’даги контентнинг 66 фоизи инглиз тилида, бироқ испан, португал ва ҳинд тилларида ҳам ўз аудиторияси бор.

100 ортиқ мамлакатларда инглиз тилида гаплашиш мумкин, рус тили эса асосан Россия ва айрим постсовет ҳудудларидагина амал қилиб, бу кўлам торайиб боряпти.

Яқин йилларгача Ўзбекистон мактабларида хорижий тиллар (асосан инглиз ва рус тиллари) 2-синфдан бошлаб ўтилган бўлса, сўнгги йилларда ҳатто мактабгача таълим босқичларидан тил дарслари дастурларга киритилиб, рус (бир ўқув йилида 68 соат) ва инглиз (бир ўқув йилида 102 соат) ўргатилмоқда.

Савол туғилади: қайси хорижий тилни ўрганиш мақсадга мувофиқ? Агар бирор тилни шу миллат вакиллари сонига кўра ўрганилса, асосан, ҳинд ва хитой тилларини ўрганиш кифоя бўларди. Бироқ  дунёнинг 100 дан ортиқ давлатларида инглиз тилида гаплашишади. Рус тилида собиқ Иттифоқ давлатларида тушунади, холос. Шунда ҳам баъзи давлатлар рус тилини мулоқот тили вазифасидан воз кечган. Муҳим жиҳати, тилни нима мақсадда ўрганишингиз ва қайси давлатга боришни ихтиёр қилишингизга боғлиқ.

Нима бўлганда ҳам, чет тилларини ўрганишга қизиқиш юртимизда ҳам  ортиб боряпти. Айниқса, ёшлар янги тилларни ўзлаштиришга интилмоқда. “Тил билган, эл билади”, дейди халқимиз. Шундай экан, нафақат ёшларни, балки барча ҳамюртларимизни янги тилларни ўрганишга чорлаймиз.

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация