Мақола

1 150 15/05/2023

Москвада Қизил майдон устида Украина байроғи туширилган тўртта шарни учиришда айбланган икки киши ҳибсга олинди. Қўлга олинганлар Тожикистон фуқаролари бўлган, деб хабар берган Baza телеграм канали.

12 май куни тушдан кейин кўк ва сариқ рангда ҳилпираётган байроқ кўзга ташланди. Телеканал маълумотларига кўра, ҳаво шарлари Қизил майдон яқинида Opel автомобилида тўхтаган одамлар томонидан учирилган. Шарларни ҳавога қўйиб юбориб улар дарҳол кетишган.

«Бир соатдан кейин хавфсизлик кучлари ичида икки нафар Тожикистон фуқароси, 30 ёшли Алишер Қодиров ва 27 ёшли Баҳром Усмонов бўлган мазкур машинани тўхтатган. Улар ҳаво шарларини учирганини тан олишган. Лекин уларга Украина байроғи ҳақида айтилганда жуда ҳайрон бўлишган”, — деб ёзади телеграм канали.

Уларнинг сўзларига кўра, плакат пушти-бинафша-сариқ рангларда бўлиб, унинг устида “Қизалоқ учун ташаккур” деган ёзув бўлган.

Шунга қарамай, ҳибсга олинганларга нисбатан Россия ҳудудида бўлиш режимини бузганлик ва Россия Федерацияси Қуролли Кучларини обрўсизлантириш каби моддалар бўйича маъмурий баённомалар тузилган.

Айни пайтда, Коррупцияга қарши кураш миллий қўмитаси раиси Кирилл Кабанов бу тасодиф эмас, деб ҳисоблайди.

“Москванинг қоқ марказида шарлар ва Украина байроқлари билан содир этилган бу беадаб провокацион ҳаракат тасодифий эмас. Ишончим комилки, бу тожикистонликлар нима қилаётганларини яхши билишган ва ўз қилмишларидан аниқ хабардор бўлган ва шу билан ўзларининг ҳақиқий позицияларини кўрсатган”, – деб фикр билдирган Кирилл Кабанов ўз телеграм каналида.

Унинг иддаосича, Россиядаги Марказий Осиё диаспоралари нафақат тақиқланган ИШИД, балки Украина махсус хизматлари ва дўстона бўлмаган давлатлар махсус хизматларининг ҳам диққат-эътиборида экан ва бу кўпчилик бунга ишонишни истамасада, аллақачон маълум эмиш.

“Агар энг қатъий чоралар кўрилмаса, бу фақат бошланиши. Бундан кейин, албатта, назорат чораларини кучайтириш керак”, – дейди у.

Кирилл Кабановнинг муҳожирларга қарши даъво-айбловлари илгари ҳам кузатилган. У апрель ойида “Взгляд” газетасида берган интервьюсида муҳожирлар ўртасида жиноятчиликнинг кўпайиши 1991 йилдан бошлаб собиқ СССР республикаларида ёшларга русофоб, «антиимпериалистик» позициялар сингдирилгани билан боғлиқ, деган фикрларини билдирган эди.

“Биринчидан, Марказий Осиё ва Кавказдан бизга келаётган муҳожирларнинг умумий сони ортиб бормоқда. Бугун Александр Бастрикин (Россия Тергов қўмитаси раҳбари) бундай жиноятчининг тахминий портретини чизди – булар паст маълумотли, рус тилини яхши билмайдиган одамлардир. Бунга қўшимча қилишимиз мумкинки, бундай тоифа, одатда, илгаридан Россияга қарши. 1991 йилдан бери деярли барча республикалар ёшларга русофоб, «антимпериалистик» позицияларни сингдирмоқда”, деганди у интервьюсида.

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация