Мақола

1 610 26/05/2023

Иккинчи Ғарбий округ ҳарбий суди ҳуқуқ ҳимоячиси Баҳром Ҳамроевни “терроризмни оқлаш” ва “террорчилик фаолиятини ташкил этиш”да айбдор деб топиб, 14 йилга озодликдан маҳрум қилди. Бу ҳақда суд матбуот хизматига таяниб, ТАСС агентлиги хабар берган.

“Суд Ҳамроевни 14 йилга қаттиқ режимдаги колонияга ҳукм қилди, унинг уч йилини қамоқда ўтказиши  керак”, — деган суд матбуот котиби Ирина Жирнова. Айблов томони Ҳамроевни 21 йилга озодликдан маҳрум қилишни сўраган.

Ҳамроевга нисбатан Жиноят кодексининг 205.2-моддаси 2-қисми (“Терроризмни оммавий оқлаш”) ва 205.5-моддасининг 1-қисми (“Россия Федерацияси қонунчилигига мувофиқ террорчи деб топилган ташкилот фаолиятини ташкил этиш”) айбловлари қўйилган.

Тергов органлари Ҳамроевни “Ҳизб ут-Тоҳир ал-Исломий” халқаро террорчилик гуруҳи аъзоси деб иддао қилган.

Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари Ҳамроевга нисбатан 2022 йил феврал ойи охирида жиноий иш очган. Хавфсизлик кучлари ҳуқуқ ҳимоячисининг ижтимоий тармоқлардаги постларини, “Ҳизб ут-Таҳрир” партиясини қўллаб-қувватлаш, “терроризмни оқлаш” деб ҳисоблаган. 25 феврал куни Ҳамроев тергов изоляторига жойлаштирилган.

Ҳамроев иши бўйича иккинчи айблов моддаси октябр ойида маълум бўлди. Унга “Ҳизб ут-Таҳрир” билан алоқадорликда гумон қилиниб, таъқибга учраган мусулмонларга ҳуқуқий ёрдам бергани учун “террорчи ташкилот фаолиятини ташкил этиш” айби қўйилган.

Ҳамроев ўз айбини тан олмаган. У ўзи ҳеч қачон “Ҳизб ут-Таҳрир”га аъзо бўлмаганини, фақат унинг аъзоси деб айбланганларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланганини таъкидлаган.

Сўнгги йилларда Ҳамроев доимий равишда Россия расмийлари томонидан босимни ҳис қилиб келганини қўшимча қилиш мумкин. 2016 ва 2017 йилларда ФСБ ходимлари унинг квартирасида тинтув ўтказган. Аввалроқ, 2010 йилда Ҳамроев ФСБ ходими томонидан калтакланган, 2011 йилда унга уйига кираверишда номаълум шахслар ҳужум қилган. Ушбу ҳодисаларнинг ҳеч бири текширилмаган.

2018 йилда ҳуқуқ ҳимоячиси ўз квартирасида икки хорижликни сохта рўйхатга олишда айбдор деб топилиб, 200 минг рубл миқдорида жаримага тортилган. 2019 йилда Ҳамроев Тожикистон президентининг Москвага ташрифи кунларида мазкур давлатдаги сиёсий маҳбусларни озод этиш талаби билан Қизил майдонда бир кишилик пикет ўтказгани учун ҳибсга олинган ва кейинчалик жаримага тортилган. Орадан бир неча ой ўтиб, ҳуқуқ ҳимоячиси Москвада “Адолатли сайловлар учун” акциясини ташкиллаштиришда иштирок этганликда айбланиб, яна ҳибсга олинди ва жаримага тортилди.

Баҳром Ҳамроев 1963 йил 12 октябрда Ўзбекистоннинг Бухоро вилояти Ғиждувон туманида туғилган. 1992 йилда турли сабабларга кўра Ҳамроев Россияга кўчиб ўтди ва у ерда муҳожирлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиб келган эди.

Rossiya, migrantlar: Ko‘rinishga qarab yoqmaganni qaytarishyapti

Навигация