Мақола

719 03/06/2023

Индонезиянинг Бали оролида гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланган 7 киши қўлга олинган. Улардан 6 нафари хорижлик ва 1 нафари Индонезия фуқароси. Бу ҳақда полиция хабарлари асосида  Компас портали маълум қилган.

Хабарда уч нафар Ўзбекистон фуқаросининг исми-шарифи тилга олинган. Полиция маълумотларига кўра, биринчи бўлиб Азамат исмли Ўзбекистон фуқароси, сўнг унинг шериклари Ўзбекистон фуқаролари Ю.О. ва М.А. лар қўлга олинган.

Хабарда айтилишича, яна икки нафар россиялик – Денис Комаров ва Денис Романов ҳам ҳибсга олинган.

Полиция маълумотларига кўра, Азамат дастлабки тергов давомида гиёҳванд моддалар савдосига Денис Романов раҳбарлик қилганини айтган. Полиция ҳибсга олинганлардан 1678 грамм марихуана ва 67 грамм наша топган. Тергов жараёнида россияликлар ўзларига қўйилган айбларни тан олмаган ва гиёҳванд моддалар савдосига алоқаси йўқлигини билдирган.

Аввалроқ, 4 апрел куни Жакартада бўлиб ўтган матбуот анжумани чоғида индонезия полицияси ходими генерал Аҳмад Рамазон Индонезия полицияси “Катиба Тавҳид вал-Жиҳод” террорчилик ташкилоти тарғиботига алоқадор тўрт нафар ўзбекистонликнинг қўлга олинганини маълум қилганди.

Маълумот учун:

Индонезия қонунчилигида биринчи гуруҳдаги гиёҳванд моддалар савдоси (героин, метамфетамин, кокаин ва бошқалар) учун ўлим жазоси, марихуана учун эса 20 йилгача қамоқ жазоси назарда тутилган. Биринчи тоифадаги гиёҳванд моддаларга оддий эгалик қилиш учун 4 йилдан 12 йилгача қамоқ жазоси берилади.

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация