Беш йил аввал Туркияда тақиқланган диний маърузага “класс” босгани учун навоийлик 57 ёшли аёлнинг озодлиги 3 йилга чекланди.
2023 йил 31 май куни жиноят ишлари бўйича Нурота туман судининг очиқ суд мажлисида 1966 йил 3 сентябрь куни Хатирчи туманида туғилган, Ўзбекистон фуқароси, миллати ўзбек, маълумоти олий, нафақада, оилали, 3 нафар фарзанди бор, судланмаган аёлнинг жиноят иши кўриб чиқилган.
Судланувчи интернет жаҳон ахборот тармоғининг “Одноклассники.ру” ижтимоий тармоғида очган профилида диний ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган, Рофиқ Камоловга тегишли бўлган “Бенамозлик ҳақида” номли давомийлиги 5-45 дақиқа бўлган видео маърузага “Класс” муносабат белгиси босган. Видеода намоз ўқимаган кишининг мусулмон эканлигига ҳужжати йўқ эканлиги, у ўзини мусулмон ҳисоблашга ҳақи йўқ эканлиги, намоз ўқимай оламдан ўтган кишига Қуръон ўқиган киши гуноҳкор бўлиши ҳақида гаплар бўлган. Бунинг натижасида айбланувчи шу видеони ўзининг 130 нафар виртуал дўстларига тарқатганлиги аниқланган. Унга тегишли бўлган “Моторолла” русумли қўл телефони 2023 йил 15 февраль куни ашёвий далил тариқасида олинган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг диншунослик экспертизаси хулосасига мувофиқ, мазкур “Бенамозлик ҳақида” номли видео маъруза диний ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилганлиги, юқорида қайд этилган материалларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, тайёрлаш ва тарқатиш тақиқланганлиги аниқланган.
Судланувчи суд мажлисида, айбига тўлиқ иқрор бўлиб, ҳақиқатдан ҳам 05.03.2015 йилда ишлаш мақсадида овсинининг таклифига асосан Туркия давлатини Истанбул шаҳрига борганлиги, у ерда очган профилда видеороликларга “класс” белгисини босган бўлиши мумкинлиги, шулар орасида “Рофиқ қори” исмли шахсга тегишли бўлган “Бе намозлар” тўғрисидаги маърузага ҳам “класс” белгисини босганини аниқ эслай олмаслигини маълум қилган.
У суддан унинг ҳозирги кунда соғлиғи яхши эмаслигини, ковидга чалинганидан сўнг унинг оёқларида суяк емирилиши пайдо бўлганлиги, ҳассага суяниб қолганлиги, қарамоғида 3 нафар фарзанди борлигини, аёллигини, нафақа ёшида эканлигини инобатга олиб, енгиллик беришни сўраб кўрсатма берган.
Судланувчининг жиноят содир этганликда айби, унинг ўзининг ва гувоҳларнинг кўрсатмалари асосида ўз исботини тўлиқ топган.
Суд, дастлабки тергов органи томонидан судланувчининг жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган диний ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган материалларни тарқатиш мақсадида сақлаш ва Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланган ҳолда тарқатишда ифодаланган жиноий ҳаракатлари Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 2441моддаси 3-қисми “г” банди билан тўғри квалификация қилинган деб ҳисоблайди.
Суд, судланувчининг айбига иқрорлигини, қилмишидан пушаймонлигини, жиноятни очиш учун фаол ёрдам берганлигини Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 55-моддасига кўра жавобгарлигини енгиллаштирувчи ҳолатлар деб, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 56-моддасида назарда тутилган жазосини оғирлаштирувчи ҳолатлари мавжуд эмас деб ҳисоблаган.
Суд, судланувчига 3 нафар фарзанди борлигини, муқаддам судланмаганлигини, яшаш жойидан берилган ижобий тавсифномани, келгусида жиноят содир қилмаслигини, фойдали меҳнат билан шуғулланишини билдириб, енгилроқ жазо тайинлашни сўраган кафолат хатларини, жазони енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатларининг мажмуини инобатга олган. Унга ЖКнинг 57-моддасини қўллаб, айбланаётган модда санкциясида назарда тутилмаган бошқа енгилроқ турдаги озодликни чеклаш жазосини тайинлашни лозим топди.
Судланувчи Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 2441-моддаси 3қисми “г” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилган ва унга 3 (уч) йил озодликни чеклаш жазоси тайинланган.
У истиқомат қиладиган уйидан кечқурун соат 22:00 дан эрталаб соат 06:00 гача чиқиши чекланган.
Шунингдек, унга;
Шунингдек, суд ашёвий далил сифатида эътироф этилган ХХХнинг “Моторолла” русумли қўл телефонини йўқ қилишни белгилашни, ХХХнинг қўл телефон хотирасидан ва профилидан кўчирма туширилган ҳамда профилини кўздан кечириш жараёни акс эттирилган 2 дона ДВД дискни жиноят иши билан бирга сақлашни мақсадга мувофиқ деб ҳисоблайди.
Айбланувчининг “Одноклассники.ру” ижтимоий тармоғида ижтимоий тармоқ профили ва бошқа ижтимоий тармоқ профилларини блоклаш юзасидан ҳукмнинг мазкур қисми ижро этиш учун ДХХ Навоий вилояти бошқармасига юборилган.
Шу муносабат билан хорижда меҳнат қилиб юрган ҳамюртларимиздан ўзлари билмаган, диний қўмита тақиқлаган рўйхатда бўлган видео ва бошқа материалларга “лайк” ёки “класс” белгиларини босмасликларини илтимос қиламиз. Чунки “ўйланмай қилинган бошга келтирар ташвиш” деганларидек, ҳар босилган лайк ўзингизга қарши жиноий иш бўлиб қайтиши мумкин.