Мақола

2 242 22/01/2024

Қирғизистон ТИВ ҳодиса бўйича текширув ўтказишини маълум қилди.

Қирғизистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги 17 январь куни Россия Федерациясининг Свердловск вилояти хавфсизлик идоралари Екатеринбург шаҳридаги қурилиш объектларида хорижлик ишчиларни текшириш бўйича рейд ўтказгани ҳақидаги хабарга изоҳ берди.

Вазирлик маълумотларига кўра, учта қурилиш объектидаги 150 нафар хорижликдан 40 нафари қирғизистонлик бўлган, улардан Россия миграция қонунчилигини бузиш ҳолатлари аниқланмаган.

Шу билан бирга, ТИВнинг қўшимча қилишича, ОАВда тарқатилган, полиция чет эл фуқароларини “ғоз қадами” қилиб юришга мажбурлаган тасвирларда уч нафар Қирғизистон фуқароси ҳам  бўлган. “Фуқароларимизнинг сўзларига кўра, текшириш тадбирлари давомида қўшни давлат фуқаролари қаватлар бўйлаб тарқалиб, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларидан яширинишга уринган. Натижада полиция қочиб кетганларни қўлга олиш, шунингдек, текширилаётганларнинг эркин ҳаракатланишини чеклаш чораларини кўрди”, — дейилади ТИВ хабарида.

Қайд этилганидек, ушбу воқеа иштирокчилари бўлган қирғизистонликлар ходимларнинг  ҳаракатларига қарши ёзма ариза беришни исташмаган. Аммо Ташқи ишлар вазирлигининг қўшимча қилишича, Қирғизистон Республикасининг Екатеринбургдаги Бош консуллиги “Россия назорат органи томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқароларнинг қадр-қимматини камситувчи усуллардан фойдаланиш қонунийлигини текширишни ташкил этиш чораларини кўрмоқда”. Қирғизистон масъуллари Свердловск вилоятининг Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссари Татяна Мерзлякова билан маслаҳатлашувлар ўтказилгани, у ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан ўтказилган рейд бўйича терговни ташкил этишга тайёрлигини маълум қилган. Ўз навбатида, Қирғизистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ушбу факт бўйича келажакда Россияда Қирғизистондан келган ишчилар – фуқароларга нисбатан ўхшаш ҳаракатлар содир этилишининг олдини олиш мақсадида Россия Федерациясининг федерал органлари даражасида иш қўзғатади”, — дейилади вазирлик хабарида.

Эслатиб ўтамиз, 19 январ куни қатор интернет манбалари Екатеринбургда хавфсизлик кучлари томонидан ўтказилган рейд чоғида меҳнат муҳожирлари “ноодатий текширувдан ўтказилгани” ҳақида хабар берилган эди.

Мазкур рейддан сўнг текширилганлардан саккиз нафарини депортация қилишга қарор қилинган, тўрт нафарига “Россия паспортини олган, лекин рўйхатга олинмаган”лиги сабабли ҳарбий хизматга чақирув қоғози берилган.

Сўнгги бир йил ичида Россияда мигрантларга қарши рейдлар тез-тез ўтказилмоқда. Бозорлар, қурилиш майдончалари, ётоқхоналар, масжидлар ва хорижлик ишчилар кўп тўпланадиган бошқа жойларда рейдлар ва ҳибслар бўлиб ўтмоқда.

Айрим хабарларга кўра, Кремл ноқонуний миграцияга қарши кураш ниқоби остида Россияда ишлаётган Марказий Осиё ва Кавказ давлатларидан меҳнат муҳожирларини Украинадаги урушга жалб қилишга уринмоқда. Оммавий ахборот воситалари ва гувоҳларнинг сўзларига кўра, рейдлардан сўнг полиция қўлга олинганларни ҳарбий комиссарликларга олиб кетган.

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация