Maqola

876 11/08/2022

Қирғизистонда 136 та бандлик агентлиги расман рўйхатга олинган, уларнинг 117 таси фаол ишламоқда, деб хабар беради 24.kg.

Қирғизистонда бугунги кунда расман рўйхатдан ўтган 136 та бандлик агентликларидан 117 таси ишлаб турибди. Бу ҳақда журналистларга Қирғизистон Меҳнат, ижтимоий ҳимоя ва миграция вазирлигининг миграция бўлими бошлиғи Жипара Мамбетова маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, ушбу компаниялар ҳар чоракда бўлимга ҳисобот бериб туришади. Лекин бу агентликларнинг баъзилари алдов йўлига ўтишганлиги ва фуқароларнинг мусофир юртларда қийналиб, сарсон-саргардон бўлишларига сабаб бўлаётганлари афсусланарли ҳолат.

Журналистлар билан учрашувдан маълум вақт олдин қирғизистонлик талабалар Unique Asia компанияси орқали Германияга ишлаш учун кетишганди. Лекин улар алдов қурбони бўлишди, ўзга юртдаги қийинчиликлар сабабли, элчихонага мурожаат қилишга мажбур бўлишган.

“Ҳозир бу вазият сабаблари ўрганилмоқда. Бир неча йил авввал Словакияда ҳам фуқароларимиз билан шундай вазият содир бўлганди. Биз ўшанда уларга ёрдам бергандик. Бандлик агентлиги аниқ бир вазиятларда қонуний иш юритган бўлсада, чет эл компаниялари келишув шартларини бажармайдилар”.- дейди Жипара Мамбетова.

Журналистлар билан учрашувда  жамоатчилик ташкилотлари раҳбар ва ходимлари иштирок этишди. Улар хусусий бандлик агентликларининг масъулиятини кучайтириш кераклигини таъкидлашди.

“Уларнинг вазифаси фақатгина фуқароларимизни чет элда ишга жойлаштириш учун лицензия олишдангина иборат эмас. Мазкур агентликлар ўзлари иш билан таъминлаган фуқароларни тизимли равишда кузатиб боришлари, шарт-шароитларининг мавжудлиги,меҳнат муҳофазасига риоя этилишини текширишлари керак.

Меҳнат ҳуқуқлари бўйича қатор халқаро нормалар ва стандартлар мавжуд. Амалиёт шуни кўрсатадики, одамларимиз баъзан келишилган жойларга етиб боришгач, шартномадаги шартлар ҳақиқатга тўғри келмаслигига гувоҳ бўлишади. Афсуски, бундай вазиятларда фуқароларимиз берилган ваъдалар фақатгина  “қуруқ сўзлар”дан иборатлиги, ҳаёт эса бошқалигини кўришади”,- дейди «Эл агартуу» жамоатчилик ташкилоти раҳбари Нуржан Тулегабилова.

Rossiya, migrantlar: Ko‘rinishga qarab yoqmaganni qaytarishyapti

Navigatsiya