Мақола

2 975 16/02/2023

Маҳаллий журналист суриштирув ўтказиб, товламачилик фактларини аниқлади. 

Қирғизистоннинг «Дўстук» назорат-ўтказиш пунктида  Ўзбекистон фуқароларидан пул ундирилмоқда. Бу ҳақда қирғизистонлик журналист Шоҳрух Соипов суриштирувига таяниб, 24.kg хабар берди.

Аввалроқ, ўзбекистонликлар Ўш шаҳри аэропортига етиб келиши билан маҳаллий такси ҳайдовчилари томонидан кутиб олиниб, қиммат нархда чегарагача олиб бориш учун машиналарига ўтиришга мажбурланаётгани айтилган эди.

Ушбу муаммони ҳал қилиш учун аэропортда чегарагача олиб борувчи микроавтобуслар фаолияти йўлга қўйилган. Улар йўловчиларни белгиланган нархда назорат пунктига олиб бормоқда. Бироқ, журналистнинг сўзларига кўра, бу билан йўловчиларнинг муаммолари ҳал этилмаган. Маълум бўлишича, қирғиз-ўзбек чегарасида Қирғизистон чегарачилари қўшни давлат фуқароларидан пора талаб қилмоқда.

Ўзбекистоннинг бир қанча фуқаролари улардан қандай қилиб пул ундирилганини айтиб беришган. Уларнинг сўзларини текшириш мақсадида журналистнинг ўзи назорат-ўтказиш пунктига бориб, хорижликларнинг сўзларига ишонч ҳосил қилган.

«Мендан пул талаб қилишди. 100 қирғиз сўми бердим.  Мени уриб,  бошлиғи олдига олиб киришди. У мендан 1000 қирғиз сўми сўради. Менда унча пул йўқ дедим, бор-йўғи 200 қирғиз сўми бор дедим. Кейин у 500 қирғиз сўми талаб қилди. Мен пулимни айрибошлаб келдим ва уларга бердим. Кейин қўйиб юборишди», деди чегарани кесиб ўтган ўзбекистонликлардан бири.

Ўзбекистоннинг яна бир фуқароси ҳам товламачилик фактини тасдиқлаган.

«Менга 50 минг сўм беришим кераклигини айтишди,  менда  атиги 5 доллар бор эди. Боримни уларга бериб ўтиб кетдим. Улар очиқчасига пул олишмайди, балки паспорт ичига солишни сўрашади. Паспортда пул бўлмаса, депортация бор деб, порага шама қилиб, кўз қисиб қўйишади. Менга 50 минг сўм қарзим борлигини айтишди. Кейин депортациям борлигини айтишди. Мен 18 ёшдаман ва Қирғизистонга биринчи марта кирганимни айтдим», деди жабрланувчи.

Журналист икки давлат президенти ҳаётнинг барча жабҳаларида муносабатларни яхшилашга интилаётган бир пайтда бу каби фактлар мамлакат имижига соя солаётганини қайд этиб, мутасаддилардан чора кўришни сўраган.

Кейинроқ “Дўстук” назорат-ўтказиш пунктида коррупцияга алоқадорликда айбланган Шоҳрух Соиповга таҳдид қилинаётгани маълум бўлди.

Шоҳрух Соипов қирғиз-ўзбек чегарасидаги коррупция ҳолатлари текширилгандан сўнг унга таҳдидлар бўлганини таъкидлади.

“Менда қўрқув йўқ. Агар қўрққанимда,  суриштирув олиб бориб, бу масалани кўтармаган бўлардим. Аммо оилам  менинг хавфсизлигим учун  қайғуряпти. Менга таъна ҳам қилишди. Халқ муаммо ичида яшаяпти, тегишли идоралар уларни ҳал этиш чораларини кўрмаяпти. “Журналистлар жим, улар фақат ўз хавфсизлигини ўйлайди. Хўш, муаммолар ҳақида ким гапириши керак?” деб ҳайрон бўлди қирғизистонлик.

Унинг таъкидлашича, “Дўстук” чегараси ва Ўш аэропортида такси ҳайдовчилари билан муаммони кўтарганида ҳам таҳдидлар бўлган.

“Улар туфайли мен жуда асабий эдим, яқинларим мени бундай масалаларни кўтаришни тўхтатишимга мажбур қилишди. Худога шукур, таксичиларнинг қонунбузарликлари аниқ исботланганидан сўнг, муаммо ижобий ҳал этилди, шахсий таксилар олиб ташланди ва “Дўстук-Ўш” аэропорти йўналиши бўйлаб ва орқага микроавтобуслар қатнови йўлга қўйилди. Ҳа, норозилар кўп бўлди, яна сохта ватанпарварлар мени турли йўллар билан обрўсизлантиришга уриндилар”, — деди Шоҳрух Соипов.

У “Дўстук” чегарасидаги коррупцион схема ҳам тез орада ижобий ҳал этилишига умид қилмоқда, деб ёзади “Кун.уз”.

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация