Мақола

654 20/12/2022

Қирғизистонда ЎРВИ (ОРВИ) ва гриппнинг ўсиши давом этяпти. Шу сабабдан мактабларда карантин узайтирилиши мумкин.

Бу ҳақда Қирғизистон соғлиқни сақлаш вазирлигининг Касалликларнинг олдини олиш ва давлат санитария-эпидемиология назорати департаменти директори Султон Абдуқодиров 24.kg агентлигига маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, ўтган ҳафтага нисбатан касалланишлар сони уч баробардан кўпроққа ошди.

“12 декабрдан 18 декабргача 44106 нафар ўткир респиратор вирусли инфекция ва грипп қайд этилган. Таъкидлаш жоизки, жами касалланганларнинг 72,6 фоизи 14 ёшгача бўлган болалар (32 мин 26 нафар)”, – деди у.

Султон Абдуқодиров грипп билан касалланиш (142 та ҳолат) ҳақида гапирар экан, ҳозирда  аксарият касалланганларда А/H1N1 (чўчқа гриппи) тури устунлик қилаётганини таъкидлади.

“Бу ҳафтада у 96 фоизни ташкил этди. Грипп оғир давом этади, кўпинча асорат беради, юқумли ва тез тарқалади. Шунинг учун аҳолини гриппга қарши вакцина олишга чақирамиз, у касалликнинг уч туридан ҳимоя қилади”, деди у.

Расмий манбаага кўра,касалланиш қачон камайиши ҳақида гапиришга ҳали эрта.

“Кўп йиллик динамикага кўра, ўсиш одатда декабрь ойининг охирида, энг юқори чўққиси эса январь ойининг охирида бўлган. Бу йил мавсумий ўсиш декабрь бошида бошланди. Энди мактабларга киритилган чекловлар, касалликнинг чекинишига олиб келади, деган умид бор. Биз кузатитшда давом этамиз. Ҳозирча таҳлил қилиш учун жуда кам маълумотлар мавжуд. Динамикани кузатиш учун эса камида бир ой керак бўлади”, дея қўшимча қилди у.

Султон Абдуқодиров мактабларда карантиннинг иккинчи чорак охиригача узайтирилиши мумкинлигини инкор этмади.

Аввалроқ Қирғизистонда 509 та мактаб ва 168 та болалар боғчаси карантинга ёпилган эди. Бу республикадаги мактабларнинг бешдан бир қисми демакдир. Мамлакатда жами 2357 та умумтаълим ташкилотлари мавжуд.

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация