Maqola

983 14/06/2022

Қирғизистонда пахта етиштириш соҳасида ишчи қўллари етишмаяпти.

Қирғизистоннинг чегара ҳудудларига пул топиш илинжида келадиган ўзбекистонликлар сони камайиб кетди. Авваллари қирғизистонлик фермерларда бундай муаммолар бўлмасди. Чунки Ўзбекистондан мавсумий ишчилар келиб, пахта етиштиришда қатнашардилар. Ҳозир эса фермерлар ишларни фақат ўз кучлари билан бажаришларига тўғри келяпти. Хўш, нима учун Қирғизистонга Ўзбекистондан ишга келувчи меҳнат мигрантларининг сони тобора камайиб бормоқда?

Қирғизистон жанубидаги далаларда ҳозир иш қизғин. Баҳордаёқ Ноокент районида ҳаво иссиқлиги 35 даражага чиқади. Бу мамлакатнинг энг иссиқ ҳудудларидан. Шу сабабли бир мавсумда баъзи мева ва сабзавотлар ҳосили икки мартадан йиғиб олинади. Ҳозир пахтакорлар ғўзани бегона ўтлардан тозалаш билан бандлар.

“Далада ишлашга одам етишмаяпти, – дейди фермер Танзила Абдукова. – Биз машинада маҳалларни кезиб, одам тўплаяпмиз. Одамларга телефон қиляпмиз. Қишлоқдаги одамлар билан бир вақтга келишиб, тўпланишиб, далага йўл оламиз”.

Танзила Абдукова икки йилдан буён оиласи билан далага пахта экади. Вақтида белгиланган ишларни бажариш учун у қариндошлари ва қўшниларини ёрдамга чақирди.Бу ерда дала ишлари билан асосан аёллар машғуллар.

Кўпчилик фермерлар ўзларига ажратилган ер майдонларида ишлаш учун Ўзбекистондан келувчи аёлларни ёллашарди.

“Биз ҳаммамиз бир маҳалладанмиз: келинлар, қизлар, опа-сингиллар,-дейди Матлуба Усубалиева. – Ҳаммамиз ёрдамга келдик.Шундай пайтда Танзилага қарашмасак бўлмайди-да. Авваллари бу ишларга ўзбекистонлик ишчиларни ёллашарди. Ҳозир эса улар келишяптими ёки йўқми, билмайман”.

Бу ерга чегаранинг назорат-ўтказиш пункти жуда яқин – атиги 5-6 километр келади. Пандемия вақтида икки мамлакат ўртасидаги чегара ёпилди. Лекин касаллик чекиниб, чегаралар очилгач, Ўзбекистондан мавсумий ишчилар келмай қўйишди.

“Авваллари Ўзбекистондан жуда кўп ишчилар келишарди,-дейди Ўмурбек Кандиров. – “Маданият”даги божхона пунктига келишгач, биз ишчиларни машинада олиб кетардик. Улар яхши ишлашарди. Ҳозир бундай ишчиларнинг сони жуда кам. Келаётганлари ҳам қурилишда ишлашади ёки новвойхоналарда нон ёпишади. Пахта даласида ишлаш учун эса биз қариндошларга ялинамиз, баъзилар мактаб ўқувчиларини ишга ёллашади”.

Панедемия бошланиши билан Қирғизистонда пахтани сотиб олиш нархи пасайди, натижада фермерлар уни кам экишадиган бўлишди. Ўтган йилдан буён эса вазият ўзгарди.

“Сўнгги 3-5 йиллар давомида пахта экиш майдонлари кескин қисқарди. 2019-2020 йилларда уни экиш икки минг гектарга камайди. Ўтган йили пахтанинг ҳар килограмми нархи 100 сомдан ошди. Пахта экаётган деҳқонлар сони табиийки, кўпайди”, – дейди Ноокент райони маъмурияти раҳбари Аскат Асанов.

Шу сабабдан ҳам фермерлар кузда пахта йиғим-терими бошланса, ишчи қўллари етишмай қолишидан ташвишланишяпти. Дала ишларига қарашгани келувчиларнинг кўпчилиги қурилиш соҳасида ишлашни танламоқдалар.

“Маҳаллий аҳолимиз ўртасида ишчилар деярли йўқ,- дейди қурувчи Заурбек Атамбетов, – Масалан ҳозир ишчилар бригадаси зарур. Бизда ишлаётган ўзбекистонликларнинг асосий қисми -қариндошларимиз. Ўзимиз уларни ишлашга таклиф қилганмиз. Улар бу ерда меҳнат қилишади ва пулларини олгач, ватанларига қайтишади”.

Маҳаллий ишчи Заурбек ўзбекистонлик ҳамкасбларини меҳнатсеварликлари учун мақтайди. У ўзбекистонликлар ҳар икки ойда ишга рухсатнома олиши кераклигидан афсусланади: “Ишчиларнинг атиги икки ойга рухсати бор, 2 ойдан сўнг юртларига бориб, яна қайтиб келишади”. У фарғоналик ва наманганлик ишчиларнинг кўмагида қурилган жойларни фахрланиб кўрсатади.

Ўзбекистонликларнинг Қирғизистонга келиб,меҳнат қилишларидан ҳар икки томон ютади, – дейди Қизил-Туу қишлоғи раҳбари Замирбек Асибаев. Маҳаллий фермерлар ишчиларни ёллашидан ҳамма манфаатдор. “Тўғри, бизда ишчиларга Россиядаги сингари ҳақ тўланмайди, лекин астойдил меҳнат қилинса, 20-30 минг сом ишлаш мумкин. Ўта меҳнаткаш инсонлар 50 минггача пул топишади. Ҳудудларимизнинг яқинлиги бизга қўл келади, Россияга бўлгани сингари узоқ йўл юриш шарт эмас. Кўпчилик фермерлар иш бошланишидан аввалроқ ўзбекистонликлар билан келишиб олишади”.

Фақат ўзбекистонлик ишчиларнинг аксарияти Қирғизистонда норасмий ишлашади. Иш берувчи билан ишчи оғзаки келишиб олишади. Шунинг учун Қирғизистонда Ўзбекистоннинг қанча фуқароси меҳнат қилиши бўйича аниқ статистика йўқ. Миграция масалалари бўйича бошқарманинг маълумотларига кўра йил бошидан буён фақатгина 55 нафар ўзбекистонлик ишлаш учун расмий рухсатнома олишган.

Rossiya, migrantlar: Ko‘rinishga qarab yoqmaganni qaytarishyapti

Navigatsiya