Тартиббузар зудлик билан ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари томонидан қўлга олинди ва полиция бўлимига келтирилди, дея хабар берди life.ru.
24 ёшли йигит Нижняя Красносельская кўчасидаги қурилиш мажмуасида иш ҳақлари берилмагани учун TriBeCa Apartments турар жой мажмуасини савдо офиси билан бирга ёқиб юборишга уринди.
Айдарали TriBeCa Apartments ТЖ қурилишида бир неча йилдан бери ишлайди. Аммо сўнгги бир неча ой мобайнида иш ҳақи берилмай келган ва компания ундан 100 минг рубль қарз бўлган.
8 октябрь куни кундузи Айдарали савдо офисига келиб яна ўз маошини талаб қилган. Мигрантга рад жавобини беришгач, у савдо офисига бензин сепиб, агар иш ҳақини беришмаса ҳаммасини ёқиб юборишини айтган. Офис ходимлари эса полиция чақиришган.
Воқеа жойига етиб келган полиция ходимлари мигрант билан бир неча дақиқалик суҳбат ўтказишгач, маҳаллий полиция бўлимига олиб кетилган. У ерда Айдарали ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимларига ўз ҳаракатлари сабабини гапириб берган. Қурилишдаги бир неча ойлик меҳнатлари эвазига Айдарали 100 минг рубль иш ҳақи олиши лозим бўлган. Аммо қурилишдаги барча ишлар якунлангач, унга пулларини беришмади. Ҳар гал йигитга қарзларини беришларини ваъда қилишган, аммо бериш муддатини доим орқага суришган. Айдарали компания ходимларидан ўз меҳнати ҳақини ундириш учун бошқа чора топа олмаганини билдирди.
Шуниси эътиборлики, мазкур турар жой мажмуаси апартаментининг ўртача нархи тахминан 20 млн рубль бўлган. Мажмуа нафақат жойлашуви, балки дизайнерлик таъмири жиҳатидан ҳам нуфузли ҳисобланади.
Шундай нуфузли турар жой мажмуасининг эгалари нима учун мигрантга ўз меҳнати ҳақини тўлаш учун пул топа олишмаганини полиция ходимларига тушунтиришларига тўғри келади. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари билан суҳбатда Айдарали иш бажариш бўйича компания билан тузган шартномаси ва барча хужжатларини кўрсатди. Хужжатларга кўра, мигрант бажарган ишлари эвазига 100 минг рубль иш ҳақи олиши лозим бўлган.