Maqola

883 11/06/2022

Иш топиб берувчи шу фаолияти доирасида маълум меҳнат ёки қандайдир харажатлар қилса, ушбу хизмати учун ҳақ талаб қилиши мумкин. Аммо, ҳеч қандай меҳнат қилмаган бўлса, у одамдан ҳақ талаб қилиши мумкин эмас.

Бугунги кунда авваллари мавжуд бўлмаган хизмат турлари кўпайиб бормоқда. Шу каби “тадбиркорлик” усулларидан бири одамларга иш топиб беришга ихтисослашган ширкатлар ва махсус веб-саҳифалар юритишдир.

Бундай ташкилот ёки шахсларнинг ишлаш тартиби қуйидагича: иш излаётган одамларга иш, ходим қидираётган ташкилотларга ходим топиб беришади ва шу хизматлари учун ҳақ олишади. Хўш, бу каби фаолият турининг шаръий тартиби ва ҳукми қандай? Ислом молияси сайти шу мавзуда турли манбалардаги маълумотларни қиёслаб, иш топиб берганлик ҳақ олиш масаласи хусусида мақола тайёрлади. Уни эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Авваламбор, аҳамият қаратишимиз лозимки, иш ёки ишчи топиб бериш билан шуғулланувчи ташкилот ва шахслар иш қидираётган одамларга шариатга зид бўлган ишларни таклиф қилишлари мумкин эмас. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

“Ҳалол ризқ излаш – ҳар бир мусулмон учун вожибдир”. Имом Табароний ривоятлари.

Ислом дини фақат ва фақат ҳалол касб орқали ризқ топишга тарғиб қилади ва ҳаром ёки шубҳали ишлар билан шуғулланишдан қайтаради.

Демак, иш топиб берувчилар мижозини рибо, маст қилувчи ичимликлар, тамаки ишлаб чиқариш, чўчқа етиштириш ёки сотиш, қиморхона ва шу каби молиявий амалиётлар билан шуғулланувчи ишларга жалб қилмаслиги керак (яъни “майсир”га бевосита ёки билвосита алоқадор жиҳатлари бор бўлган фаолият турлари). Шу билан бирга, инсонларни номаълум, ноаниқ шартлар билан меҳнати ва вақтини олувчи (яъни ғарар мавжуд бўлган шубҳали компания ва фирмаларда) ишларга таклиф қилишлари мумкин эмас.

Албатта, иш излаётган одам ҳам қандай иш таклиф қилинаётгани ва у ерда нима билан шуғулланишини ўрганиб чиқиши, иш берувчи компания нима орқали пул топишини батафсил ўрганиши лозим.

Бу каби иш билан шуғулланувчи ташкилот ёки шахслар қанча ҳақ талаб қилишлари жоиз? Умуман олганда, бу каби иш билан шуғулланиш ва бунга ҳақ талаб қилиш мумкинми? Агар мумкин бўлса унинг қандай шартлари бор ва нималарга аҳамият бериш керак?

Иш қидирувчи ва иш берувчи ўртасида ўртакашлик қилиш, ёки ўз обрўсидан фойдаланиб ишга олиб кириб қўйиш аслида жоиз. Ушбу ишни амалга ошириш учун ташкилот, махсус платформа ёки якка тадбиркор муайян хизмат кўрсатса ва шу фаолияти доирасида маълум меҳнат ёки қандайдир харажатлар қилса, ушбу хизмати учун ҳақ талаб қилиши ҳам мумкин.

Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳи ҳам ўз “саҳиҳ”ларида, “Даллолларга бериладиган ҳақ” деб номланувчи бўлимда ушбу масалани зикр қилганлар ва унда ҳеч қандай муаммо кузатилмаганини келтирганлар.

Аммо, агар иш топиб берувчи ҳеч қандай меҳнат қилмаган бўлса, у одамдан ҳақ талаб қилиши мумкин эмас. Бундан ташқари, агар бир одам иш қидираётган инсонга ўзи муайян лавозимда ишлайдиган ташкилотга ишга киришга ёрдам қилса ёки шунчаки ишга олса, бунинг учун ҳақ талаб қилиши мумкин эмас.

Бу борада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги ҳадислари мавжуд:

Абу Амома Баҳилий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Ким биродари учун ўртага тушса (ёнини олса) ва унга бу иши учун ҳадя берилганда қабул қилса, албатта у рибо эшикларидан бўлмиш улкан эшикка келиб қолибди.”

Уламолар бу ҳадиснинг шарҳида, албатта бу каби муруват мубоҳ амалдир ва қарзи ҳасана каби дунёвий фойда кўзланмайдиган ёрдамдир, агар унга ҳақ олинса у вожиб бўлиб қолиши мумкин ва худди рибо ҳалолни зое қилганидек бу ҳақ ҳам унинг савобини зое қилади дейишган.

Шу билан бирга, агар ўзи ишлайдиган ташкилотга ишга олишда лавозимидан фойдаланган ҳолда одамларга иш бериб ва шунинг учун ҳақ сўраса, бу очиқ-ойдин порахўрлик бўлади ва шариатга кўра, порани берувчи ҳам олувчи ҳам оғир гуноҳ қилган бўлади.

Бу ҳақда Расулулллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги ҳадислари бор:

Абдуллоҳ ибн Умар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “Аллоҳ пора берганни ҳам, пора олганни ҳам лаънатлагандир” (Имом ибн Можа ривояти).

Демак, ушбу масала уч ҳил кўринишдан бирида бўлиши мумкин экан:

1. Ишга кираётган одамнинг таниши ўртага тушиб ёрдам бергани учун ҳақ олиши жоиз эмас;

2. Корхонадаги бошлиқ ёки ишга қабул қилишга масул ходим, ишга олгани учун ҳақ сўраши мумкин эмас;

3. Бирон ташкилот ёки шахс одамларга иш топишда ёрдам берса ва бу фаолиятида ҳужжатларни тайёрлаш ёки шу каби хизматлар кўрсатадиган бўлса, бу иши учун ҳақ талаб қилиши жоиз.

Иш топиб бераётган ташкилот, якка шахс ёки махсус вебсаҳифалар, муайян хизматлари учун қанча ҳақ олишлари ва ушбу ҳақни неча маротаба талаб қилишлари/олишлари мумкин?

Хизмат ҳақининг миқдори икки тарафнинг розилигидан келиб чиққан ҳолда белгиланади. Ташкилот бир маротаба кўрсатган хизмати учун олдиндан келишилган аниқ маблағни ёки ишга кирган одам меҳнати учун оладиган фойдадан муайян қисмини келишувга биноан олиши мумкин. Ҳам иш топгани учун ҳақ, ҳам қилган ишидан алоҳида улуш олиши жоиз эмас.

Агар иш топиб берувчи бир маротаба, фақат ишнинг бошида хизмат кўрсатган бўлса, ҳақни ҳам келишувга биноан бир маротаба олиши керак. Бир маротаба кўрсатган хизмати учун давомий, яъни ҳар ойлик маошидан ёки ҳар амалга оширадиган меҳнатидан ҳақ олиши мумкин эмас.

Мисол учун: бир киши иш топиб берувчи платформа-вебсаҳифа хизматидан фойдаланган ҳолда иш топди ва бунинг учун маълум миқдорда ҳақ тўлади. Иш топган одам ўзининг биринчи ойлигидан ёки алоҳида бир марталик ҳақ тўлайди холос, вебсаҳифа маъмурияти бундан ортиқ ҳақ талаб қилишга ҳаққи йўқ.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Rossiya, migrantlar: Ko‘rinishga qarab yoqmaganni qaytarishyapti

Navigatsiya