Maqola

1 636 19/08/2022

Яқинда Новороссийскда божхоначилар Ўзбекистондан темир йўл орқали келган контейнердан 1,1 тонна қуритилган исириқ (“гармала”) топилгани хусусида баёнотнома ёзишди. Бу ҳақда аввал ҳам хабар бергандик.

Исириқ топилса нима бўпти, дейсизми? Баъзи мамлакатларда исириқ таркибида гиёҳванд модда бор ўсимликлар рўйхатига киритилган.

Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 229.1 моддасига кўра (гиёҳванд воситалар, психотроп моддалар, уларнинг прекусорлари контрабандаси) исириқни олиб ўтмоқчи бўлганларга нисбатан жиноий иш қўзғатилди.

Мазкур модда бўйича судланган шахсга ЖКнинг юқоридаги моддасига кўра, 1 миллион рублгача жарима, 3 йилдан 20 йилгача озодликдан чеклаш ёки умрбод озодликдан маҳрум қилиш каби чоралар қўлланилиши мумкин. Бу Россия чегарасида ноқонуний тарзда “таркибида гиёҳванд моддалар бўлган” исириқни олиб ўтиш бўйича юз бераётган биринчи ҳолат эмас.

Новосибирск божхоначилари 2021 йил ноябрь ойидан 2022 йил март ойигача Толмачево аэропортида таркибида “гермин” (ҳармин) моддаси бўлган қуруқ исириқ ўтини олиб киришнинг 33 та ҳолатини аниқлашди.

Хабарда айтилишича, Марказий Осиё республикаларидан келган йўловчилардан 7 килограммдан ортиқ хомашё олиб қўйилган. Қуритилган исириқни ноқонуний олиб кириш фактлари бўйича Новосибирск божхона бошқармаси РФ Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 16.3 моддаси (тақиқлар ва чекловларга риоя қилмаслик) бўйича 33 та маъмурий ҳуқуқбузарлик ишини қўзғатди. Мазкур модда 1000 дан 2500 рублгача жарима ва ҳуқуқбузарлик асоси бўлган предметни мусодара қилишни назарда тутади.

“Россияда “гармин” муомаласи чекланган гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар рўйхатига киритилган. Бу шуни англатадики, таркибида “гармин” моддаси бўлган исириқ  ўтини Россия ҳудудига олиб кириш учун махсус тиббий рухсатномалар керак бўлади”, – деб тушунтирди Сибирь тезкор божхона бошқармаси бошлиғи ўринбосари Сергей Бондарев.

 2021 йил август ойида Иркутск аэропортида божхоначилар икки Ўзбекистон фуқаросидан бир килограммдан ортиқ исириқ топдилар.

Мазкур божхона бошқармаси маълумотларига кўра, қўлга олинган йўловчилар Иркутскка Тошкент ва Намангандан келишган. Хизмат итлари уларнинг сумкаларидан 830 ва 243 граммлик қуруқ сариқ-яшил ўсимликлар солинган полиэтилен пакетларни топишган.

Божхона кўригидан ўтказилганда, бу ўсимлик “гармала” (ҳармала) авлодига мансуб бўлиб, унинг таркибида “гармин” (ҳармин) гиёҳванд моддаси борлиги аниқланди.

Россия Федерацияси қонунчилигига мувофиқ, ушбу препаратнинг мамлакатда айланиши чекланган, унга нисбатан махсус назорат чоралари ўрнатилган, деб таъкидлайди божхона хизмати.

Хабарда айтилишича, ўзбекистонликларда исириқни олиб кириш зарурлигини тасдиқловчи тиббий кўрсатмалар бўлмаган.

Бундан ташқари, 2021 йил август ойида Беларуснинг Ўзбекистондаги элчихонаси ходимлари исириқ ўта хавфли психотроп модда эканлигини маълум қилишган.

Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар, шунингдек, давлат назорати остида бўлган прекурсорлар рўйхатига кўра, Беларусда исириқ тиббий мақсадларда ишлатилмайди. Аксинча, у хавфли психотроп моддалар рўйхатига киритилган.

Беларуснинг Гродно вилояти суд экспертизаси давлат қўмитасининг махсус экспертизалар бўлими бошлиғи Андрей Лукша исириқ ҳақида шундай дейди:

“Бу ўсимликнинг барча шифобахш хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда кўп одамлар унинг таркибида алкалоидлар – “гармалин” ва “гармин” борлигини унутишади. Улар кўплаб давлатлар – Литва, Россия, Украина, Грузия ҳудудида тақиқланган. Исириқнинг таркибидаги алкалоидлар инсон танасига киргач, токсик таъсирга эга бўлиб, хаёлий галлюцинацияларни, сархушликни келтириб чиқаради ва инсон онгини ўзгартиради. Ўсимликнинг айнан шу хусусиятлари Осиё мамлакатларида “шаманлар” маросимларида қўл келган”.

Исириқдан йиллар давомида фойдаланиб келаётган кўпчилик ўзбеклар унинг таркибида гиёҳванд, кайф қилувчи моддалар борлигини билишмайди ҳам. Маълумотларга кўра, ўсимликнинг барча қисмларида “гармалин”, “гармин”, “пеганин”, “триметелхин золони” каби алкалолидлар ва ёғлар мавжуд.

Шу ўринда алкалоидлар нима, деган саволга ҳам жавоб бериб кетамиз.

Алкалоидлар — ўсимликларда, камдан-кам ҳолларда ҳайвонот организмида учрайдиган азотли органик бирикмалар.

Тиббиётда турли касалликларни даволашда юздан ортиқ алкалоидлар қўлланилмоқда. Оғриқ қолдириш ва бошқа касалликларни даволашда морфин, кодеин, кофеин, эфедрин, стрихнин, колхамин, атропин, кокаин, галантамин, цитизин ва бошқалардан фойдаланилади. Булар асосан гиёҳванд моддалар-ку, дейишингиз мумкин. Ҳа, лекин бу моддалар тиббиётда қўлланилади. Даволаш хусусиятини гапирсак-да, кашандалик ва бангиликнинг асосий «сабабчиси» ҳам алкалоидлардир.

Тиббиётда “гармин” алкалоиди экстрапирамидал тизим касалликларини ва эпидемик энцефалит оқибатларини, паркинсонизм, қалтираш ва фалажлик ҳолатларини даволашда қўлланилади.

“Гармин” таъсирида инсон турли ҳаракатлар қилаётганини сезмай ҳам қолади, аниқроғи, ўз ҳаракатларига жавоб бермайди. У тажрибада кузатилишича, инсоннинг марказий асаб тизимига, айниқса бош мия фаолиятига таъсир кўрсатади, қон босимини оширади, нафас олишни тезлаштиради, мушакларини бўшаштиради, томирларни кенгайтиради. Сархушлик ҳолатига сабаб бўлади. “Гармин” моддасини юқори дозаларда қабул қилиш инсон танасининг бехосдан титраши ва томирларнинг чангак ҳолатига сабаб бўлиши мумкин.

Исириқ таркибидаги “гармалин” моддаси “гармин” ва “пеганин”га нисбатан 2 баравар кучлироқ. Лекин ўзбек халқи исириқнинг фойдали хусусиятлари жуда кўп, деб билади.

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Генетика ва ўсимликлар эспериментал биологияси институтининг Микроорганизмлар биотехнологияси лабораторияси мудири, биология фанлари доктори Бахтиёр Расулов Кун.уз портали мухбири билан бўлган суҳбатда исириқнинг фойдали хусусиятларини гапириб берди.

Унинг сўзларига кўра, Фанлар академияси Ўсимлик моддалари кимё институтида ўтган асрнинг 60-йилларида дунёда биринчи марта исириқнинг физик-кимёвий ва фармокологик хоссалари, унинг таркибидан алколоидларни ажратиш бўйича тадқиқотлар бошланган ва бу йўналишда катта мактаб яратилган.

Бугунги кунда ҳам исириқ таркибидаги моддаларни ўрганиш бўйича ишлар давом этмоқда.

Хусусан, исириқдан олинган алкалоид экстракти ёрдамида гриппнинг олдини олиш бўйича тадқиқотлар нашр этилган. Исириқ алкалоидлари инсон танасидаги зарарли микроорганизмларнинг ривожланишини ҳам тўхтатиши мумкин.

“Исириқни тутатиш жараёнида ҳаводаги зарарли микроорганизмларга таъсир этувчи ва уларни зарарсизлантирувчи а-пинен, лимонен ва стирол каби моддалар ажралиб чиқиши исботланган. Илмий нуқтаи назардан исириқни тутатиб, ҳавони зарарсизлантиришда ҳеч қандай зарарли нарса йўқ, аксинча бунинг фойдали томонлари жуда кўп.

Қолаверса, исириқ тутатилган хонада ўзига хос ёқимли ҳолат пайдо бўлади, бу эса ўзбеклар учун одатий ҳолат. Бошқа воситалар билан солиштирганда, исириқ хоналарнинг ҳавосини тозалаш учун ҳам, инфекцияларни йўқотиш учун ҳам арзон восита ҳисобланади”- дейди олим.

Хўш, Ўзбекистонда ниҳоятда оммалашган исириқ яна нима учун ишлатилади?

Кўпинча ўзбек маҳаллаларида дарвоза тепасига исириқ боғлаб қўйишганини кузатамиз. Келин-куёвлар келадиган хонадонларда, чақалоқ келадиган уйларда ҳам албатта исириқ тутатишади.

Шарқнинг аксар мамлакатларида, жумладан Марказий Осиё мамлакатларида исириқни тутатиш русум бўлган.

“Ёмон кўздан сақласин!”- Ўзбекистоннинг барча вилоятларида шу ниятда исириқ тутатишади. Исириқ солиб тутатилаётган идишни одамнинг боши тепасидан уч марта айлантириб қўйганларини жуда кўп кўрганмиз.

Исириқнинг ҳиди кўпчиликка ёқади. Ўзбекистонликларнинг аксарияти болалалигидан исириқ ҳидига ўрганишган. Меҳмон кутилаётган хонадонларга мезбонлар яхши ҳид келиб турсин деб, исириқ тутатиб қўйишади.

Тиббиёт соҳасида ҳам исириқни кўп тавсия қилишади. Ҳозир Ўзбекистондаги дорихоналарнинг барчасида ихчам қадоқланган исириқлар сотилади.

Rossiya, migrantlar: Ko‘rinishga qarab yoqmaganni qaytarishyapti

Navigatsiya