Мақола

2 654 30/10/2023

29 октябрь куни кечқурун Исроилдан келган самолёт туфайли оломон Махачқалъа халқаро аэропортига бостириб кирди.

Қўлларида Фаластин байроқларини кўтарган оломон аэропортда, ҳатто учиш-қўниш йўлагида Исроил фуқароларини излай бошлади. Аллақачон қўнган самолётдаги йўловчилар ўз хавфсизлигидан хавотирланиб, бир неча соат давомида самолётларни тарк эта олмаган. Айрим телеграм каналларида тарқатилган исроилликларнинг Доғистонга келаётгани ҳақидаги хабар норозиликларнинг асосий сабаби бўлди.

Оломон тутиб олган бир одам ўзини ўзбек деб таништирган, бироқ она тилини билмагани унга панд берди.

Видеода эркак ёлғон гапирганликда айбланиб, унинг паспорти олиб қўйилган. Охир-оқибат у смоленсклик Дилшод Мамадалиев исмли шифокор бўлиб чиқди.

2006 йилда Дилшод Смоленск шаҳридаги 16-мактабни  тамомлаган. 2012 йилда Россия Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Смоленск давлат тиббиёт академияси, Тиббиёт факултетини тугатган.

2023 йилдан ҳозирги кунгача Дилшод – Смоленскдаги клиникада қон томир жарроҳи, флеболог бўлиб ишлайди.

Доғистондаги аҳволга қайтсак, “Полиция ходимлари ва тинч аҳоли орасида ўртача ва оғир қурбонлар бор. Икки кишининг аҳволи ўта оғир”, – дея хабар беради Доғистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги.

Ўн киши касалхонада, яна 10 дан ортиқ киши енгил жароҳатлар билан амбулатор ёрдам сўраган.

Доғистон раҳбари Сергей Меликов Махачқалъа аэропортини эгаллаб олишга шайланган митинг иштирокчилари жавобгарликка тортилишидан огоҳлантирди.

Полиция Махачқалъа аэропортидаги тартибсизликларнинг 150 дан ортиқ фаол иштирокчини аниқлади. 60 киши ушланиб, бошқармаларга олиб кетилди.

Ҳуқуқ-тартибот идораларининг тўққиз ходими жароҳатланган, улардан икки нафари шифохонада. Россия Тергов қўмитаси Махачқалъа аеропортидаги фавқулодда ҳолат юзасидан “Оммавий тартибсизликлар” моддаси бўйича жиноий иш қўзғатди. Бу модда бўйича айбдорлар 8 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум этиш билан жазоланиши мумкин.

Ҳозирда тергов давом этмоқда.

Ёқуб Умар

Rossiya, migrantlar: Ko‘rinishga qarab yoqmaganni qaytarishyapti

Навигация