Мақола

1 754 11/07/2023

Бу кўҳна шаҳар ҳамиша сайёҳлар билан тўла. Унинг нафақат меъморий обидалари ва мачитлари, балки паст-баланд кўчаларию митти уйлари ҳам меҳмонларни мафтун қилади. Айниқса туркларнинг кўчаларда чой ичиб ўтириш одатлари қизиқ.

Дастлаб борганимда Истанбул аҳли нега кўча ёқасидаги йўлакларда ўтириб чой ичишаркин, деб ўйлагандим. Кейинчалик билдимки, ер танқислиги учун уларда ҳовли деган нарсанинг ўзи йўқ экан. Шунинг учун ҳам кўчада ўтган кетганни томоша қилиб, ҳам чой таъмидан ҳузурланиб ўтиришаркан.

Биз ҳам улардан қиёс олиб, меҳмонхона ёнида чой ичиб ўтиргандик. Бирдан қабулхонадан бақир-чақир овози келди ва бир йигит эшикдан отилиб чиқди. Кейин ичкарига қараб инглизчада, лекин ҳамма тушунадиган сўзлар билан қўлини бигиз қилганича жуда хунук сўкинди. Унинг қўлида АҚШ паспорти бор эди.

Аввал рецепшнда ҳар куни бизга жилмайиб турадиган қиз югуриб чиқди, ортидан юкларимизни кўтаришда ёрдам берган йигит кўринди. Қиз туркчалаб жуда норози оҳангда нималардир деди, тушуниб улгурмадим. Америкалик йигит яна сўкинди. Шунда қиз ёнидаги турк йигит югуриб борди ва ёқасига ёпишди. Биз ажратдик, америкалик шундаям бўралатиб сўкинишини қўймади ва телефонига ёпишиб, полиция чақирди.

Қизнинг кўзларида ёш ғилтиллади, ҳамкасби уни овутишга киришди, ажнабий йигит нари кетди. Ичкарида меҳмоннинг шериги бор экан. У туркчани биларкан. Вазиятни юмшатишга ҳаракат қилди ва “Дўстим учун узр сўрайман, қўй, биз кетайлик” деди.

Қиз “Йўқ, олдимга келиб ўзи узр сўрасин ва ундан кейин кетади” деб туриб олди. Суҳбатларидан тушундимки, мижоз йигит қабулхонадаги қизни суратга олмоқчи бўлган, у рад қилган. Йигитнинг орияти қўзиганми, оддий хизматчидан рад жавоби олгани қаттиқ таъсир қилганми, ёки янаям ёмони ўзига, давлатига шунча бино қўйганми, сўкиб юборган. Бир сўкканику майли, такрор-такрор ҳақорат қилаверган.

Ичкарида ҳали юклари тургани учун кетолмай турибди, хизматчилар беришмаяпти. Охири йигит қайтиб кирди. Яна тортишишди. Қиз узр сўрашни талаб қилди, йигит сўрамади. “Камига қўлингдан келганини қил, ҳозир полиция келади, мижозга шундай муносабатда бўлганинг учун жазолатаман” дея пўписа қилди.

Шунда қизнинг кўзларида ғалати олов чақнади. Қўл телефонини олиб кимнингдир рақамини терди ва биринчи сўзни айтар айтмас йиғлаб юборди.

Тўрт дақиқа ё ўтди, ё ўтмади. Аниғи шуки, америкалик чақирган полициячи ҳали келмаганди. Меҳмонхона ёнига қора “БМВ” шитоб билан келиб таққа тўхтади ва ундан икки киши тушди. Улардан бири жуда гавдали эркак, иккинчиси ёшроқ йигит эди. Гавдалиси кирибоқ қиздан нима гаплигини сўради:

– Мана бу кишининг барча айтганини қилдим, лекин суратга тушираман деганига рози бўлмадим. “Сен кимсанки менга рад қиласан, ўзинг меҳмонхонанинг “ҳалигинақа” хизматчиси бўлсанг?” дея ҳақорат қилди. Камига кўпчилик олдида бир неча марта сўкди, – деди қиз йиғлаб.

Гавдали эркак йигитга қаради ва инглизчалаб бир неча савол берди. Йигит гапларини бош ирғаб тасдиқлади, аммо шунда ҳам вазиятни юмшатишга ҳаракат қилмади, узр сўрамади. Туркча биладиган таниши эса воқеалар ривожини тушангандай тинмай “пардон, пардон” дерди (туркларнинг ўзи ҳам узр сўрашда шу сўзни кўп ишлатишади).

Гап нимадалигини англаб етган эркак паншахадек қўллари билан бир лаҳзада америкаликнинг бўйнидан сиқди ва зина остидан кириб кетиладиган ертўла томон судради. Ҳамма ҳай-ҳайлаганича қолди. Эркак билан келган йигит ҳеч кимни уёққа ўтказмади.

Ертўла анча чуқур бўлсада беш-олтита кучли зарбанинг товуши, йигитнинг оҳ уриб ялинган овози яққол эшитилди. Икки дақиқалардан кейин бошидан кепкалари тушиб кетган, абгор бўлган америкалик қиз ёнига келиб такрор-такрор узр сўради. Кейин шериги иккови юкларини олиб индамай чиқиб кетишди.

Биз ҳам тарқалиб хоналаримизга кириб кетдик. Полиция келдими, йўқми, кўрмадим. Балки мурожаатчи чақириқни бекор қилгандир ҳам.

* * *

Албатта, қиз ва унинг эҳтимолий акаси бу ерда қонунни бузишди, самосудга йўл қўйишди, буни оқлаб бўлмайди. Аммо қонун йўли билан иш кўрилгунча америкалик кетишга улгурар, зудлик билан ушланганда ҳам туристлиги учун оддий жарима билан қўйворилар, иш катталашган тақдирда ҳам элчихона аралашиб, бир туки тўкилмай қутилиб кетарди. Аммо ўртада бир турк қизи, мусулмон қизининг обрўсини топтагани қоларди.

Умуман, айрим йирик давлатлар фуқаролари кичикроқ давлатларга боришса маҳаллий аҳолига паст назар билан қараши, хизматчиларни одам ўрнида кўрмаслиги кўп кузатилади. Афсусланарлиси, жуда кўпчилик уларнинг ҳурматини жойига қўйиб, ҳурматсизлигини ютишга мажбур бўлади.

Бироқ ғурурли турк қизи бунга йўл қўймади. Мен эса шу тарзда Истанбулда кўча қоидалари ҳам ишлаб турганига гувоҳ бўлиб қолдим…

Аброр Зоҳидов

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация