298 30/10/2023

Республиканинг 100 йиллигига бағишланади

Халқимиз 100 йил олдин худди бугунги санада, аждодларимиз 900 йил мобайнида яшаб келган Онадўли заминида бизни тамомила йўқ қилмоқчи бўлганларга қарши Чаноққалъа ёки Ал-Қутда бўлгани каби, узоқ давом этган жангдан сўнг қайта куч тўплади ва миллий озодлик курашида ғалабага эришди. Мустақиллик руҳи билан барпо этилган Онадўлидаги учинчи буюк давлат саналмиш Туркия Республикаси жуда кўп қийинчилик ва курашни кўрган, истиқлол урушида зафарга етган бирлик ва ҳамжиҳатлик маҳсули ҳисобланади.

Туркия Республикаси эълон қилиниши билан таълимдан иқтисодиётга қадар кенг қамровли тикланиш даври бошланди. Мамлакатни дунёга танитган кўплаб муваффақиятлар пойдевори шу даврда қўйилди.

Қишлоқ хўжалиги, саноат, таълим, соғлиқни сақлаш, транспорт, демократик ҳуқуқ ва эркинлик каби халқ турмуш даражасини кўтарадиган кўплаб соҳалар Турк миллати ва давлати том маънода оёққа туриши учун сафарбар қилинди.

Халқимиз бирин-кетин кўп қийинчиликларни, улкан тўсиқларни енгиб ўтиб, Республика 100 йиллик юбилейига фахр билан олиб келди. Айниқса, охирги 20 йилда истиқлол ва истиқбол муждасига эга миллатимиз тўккан тер, қилган саъй-ҳаракат, намойиш этган фидойиликни муносиб тақдирлаш учун Президент Режеп Таййип Эрдоған томонидан илгари сурилган янги ғоялар билан бирга янги асрга қадам ташланди.

Мамлакатимизни мақсадига, миллатимизни орзусига етказиш, шу билан бирга буюк ва кучли Туркияни барпо этиш мақсадида барча соҳаларда сон-саноқсиз инқилобий ишлар бажарилди, хизмат, сармоя жорий этилди.

Аввало миллий ирода мустаҳкамланиб, демократия чуқур илдиз отди. Азиз халқимиз жонажон юртимизда осойишта яшашини таъминлаш орқали бугун тинч-баҳузур юриш, эртанги кунга умид билан қараш қарор топди.

Қолаверса, мамлакат бўйлаб инфратузилмага йўналтирилган инвестиция ҳисобидан ишлаб чиқариш ва аҳоли бандлигини таъминлашда эришилган ютуқлар натижасида иқтисодиёт юксалиб, мамлакат ва аҳоли бойиши таъминланди. Ишлаб чиқаришни кенгайтириш орқали саноатдан тортиб қишлоқ хўжалигигача бўлган барча соҳаларда иш билан таъминлаш осонлаштирилди. “Инсонни яшатгин-ки, давлат яшасин” тушунчаси асосида ижтимоий қўллаб-қувватлаш кучайтирилиб, барча муҳтож фуқаролар қамраб олинди. Бошқа томондан, Президентлик бошқаруви тизимини жорий этиш орқали давлат механизмида икки асрлик изланишга жавоб берадиган улкан ислоҳот амалга оширилди. Илғор ва ташаббускор хавфсизлик сиёсати, ташқи сиёсатга фаол ва инсонпарвар ёндашув туфайли давлатимиз қудрати, байроғимиз шон-шуҳрати, халқимиз обрў-эътибори оширилди.

Соғлиқни сақлашдан таълимгача, технологиядан мудофаа саноатигача, ташқи сиёсатдан маданият ва санъатгача кўплаб соҳалардаги муваффақиятни тезлаштирган айни ташаббуслар осонлик билан амалга ошгани йўқ, албатта.

Глобал бошқарув ва иқтисодий тизимни тубдан ларзага келтирган эпидемия ва урушлар давом этар экан, биз мавжуд инфратузилмага асосланган ҳолда мамлакатимизни катта ютуққа тайёрлаш учун қаттиқ курашдик.

Чегараларимизга ҳужум қилиб, турк миллати ҳаёти ва мулки хавфсизлигига чанг солаётган кўплаб таҳдидларга қарши турдик. Глобал инқироздан ташқари, мамлакатимиз дуч келган икки хил стандарт ва эмбаргони имкониятга айлантирдик, ҳар соҳада кучимизга куч қўшдик. Бу тўсиқларнинг барини енгиб ўтиб, бирин-кетин демократия ва тараққиёт инқилобини амалга оширдик.

Шубҳасиз, Республикамизнинг биринчи асрида йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиб, иккинчи асрга тайёргарликни якунлайдиган бу ютуқлар меваси таълим, соғлиқни сақлаш, хавфсизлик, адолат, транспорт, энергетика, қишлоқ хўжалиги, спорт сингари турли соҳалар ривожида акс эта бошлади. Ўсиб, ривожланиб, кучайиб, бойиб бораётган Туркия ва халқимиз эртанги кунга умид билан қарайдиган, хорижда эса эргашадиган эмас, эргашиладиган давлат номини қозонди.

Дунё тарихий ўзгаришларни бошдан кечираётган, янги ва ҳаётий муаммоларга дуч келаётган бир шароитда биз учун бу қутлуғ сана нафақат давлатимиз иккинчи асрининг бошланишини билдирувчи тақвим кўрсаткичи, балки жуда катта мазмун ўзгариши ҳам.

Айни тушунчалар билан Республикамизни сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва дипломатик соҳаларда бутун миллатимиз орзу қилган даражага олиб чиқадиган олға қадам “Туркия Асри” деб номланди. Бу одим – мамлакатимиз ва цивилизациянинг барча ютуқларига таянган ҳолда янги авлодларга қолдирадиган энг катта меросимиздир.

“Туркия Асри” дастури асосида миллатимиз билан бирга Республиканинг 100 йиллигига катта умид, янада улуғ мақсадлар билан кириб боряпмиз. Бу йўлда, энг аввало, юртимиз эришаётган ютуқларни фидойилик ва қатъийлик билан ҳимоя қиламиз. Мамлакатимизнинг глобал миқёсда ўз сўзини айтиш ва қарор қабул қилиш иродасини мустаҳкамлаймиз.

Биз сиёсий ва иқтисодий қудратимизни ошириб, дунёнинг энг баланд иқтисодий чўққисига чиқишда давом этамиз. Ватанимизнинг ҳар бир қаричида тинчликни мустаҳкамлаймиз ва тараққиёт иродасини юксакка олиб чиқамиз. Ҳар бир ватандошимиз лойиқ бўлган ҳуқуқ, эркинлик ва фаровонликнинг келажакдаги хавфсизлигини таъминлаймиз. “Туркия Асри”да Республикамизнинг иккинчи асрини “шунчаки яшаш” эмас, “тараққий этиш” даврига айлантириш ниятидамиз. Ана шу шижоат билан Президентимиз Режеп Таййип Эрдоған бошчилигида бундан кейин ҳам “Туркия Асри” идеалидан келиб чиққан ҳолда, мамлакатимизни барча соҳаларда юқори даражага олиб чиқиш, аждодларимиздан бизга омонат шу азиз Ватанни абадий яшнатиш йўлидаги фаолиятимиздан ҳеч қачон тўхтамаймиз.

Туркиянинг биринчи асрини бор машаққати, ютуғи билан ортда қолдирар эканмиз, шу замин Ватан бўлиши учун жонини фидо қилган шаҳидларимиз ва ғозийларимизни эсга оламиз. Миллий озодлик курашида афсонавий мардлик кўрсатиб, қайта туғилишимизга сабаб бўлган инсонларни ҳурматлаймиз.

Биз эркин нафас олаётган шу Ватанни бизга туҳфа этган барча қаҳрамонларимизни эҳтиром, миннатдорлик ва шукроналик билан ёд этамиз.

Бутун миллатимизга Республика байрами муборак бўлсин!

Фахреттин Алтун,

Туркия Президенти ҳузуридаги Коммуникация бошқармаси бошлиғи, ЎзА.

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация