Мақола

457 08/11/2023

Бугун турли сабабларга кўра миллионлаб ўзбекистонликлар хорижда яшамоқда. Кимдир тирикчилик, бола-чақа ташвиши билан яқинларидан узоқда, мажбурликдан мусофирчиликда юрган бўлса, кимлардир хизмат сафари ёхуд таълим олиш учун ватанда олисда.

Ҳаёт доим ҳам силлиқ, рисоладагидек кечавермайди. “Иссиқ жон”—гоҳида соғлик панд берса, гоҳида кутилмаган ҳолатлар одамни мураккаб иқтисодий муаммолар қаршисида қолдиради.

Чет элга расмий ишчи сифатида кетиб, вафот этган барча мигрантлар Вазирлар Маҳкамаси қарорига асосан ташкил этилган жамғарма ёрдамида Ўзбекистонга қайтарилиши ҳақида билармидингиз?

Қуйида бунинг тартиб қоидалари ҳақида маълумот берамиз.

Шундай ҳодисалар борки, улар инсон фаолияти ва хоҳишларидан ташқарида содир бўлади. Бу каби ҳолатларни инсоният на бошқара олади ва на олдин кўра олади. Шулардан бири бу ўлимдир. Яқинлари-ю биродарлари ёнида бўлса-ку, майли, аммо юрти-ватанидан олисда вафот этган инсоннинг сўнгги истагини бажариш, уни она тупроғига топшириш нақадар муҳим ва адо этилиши лозим бўлган қарздир.

Айнан юқоридаги каби ҳолатлар учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси фуқароларини хорижда уюшган ҳолда ишга жойлаштириш тизимини янада такомиллаштириш ва тубдан қайта кўриб чиқиш чора-тадбирлари” тўғрисидаги қарори асосида ташкил этилган Хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармасидир.

Ушбу жамғарма фаолиятини тартибга солиш мақсадида низом ҳам ишлаб чиқилган.

Жамғарма вафот этган мигрантнинг минг доллар (бази ҳолларда 2минг доллар миграция агентлиги ходими маълумотларига кўра) гача бўлган харажатларини тўлаб (жасадни Республика ҳудудига олиб келиш ҳаражатлари), марҳумнинг яқинларига ҳуқуқий ёрдам бера олиши ҳақида низом ва юқоридаги қарорда белгилаб ўтилган.

Бу имкониятдан фойдаланиш учун қуйидаги хужжатларни тўплаш кифоя(низомга асосан): 

  1. Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги номига ариза
  2. Ариза ёзувчининг шахсини тасдиқловчи ҳужжат
  3. Вафот этган мигрантнинг паспорти ёки Ўзбекистон фуқароси эканилигини тасдиқловчи ҳужжат
  4. Патент ёки меҳнат шартномаси
  5. Ўлимни тасдиқловчи ҳужжат

Бу ҳужжатлар тўлиқ тақдим этилгандан сўнг марҳумни Республикамизга олиб келиш ишлари бошланади.

Аммо бу муддатни узайишига сабаб бўлувчи ҳолатлар мавжуд:

  1. Марҳум танасида қотиллик аломатлари мавжуд бўлса;
  2. Марҳум вафот этган ер марказий ҳудудлардан узоқ бўлганда;
  3. Авиа қатновлар камлиги сабаб (марҳум олиб келиниши учун махсус музлатгичлар аксарият ҳолларда йирик бойинг самалётларида мавжуд бўлади)

Бошқа вазиятларда эса мамлакат ва марҳум вафот этган вилоят узоқлигига қараб ўртача 1 ҳафтада Тошкентга олиб келинади.

“2022 йил ҳисобига кўра тахминан 300 марҳум ўз она юртига қайтарилди. Бу каби ҳолатлар нафақат Россия балки бошқа Куба, Ливан, Швеция каби мамлакатларда содир бўлмоқда ва биз бу ҳолатда марҳумнинг яқинларига қўлимиздан келганича моддий ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатишга ҳаракат қилмоқдамиз”- дейди Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Ижтимоий ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш бошқармаси ходими Алишер Қодиров.

Аниқ сонларга назар ташласак,

*Россия Федерацияси – 593 нафар (2020); 508 нафар (2021); 608 нафар (2022); 184 нафар (2023);

2019:

*Япония (1 нафар); Корея (1 нафар); Швесция (1 нафар); Туркия (2 нафар); Озербайжон (2 нафар); Қозоғистон (2 нафар); Германия (1 нафар);

2020:

*Туркия (10 нафар); Қозоғистон (7 нафар); Корея (5 нафар); Яман (1 нафар); Ливия (1 нафар);

2021:

*Қозоғистон (4 нафар); Корея (1 нафар); Туркия (3 нафар); Швеция (1 нафар); Украина (1 нафар);

2022:

*Қозоғистон (18 нафар); Туркия (9 нафар); Полша (4 нафар); Япония (1 нафар); Корея (1 нафар);

2023:

*Корея (2 нафар); Туркия (2 нафар); Қозоғистон (1 нафар)

юртдошларимизнинг жасадлари чет элдан олиб келинган.

Бунда низомга кўра: қуйидаги сарф харажатларни жамғарма қоплаб бериши зарур:

  1. Вафот этган шахс жасадини олиб кетиш учун уни урф-одатларга кўра тайёрлаш хизматлари ва бошқа хизматлар ҳақини тўлаш (1 минг АҚШ долларигача);
  2. Вафот этган шахснинг жасадини Ўзбекистон Республикасига ташиш бўйича транспорт компаниялари хизматлари ҳақини тўлаш (Транспорт компаниясининг нархларига мувофиқ)

Диққат: юқоридаги ёрдам маблағи фақатгина расмий ишчи мигрантлар учун ташкил этилган ва расмий ҳужжатларсиз бу ёрдамдан фойдаланиш мумкин эмас.

Шунга қарамай, Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг 1282 қисқа ишонч телефон рақами орқали боғланиб керакли ҳуқуқий ёрдам олишингиз мумкин.

Қўшимча маълумот учун: Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги филиаллари Республикамизнинг барча вилоятларида мавжуд бўлиб ҳисобланади.

Бундан ташқари исталган мамлакат ҳудудида туриб ҳам ҳуқуқий ёрдам олишингиз мумкин.

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация