Россияда яшаб, фаолият юритаётган чет эл фуқаролари маст ҳолатда йўл ҳаракати қоидаларини бузса, мамлакатдан чиқариб юборилиши мумкин. Бу ҳақда ИИВ матбуот хизмати хабар берди.
Унга кўра, “миграция соҳасидаги маъмурий ҳуқуқбузарликларнинг айрим элементларини қайта кўриб чиқиш режалаштирилмоқда. Чет эл фуқароларини нафақат миграция соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар, балки бошқа маъмурий ҳуқуқбузарликлар учун ҳам Россиядан чиқариб юбориш тарзидаги маъмурий жавобгарлик белгиланиши кутиляпти”.
Бундан ташқари, экстремизм, терроризм, коррупция, қурол-яроғ савдоси соҳасидаги қонунбузарликлар, жамоат хавфсизлиги ёки жамоат жойларида юриш тартиб-таомилларини бузиш кабилар ҳам мигрантни мамлакатдан чиқариб юборишга сабаб бўлиши режалаштирилмоқда.
“Маст ҳолда содир этилган ёки транспорт воситаси ҳайдовчисининг тиббий кўрикдан ўтишни рад этиши билан боғлиқ йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги ҳуқуқбузарликларни ҳам ўз ичига олади”, — дейилади бошқарма хабарида.
Айни пайтда Ички ишлар вазирлиги мигрантларни назорат қилишнинг янги механизмларини белгиловчи қонун лойиҳасини тайёрламоқда. Қонунда Россиядан чиқариб юбориш ва депортация тушунчалари “Россия Федерациясидан чиқариб юбориш”га бирлаштирилиши назарда тутилмоқда.