Россия оммавий ахборот воситаларида 11 майга ўтар кечаси Москвадаги кафелардан бирида ўзбек миллатига мансуб шахсларнинг безорилик қилгани ҳақида хабарлар чиққан эди.
Бу хабарга Москва ўзбек миллий-маданий мухторияти расмий баёнот билан чиқди.
Баёнотда шундай дейилади:
“ОАВда 11 майга ўтар кечаси Москвада 30 нафар мигрант “Монро” кафесига бостириб кириб, безорилик қилгани ҳақида маълумот тарқалди. Ахборот манбаларида келтирилган маълумотларга кўра, муҳожирлар муассасани вайрон қилган, уч ходимга ҳужум қилган, улардан бирига пичоқ билан зарба берилган, иккинчисига қурол билан таҳдид қилинган, қовурғалари инган, ҳомиладор қиз калтакланган ва фуқароларнинг телефонлари тортиб олинган. Безорилик сабаблари ҳозирча номаълум.
Дастлаб, оммавий ахборот воситаларида тўполонни Москвада яшовчи Ўзбекистон фуқаролари уюштиргани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Бу маълумотни ўзбек диаспораси ўрганиб чиқди. Олиб борилган текшириш тадбирлари натижасида ушбу ҳодиса юзасидан қўлга олинган шахслар Ўзбекистон фуқаролари эмаслиги аниқланди.
Юқорида айтилганлардан келиб чиқиб, ушбу воқеани тилга олган барча оммавий ахборот воситаларидан нашр матнига тузатишлар киритишни сўраймиз”, дейилади баёнотда.
Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ҳам мазкур ҳодисага ўз муносабатини билдирди.
“Москвада жойлашган «Монро» кафесида ўзбекистонлик 30 нафар мигрант томонидан жиноят содир этилгани ҳақида хабарлар тарқалмоқда.
Дастлабки ўрганишлардан маълум бўлишича, жорий йил 11 май кунига ўтар кечаси тиббий ниқобдаги 25 нафарга яқин фуқаро Вешняковская кўчасида жойлашган «Монро» кафесига кириб, кафе мулкига зарар етказа бошлаган. Шундан сўнг, кафе ходимларига ҳам ҳужум қилган.
Воқеадан бир неча соат ўтгач, гумонланувчиларнинг бир гуруҳи Подолск ва Коммунарк ҳудудларида ҳибсга олинган.
Шунингдек, мазкур воқеадан бир неча кун олдин ушбу кафе ходимлари ва мижозлар ўртасида юзага келган зиддият оқибатида кафе мулкига етказилган зарар учун 30 минг рубль товон пули ундирилган.
Вешняковск тумани ҳуқуқ-тартибот идоралари маълумотларига кўра, мазкур воқеа гумонланувчилари ўртасида Ўзбекистон фуқаролари йўқ”, дейилади агентлик баёнотида.