Энди мигрант ота-оналарга ҳам тил ўргатиш режалаштирилмоқда. Улар учун махсус тавсиялар ва буклетлар ишлаб чиқилди.
Калининград вилоятидаги жамоатчилик ташкилоти уч йилдан буён Россияга бошқа мамлакатлардан келган мигрантларнинг фарзандларига рус тилини ўргатяпти, деб хабар беради, kaliningradtoday.ru сайти.
Бу қўшни давлатлардан келган мактаб ўқувчиларига тил ўргатишнинг ягона ечими бўлиб қолмоқда. 2019 ва 2021 йилларда бу ташаббуснинг самараси яқққол кўзга ташланди.
Россия кўплаб мамлакат фуқаролари ишлаш учун келаётган мамлакат. Айниқса МДҲ давлатларидан келувчи мигрантлар сони бу ерда кўпчиликни ташкил этади.
— Мигрантлар оқими камаймаётганлиги, қолаверса уларнинг кўпчилиги оила аъзолари, жумладан, мактабда ўқийдиган фарзандлари билан келаётгани ҳам эътиборли бўляпти. Табиийки, болаларнинг аксарияти рус тилини билмайди, улар бу ердаги мактабларда ўқишни давом эттирадиган бўлса, мулоқотда қийналади.
Калининградстат берган маълумотларга кўра 2021 йилга вилоятдаги мигрантларнинг 36,6 фоизи МДҲ мамлакатларидан келган, 1,4 фоизи эса бошқа жойлардан.
Калининград вилояти ҳукуматининг тахминларига кўра, яқин йилларда мазкур ҳудуд аҳолиси мигрантлар эвазига янада ўсади.
— Мигрантлар фарзандларининг тили ва маданий мослашуви масаласи жуда муҳим. Ота-оналар бу ерга ишлаш учун келган. Кўп ҳолатларда фарзандлари учун репетитор ёллашга уларнинг имконияти йўқ.
Болалар янги жойга ва атрофидагиларга мослашиши қийин кечади. Айниқса, мактабга келган болалар синфдошлари билан тил топишиши, мактабдан ташқаридагилар билан мулоқоти мураккаб бўлади, – дейди жамоат арбоби Карен Суджян. – Ана шу муаммодан келиб чиқиб, мигрантларнинг фарзандлари ўзлари таҳсил олаётган мактабларда – ортиқча психологик стрессларсиз, таниш муҳитда, таниш жамоада рус тилида қўшимча дарсларни ташкил этиш ғояси туғилди. Калининград вилояти таълим вазирлиги бу ғояни қўллаб-қувватлади. Карен Суджян ўқитиш схемасини ишлаб чиқди. Унинг лойиҳасини амалга ошириш учун грантлар ажратилди.
— Қўшимча дарслар жуда зарур. Болалар ўзлари келган мамлакат тили ва маданиятини яхшироқ ўрганишларига озми-кўпми ёрдам бу. Менимча нафақат тўғри ёзиш ва сўзлашишни ўргатиш, балки уларнинг ижтимоий муҳитга мослашишига ёрдам бериш ҳам муҳим, – дейди Карен Суджян.
Унинг сўзларига кўра, агар болалар мослашиш жараёнларида қийинчиликларга дуч келса, тил билмаса, тенгдошлари билан тил топиша олмаса, ўзларини камситилгандек ҳис қилади.
Лекин яна бир нарсани ҳам таъкидлаш керакки, мактаб ёшидаги болалар атрофига қараб тилларни тез ўзлаштиради. Шундай экан, рус тили бўйича болаларнинг билимини ўстириш, уларнинг қобилиятини юқори даражада ошириш имкониятига эгамиз. Шундагина улар мактабдан кейин ўз таълимини ишончли тарзда ошириши ва ўз иқтидорини намоён этиши мумкин.
2022 йил август ойидан мигрант фарзандларини ўқитиш учун ўқитувчилар алоҳида талаб асосида танлаб олинади. Улар мигрант-ўқувчиларнинг этник-маданий ва тил хусусиятлари, рус тилини чет тили сифатида ўқитиш талабларига ва ўзлари ҳам турли даражада тилларни билишига эътибор қаратмоқда.
— Мактабларда арман, ўзбек ва тожикларнинг фарзандлари кўпчиликни ташкил этади. Биз улар ўртасида маданиятлараро алоқаларни ўрнатиш ва бағрикенгликни тарғиб қилиш мақсадида турли тадбирлар ўтказамиз. Бунда болалар ўзини кўрсатиши, истеъдодини намойиш қилиши мумкин, – дейди жамоат арбоби.
Бу йил лойиҳада янги мақсад кўзда тутилмоқда. Энди мигрант ота-оналарга ҳам тил ўргатиш режалаштирилмоқда. Улар учун махсус тавсиялар ва буклетлар ишлаб чиқилди. Лойиҳа давомида тил ўрганувчилар ўзларини қизиқтирган саволлар билан ходимларга мурожаат қилишлари мумкин.