Maqola

3 806 07/03/2016

Кейинги йилларда Россия қиёфаси анчагина осиёлашиб бораётган давлат бўлиб кўринади. Шаҳарларни айланар экансиз, замонавий бинолар орасида кўчаларга зеб бериб турган шарқона услубдаги ресторану чойхоналар, тамаддихоналарга кўзингиз тушади.

migranto2

Бекатларга яқин жойларда новвойхонаю сомсахоналар, бозорларда ҳўлу қуруқ мевалар тўла расталарни, ҳатто супермаркетларда доналаб целлофан пакетларга қадоқланган новвой нону, консерва идишларига жойланган ошни ва ҳалол гўшт маҳсулотларини сотиб олиш мумкин.

Озода ва кўркам кўчаларда эса ҳар қадамда русларнинг кинояли ибораси билан айтилганидек, «сариқ жилетлилар»ни, яъни осиёча кўринишли инсонларни учратасиз.

Ўзбекистонлик фаррошлар Москва кўчаларида шу қадар кўп учрайдики, бу ҳақда «сариқ жилет» ўзбекларнинг миллий кийимига айланиб бормоқда, дея киноя билан ёзишди рус матбуоти.

Россиядаги ўзбеклар уч тоифага бўлинган. Аксариси – тирикчилик илинжида ишлашга келган ҳимоясиз меҳнат муҳожирлари. Иккинчи тоифа энг камида 5 йиллар олдин келиб анча ўрнашган, йўл-йўриқ, ҳақ-ҳуқуқини анча биладиган ўзбеклар.

Ва ниҳоят учинчи «хос тоифа» вакиллари – омади чопиб, ишлари юришиб аллақачон мазкур давлат фуқаролигини олган ўзбеклар.

Аммо Россияда ўзбек деганда кўпчилик кўчадаги фаррошни ва ҳимоясиз муҳожирни тушунади.

Муҳожир ё гастарбайтер?

Россия бунёд бўлганидан бери ҳозиргидек миллатчилик ва бошқаларни камситишга саҳна бўлмаган, шекилли. Айниқса, ўзбекларга нисбатан.

Бугунги кунда боғча ёшидаги рус (славьян) болакайидан тортиб энг зиёли қатлам вакилларигача ўзбеклар ва, умуман, марказий осиёликларга паст назар билан қарайди.

Сўнгги пайтларда бутун Россия матбуотида ҳам юртдошларимизга нисбатан мигрант, ёки меҳнат муҳожири деган сўзни ишлатиш деярли йўқолди, унинг ўрнини тамғасимон «гастарбайтер» сўзи эгаллаб бўлди.

Айби нималигини ўзи билмайдиган ўзбеклар эса турли жабҳаларда ва оғир шароитларда меҳнат қилиб кун кўришмоқда. Тўғри, 10-15 йил илгари келган ўзбекларнинг мақсади даромад орттириш эди.

Аммо ҳозир келаётган юртдошларимизнинг бош мақсади – тирикчилик.

«Оилада энг каттасиман, отам ичувчи, онам ҳеч қаерда ишламайдилар, бешта укам бор» – дейди Москвадаги савдо марказларининг бирида фаррошлик қилувчи Шоҳсанам – «Агар мен уйга пул юбормасам, уларнинг куни ўтмайди. Тўрт йилдан бери фақат тирикчилик учун ишлаяпман, рўзғордан ҳеч орттириб бўлмаяпти».

Таржимон-сартарош

Ўзбек муҳожирларининг 90% эркаклар. Аёл муҳожирлар эса асосан ё турмуши бузилган, ё боқувчисини йўқотган ва ёхуд эри билан бирга келганлардан иборат.

Деярли барча ўзбек муҳожирлари малакали мутахассис саналса-да, фақат ўнтадан битта одам ўз мутахассислиги бўйича иш топа олмоқда.

Сабаби ўзбек фуқароларини тузук пул тўланадиган ишга олишавермайди.

«Ўзимизда 28 йил мактабда рус тилидан дарс берганман» – дейди чирчиқлик Раъно опа – «Москвага келгач, ўз мутахассислигим бўйича ишга жойлашишга уринишларим бекор кетди. Ҳозир рус оиласида энагалик қилаяпман. Агар рус тили ўқитувчиси бўлмаганимда бундан ҳам оғирроқ ишларни бажаришимга тўғри келарди».

Тўрткўллик Саид эса чет тиллар институтини тамомлаган, аммо олти йилдан бери Москвада сартарошлик қилади.

«Бу ерда ишлаб топган пулимга юртимизда уй-жой, шароитларимни тузуклаб олдим. Сартарошлик қилиб 6 йил ичида эришган нарсаларимга, ўзимизда 20 йилда зўрға ё эришардим ёки йўқ» – дейди сартарошга айланган таржимон ўзбек.

Ўзбек муҳожирларининг қарийб ярми қурилиш соҳаларида ишлашади.

Аммо овқатланиш тармоқларида ишловчилар сони ҳам салмоқли.

Аксарият меҳнат ҳуқуқлари бузилишидан, иш ҳақларини вақтида ололмасликдан шикоят қилади.

Деярли ҳеч ким бу мамлакатда муқим қолишни истамайди. Аксарият ўзбекларнинг бош нияти – бироз пул ишлаб, Ўзбекистонга қайтиб бориш ва яшаш шароитини яхшилаб олиш.

Россияда пулдор тошкентлик ишбилармонлар бор, аммо қора ишчилар аксар вилоятлардаги қишлоқлардан келишади. Қишлоқлардан келаётган ёш ўзбеклар рус тилини деярли билишмайди.

Маълум бўлишича, ҳар ўнинчи ўзбекистонлик муҳожир бу ерда билимсизлик, ҳуқуқсизлик ва қонунсизлик туфайли турли жиноят қурбонларига айланмоқда.

Муҳожирлар пойтахти

Ўзбеклар сони кўплиги жиҳатидан аввало Москва шаҳри ва вилояти туради. Бунинг сабаби – пойтахтда иш ҳам, пул ҳам бошқа ҳудудларга нисбатан кўплигида. Ҳамюртларимиз ишлаш учун кўпроқ борадиган кейинги ҳудудлар Санкт-Петербург, Новосибирск ва Самара вилоятларидир.

Шу ўринда «оқиб келаётган» ибораси жуда ўринли. Москванинг исталган аэропорти ёки вокзалига борсангиз, ўзингиз гувоҳ бўласиз.

Россияга келувчилар оқими катталигини хаттоки, учоқ ва поезд чиптаси нархларида ҳам кузатилади.

Масалан, Тошкент-Москва йўналишидаги парвоз ва поезд чиптаси нархлари Ўзбекистонда ҳамиша қиммат юради.

Айниқса, муҳожирлар ватанга қайтадиган октябр-декабр ўртасида Москвадан Тошкентга кетадиган чипта нархлари кўтарилиб кетади.

Итга рухсат бор, ўзбекка йўқ!

Россияга ишлашга келган оддий ўзбекка маҳаллий аҳолининг ўз уйидан жой бериши, ёки уни уйига вақтинчалик рўйхатга қўйиши жуда камдан-кам учрайдиган ҳолат. Турар жой билан боғлиқ барча эълонларда «фақат славянларга» деган сўзни учратасиз.

«Ит, мушук ё чўчқаси билан яшаса ҳам, руслар яшасин, аммо ўзбекмас» – дейди турар жойлар ижараси билан шуғулланувчи даллол Наталья.

Уларни сизни озода ё зиёли эканингиз қизиқтирмайди. Ўзбекмисиз? Тамом, сизга уй йўқ!

Буни яхши билган ўзбеклар ишлашга келишдан олдин танишлари орқали турар жой масаласини ҳал қилиб келишади.

Ўзбек муҳожирларининг ярмига яқини эса қурилишларда, иш жойларида, ертўла ё вагонларда яшамоқдалар.

«Ёзда ўрмонда ҳам яшаб юраверамиз» – дейди қўқонлик Мухтор – » Кўпчиликни ичида яшашдан безор бўлиб кетдик. Уч хонали уйда 23 киши яшаймиз. Эрталаб, кечқурун ванна, ҳожатхона, ҳатто ошхона учун навбат талашамиз. Гоҳида жанжал бўлиб кетади».

«Пул тўлаб шунақа яшагандан кўра, ёз пайти текингина ўрмонда яшаганим маъқул».

«Биз икки киши бир жойни бўлашиб яшаймиз» – дейди қаршилик Мамлакат опа – «Мен кундузи ишлайман, кечаси жойимга ётгани бораман. Шеригим кечаси ишлайди, кундузи бориб ухлайди. Лекин иккимиз шу жой учун алоҳида пул тўлаймиз».

Бир юртдошим учун турар-жой қидириб юриб, уч хонали уйда 27 киши яшаётгани гувоҳи бўлганман.

Лекин кичик шаҳар ва қишлоқларда яшаш шароитлари бирмунча яхши, нархлари ҳам арзон. Аммо пойтахтдаги каби иш имконлари кўп эмас.

Нега ноқонунийлик афзал?

Россия ноқонуний миграцияга қарши ҳар қанча чора-тадбирлар қўлламасин, бунга бутунлай барҳам беришнинг иложи бўлмаяпти.

Россиядаги ўзбекларнинг 60% ноқонуний ишлашни маъқул кўради. Ёки сохта хужжатларни ишга солишади. Нега қонуний яшаймайсиз, деб сўрасангиз бир хил жавоб оласиз.

«Патент тўлови қиммат!»

Россияга иш излаб келган меҳнат муҳожири қонуний хужжат қилгандан кўра, ноқоқнуний юришни афзал кўришади. Чунки патентга хужжатларни тахтлаш ҳам, уни олгандан кейин ҳар ойлик тўлов солиғи ҳам қиммат. Қолаверса, хужжат ҳар доим ҳам текширилавермайди. Ойда-йилда бир текширилганида эса, жарима билан қутилиб кетиш, ҳақиқий хужжат қилиб ҳар ой пул тўлаб юришдан кўра, арзонга тушади.

«Ҳар уч ойда Украина чегарасига чиқиб келаман. Ҳар ойда 4200 тўлаб юргандан кўра, 3 ойда бир шу пулга чегарага бориб келишим арзон тушади,» – дейди юк ташувчи бўлиб ишловчи Қобилбек.

Аммо сўнгги вақтларда назорат кучайиб, қонунга кўра 180 кундан ортиқ вақт мобайнида хужжат қилмай чегарага чиққан мигрантлар Украинага боргач, Россияга кира олмай қолиб сарсон бўлишмоқда.

Касал бўлишга ҳаққинг йўқ!

Россиядаги ўзбекларнинг жуда катта қисми 16 ёшдан 55 ёшгача бўлган меҳнатга яроқли инсонлардир. Уларнинг ҳаёт тарзи анча бетартиб.

Муҳожирлар мавжуд шароитга мослашиб яшашга мажбурлар. Аксарият эркаклар хотин, бола-чақасини уйда қолдириб ишлагани келишган.

Бу ёғи табиий эҳтиёж: улар Россияда бошқа аёллар билан учрашиб, ҳатто бирга яшаб ҳам юришади. Аёллар ҳам шундай. Аммо орада ҳеч қандай масъулият бўлмагани учун ҳамроҳларини тез-тез алмаштириб туришади.

Мутахассисларга кўра, айни ҳолатлар муҳожирлар орасида ОИТС, захм, сўзак каби жиддий касалликларга сабаб бўлмоқда.

Айни дамда, Россиянинг совуқ иқлимига иссиқ ўлкадан келган ҳамма ҳам кўникиб кетолмайди.

Айниқса, оғир шароитларда меҳнат қилаётган, ертўлаларда яшаётган юртдошларимиз 2-3 йил ичидаёқ сил, умуртқа чурраси (грижа), ошқозон касалликлари каби оғир хасталикларга дучор бўлиб қолишмоқда.

Россиядаги ўзбек муҳожирлари ўта хавфли хасталикка чалиниб қолса ва ё бахтсиз ҳодисага учрашсагина бепул тез тиббий ёрдам кўрсатилади.

Оғир ҳолат бартараф этилганидан сўнг, бемор ўз ҳисобидан даволанишга мажбур. Айрим ҳолатларда, юртдошларимиз тиббий ёрдам пуллик бўлгани учун шифокорларга вақтида мурожаат қилмасдан, касалликни авж олдириб, ногирон бўлиб қолаётган ҳолатлари ҳам бор. Саккиз йил олдин ишлашга келганимда бутунлай соғлом эдим. Совуқ таъсир қилдими ёки оғир шароитларми, сил касаллигига чалиниб қолдим. Даволаниш учун шифохонага борсам, «русларга юқтирасан», деб бақириб ҳақорат қилиб кетишди» – дейди юк ташувчи бўлиб ишлаётган Маҳмуд-ака.

«Тезда Ўзбекистонга қайтиб кетмасам, полиция чақириб депортация қилишларини айтиб, дўқ-пўписа қилишди. Эшакни кучи ҳалол, ўзи ҳаром, деганларидек бўлди-да. Соғлигимда иш учун керак эдим, энди эса мендан жирканишади» – дейди алам билан бу суҳбатдошим.

Россия ҳукумати меҳнат муҳожирлари учун даволаниш учун енгиллик яратаувчи махсус ДМС суғуртасини патент олиш вақтида мажбурий сотади.

Аммо бу суғурта қоғози билан шифохоналарга борилганида аксар ҳолларда бу хужжатни тан олишмайди ва муҳожир барибир пул тўлаб даволанишга мажбур бўлади.

«Ухласак, шу таътил»

Муҳожирлар имкони бўлгунча дам оладилар.

Тузук ишларда ишловчи ўзбеклар ўрмонларга бориб, пикник уюштиришади. Аксар муҳожирлар эса вақт топаса, тўйиб ухлашини айтади.

Кутубхона, музейларга бориш ҳақида сўз очмаса ҳам бўлади. Йилда бир бўладиган Озодбек ёки Шаҳзоданинг концертига юздан бир киши бормаса, қолгани ҳам вақти, ҳам пулини қизғанади. Байрам тадбирлари эса ҳамма учун эмас…

Тил билмайдиган муҳожирлар учун рус тили курслари очилди, дея эълон қилинди, аммо амалда улар фаолият юритаётгани йўқ. Ҳар жойда бир очилган тўгаракларга эса муҳожирларнинг боришга қизиқиши ҳам, вақти ҳам йўқ.

«Халқимизнинг тил билмасдан қийналиб юришганини кўриб, рус тили дарсларини бепул ўргатишга қарор қилдим. Буни газетада, интернетда эълон қилдим» – дейди асли касби филолог бўлган ангренлик Дилфуза Хатамова – «Ишонасизми, ҳеч ким келмади. Ишдан ортишмади, шекилли».

Бу каби жонкуярларнинг яккам-дуккам ҳаракатларини истисно этганда, Россияда ўзбек муҳожирлари учун жон койитадиган ҳеч нима, ҳеч ким йўқ.

Бой ҳам ўзинг, қашшоқ ҳам ўзинг

Россиянинг бадавлатлар ўзбеклар ҳам кўп, дайди бўлиб кетган ўзбеклар ҳам бор. Уларнинг бир-бири билан ишлари йўқ, бутунлай бегона дунёларда яшашади. Айни пайтда расмий маълумотларга кўра, Россияда 2 миллионга яқин ўзбек бор. Ҳар бир тақдир ҳақида алоҳида гапириш мумкин.

Аммо Россия матбуоти бирон ўзбек муҳожири содир этган жиноят ҳақида бу шахснинг миллатига урғу берилган ҳолда обдон ёритади. Бироқ бу ерда ишлаётган миллионлаб ўзбекларнинг келтираётган фойдаси ҳақида деярли ҳеч нарса ёзилмайди.

Бу муҳожирлар айни дамда ўзларини тақдир измига ташлаб қўйган ҳолда, ҳам ватанига, ҳам Россияга каттагина фойда келтиришмоқда. Бироқ ҳар бир топилган тийин ортида шаксиз, кўп миллионли ўзбек муҳожирлари бошидан кечираётган қийинчиликлар, таҳқир, оғир шароит, хўрлик ва дард яширин.

Rossiya, migrantlar: Ko‘rinishga qarab yoqmaganni qaytarishyapti

Navigatsiya