468 09/09/2023

Салом, дўстлар! Бугун биз “Камбағал одамлар” лойиҳасининг олтинчи қисми – Ўзбекистонда қашшоқлик муаммосини замонавий ўрганиш мавзусини тақдим этамиз.

Мамлакатимизда қашшоқлик мавжудлиги расман тан олинмаган илк шундай тадқиқот ҳақида ўтган сонларимизда гапирган эдик. Истеъмол саватини таҳлил қилдик. Олмалиқ, Жиззах шаҳарлари ва Қашқадарё вилояти Қарши тумани Таликон қишлоғидаги эҳтиёжманд оилаларда бўлдик. Бугун Наманган вилоятидан тайёрланган яна бир видеолавҳа билан танишасиз. Бироқ водийга йўл олишдан аввал, шаҳардаги қашшоқлик ва у билан фуқаролик жамияти кучи орқали қандай курашиш мумкинлиги ҳақида гаплашамиз.

ДАРИНА УЧУН ТАСМАЛАР

Август – ёзги таътилнинг сўнгги ойи ва ота-оналар учун серташвиш вақт. Улар билан бирга веб-сайт ва газета мухбирлари, блогерлар кўплаб мактаб бозорларида бўлишади. “Янги ўқув йили учун болани тайёрлаш қанчага тушади” – бу аксарият ОАВнинг анъанавий август ойи мавзуси. Мана, ёқимли ташвишлар ҳам ортда қолди. Ижтимоий тармоқлар гул ва янги сумкалар билан табассум қилаётган болалар суратлари билан тўлди. Аммо “кадр ортида” ўз севимли фарзандини (балки икки ёки учта болани) мактабга тайёрлашга моддий имкони бўлмаган оилалар қолиб кетди.

“Ассалому алайкум, азиз дўстлар. Инна учун ёрдам сўраб сизларга мурожаат қиляпман. Инна 9 ёшда, 3-синфга ўтди. У онаси ва икки укаси билан умумий ётоқхонада яшайди. Иннага жуда ҳам мактаб формаси керак..”

“Илтимос, кам-кўстлар учун ёрдам беринг. Мактабга оз вақт қолди… Артём 5-синфга ўтди, футболга меҳр қўйган, онаси, укаси ва синглиси билан умумий ётоқхонада яшайди. Артёмга сизу бизнинг ёрдамимиз керак: мактаб формаси, жисмоний тарбия формаси, пойабзал (туфли, кроссовка). Артём анчадан бери футбол тўпини орзу қилади…”

Бу “Чирчиқ шаҳридаги болалар ва оилаларга ёрдам” ФБ гуруҳида чоп этилган иккита пост холос. У 2017 йилда маҳаллий фаол Мария Бирюкова томонидан ташкил қилинган. Ҳозир гуруҳ деярли 400 кишидан иборат.

“Чирчиқ шаҳридаги болалар ва оилаларга ёрдам” гуруҳи кўнгиллилари Яна Федотова, Людмила Кубахова, Мария Бирюкова ва Эльзара.

Ҳар бир ёрдам сўрови бўйича маълумотлар диққат билан текширилади. Керакли миқдор йиғилгандан сўнг, гуруҳ саҳифасига фотосуратлар билан ҳисобот жойлаштирилади.

“Даринага кўрсатган ёрдамингиз учун сизга катта раҳмат. Бугун қуйидагиларни сотиб олдик: қизнинг ўзи танлаган 2 та мактаб кўйлаги, юбка, жисмоний тарбия учун форма (футболка, шортилар, мокасиналар), 2 та ботинка, портфель, узун пайпоқлар, 2 жуфт ичкийим, туфли. Шунингдек, дўконда Даринага оқ пайпоқ ҳам совға қилишди… Даринанинг номидан катта раҳмат, у жуда бахтиёр!

Болаларни мактабга тайёрлаш – мавсумий ҳаракат. Гуруҳ йил давомида муҳтожларга ёрдам бериш учун маблағ йиғади. Одатда, бу дори-дармонлар, кийим-кечак, пойабзал ва албатта, озиқ-овқат. Озиқ-овқат билан муаммолар мавжуд. Уни бозордан харид қилиш супермаркетга қараганда арзонроқ. Лекин бозорда чек бермайдилар ва маҳаллий кўнгиллилар эса ҳар бир сарфланган сўм учун ҳисобот беришга одатланган.

Уларга асосан тўлиқ ва кўп болали оилалар, ногиронлар ва ишсиз қолганлар мурожаат қилишади. Қариндошлари қолмаган, энг кам пенсия оладиган ёлғиз қариялар бор. 1 августдан бу миқдор 568 000 сўмни ташкил қилади. Фақат уй-жой учун улар ойига 200 мингдан ортиқ пул тўлашлари керак.

Гуруҳ яратувчиси Мария Бирюкова.

Мария ота-онасидан эрта айрилган ва болалар уйида тарбияланган. Шунинг учун у ўз тажрибасига кўра  кўп муаммолардан хабардор.

– Меҳрибонлик уйлари “битирувчилари”нинг аксарияти катталар ҳаёти муаммоларига дуч келар экан, уларни ҳал эта олмай, умидлари узилиб, таслим бўладилар. Бизнинг асосий вазифаларимиздан бири уларнинг янги шароитларга мослашишига ёрдам беришдир. Ва балоғат остонасида турганларни ҳаётга тайёрлаш, – дейди Мария Бирюкова.

Яна бир ҳар йили ўтказиладиган акция Болаларни ҳимоя қилиш кунига бағишланади. Кўнгиллилар театр, концертларга саёҳатлар ва экскурсиялар, ҳатто Тошкентга сафарлар ҳам уюштирадилар. Масалан, Чирчиқда цирк ва ҳайвонот боғи йўқ, истироҳат боғлари ҳам катта эмас.

Булар асосан ёзги ташвишлар. Қишда эса фаоллар Қорбобога айланадилар. Болалар ўз истакларини ёзадилар ва кўнгиллилар уларни Янги йилга қадар бажаришга ҳаракат қиладилар. Орзулар жуда турли-туман, аммо сўнгги йиллардаги энг оммвийси – қишки кийимлар. Албатта, ҳеч ким ширин совғаларни ҳам эсдан чиқармаган.

Мария ва жамоанинг кўплаб сафдошларига шифокор ёрдами керак. Қувонарлиси, Чирчиқ шаҳридаги айрим хусусий клиникалар уларга чегирмалар беради ёки бепул тиббий хизмат кўрсатади. Умуман олганда, “Болалар ва оилаларга ёрдам” гуруҳи кўнгиллилари ҳамма билан – маҳалла қўмиталари билан ҳам, депутатлар билан ҳам тил топиша олади (масалан, улар яқинда меҳрибонлик уйининг собиқ тарбияланувчиси учун уй-жой муаммосини ҳал қилиб беришди).

Шаҳарга хос қашшоқликни шартли равишда учта тоифага бўлиш мумкин: кам даромадлик, қашшоқлик ва ўта қашшоқлик. Демак, биринчи гуруҳга кириш жуда осон, масалан, ишдан айрилган ёки иш ҳақи олмаганда. Яқинда пул йиғиб, мактаб формасини сотиб олинган қизлардан бирининг онасига мана, уч ойдирки, маошини кечиктиришяпти!

Ишсизлик, маълумки, камбағаллар сафини кўпайтиради. Шунингдек, кам маош тўланадиган иш ҳам. Чирчиқда ўртача иш ҳақи 2-3 миллион, Тошкентда 6 миллион сўмдан ортиқ (ҳудудлар бўйича “сўм миллионерлари” рейтингини учинчи сонда эълон қилган эдик). Лекин айни пайтда Чирчиқда ҳам, пойтахтда ҳам озиқ-овқат нархлари деярли бир хил.

ҚУТИДАН ДАРОМАД ТОПАЁТГАНЛАР

Ижтимоий тармоқларда қийин ҳаётий вазиятга тушиб қолган одамларга ёрдам бериш учун кўнгиллилар гуруҳлари бошқа шаҳарларда ҳам иш олиб боришади, Чирчиқ эса ана шулардан бири холос. Бу Ўзбекистонда шаклланаётган фуқаролик жамияти қашшоқлик муаммосини жойларда қандай ҳал қилишига мисолдир. Наманган вилоятилик Сахадуллаевлар оиласи яна бир гуруҳни “шакллантирди”.

Зоҳиджон ва Одина Сахадуллаевалар Мингбулоқ тумани Гултепа қишлоғида истиқомат қилишади. Уларнинг учта фарзанди бор.

Қашшоқликдан қутулиш учун эр-хотин сабзавот ва мевалар учун ёғоч қутилар ясашни бошладилар. Зоҳиджон ёғочларни парраклайди, Одина эса улардан қути ясайди.

Қашшоқликдан қутулиш учун иш эрталаб соат 10 да бошланади ва 23:00 да тугайди. Албатта, сиз болғачалар билан катта бойлик қила олмайсиз. Битта қути учун оилага… 500 сўм тўланади. Агар сиз ёрдамчиларни чақирсангиз, кунига 200 та қути тайёрланиши мумкин. Бу кунига 100 000 сўм – беш кишилик оила учун 8 доллардан сал кўпроқ… Оддий кунда, ҳатто ундан ҳам камроқ, Сахадуллаевлар камида 150 қути йиғишга муваффақ бўлишади.

Мана шундай болға садолари остида лойиҳамиз якунланади. Аниқроғи – тугамайди. У Facebook тармоғида махсус очилган “Uztrend. Камбағал одамлар” гуруҳига ўтади. Барча сонлар у ерда эълон қилинади ва вақти-вақти билан янги сонлар жойлаштириб борилади. Чунки қашшоқликка қарши кураш мавзуси ОАВ ва фуқаролик жамияти эътиборини талаб қилади. Биз хайрлашмаймиз, дўстлар!

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация