Мақола

1 166 28/08/2023

Салом, дўстлар! UzTREND жамоаси Ўзбекистонда мавжуд камбағаллик муаммосинининг замонавий таҳлилига бағишланган “Камбағал одамлар” лойиҳасини давом эттиради. Шуни ҳам таъкидлаш керакки, ўзбек ҳукумати сўнгги пайтлар бу муаммога эътибор қарата бошлади.

Кредит олишга жазм этган танишимиз – паррандачилик билан шуғулланаётган фермер Акмал Аҳмедов яшайдиган Жиззахдан жанубга, Қашқадарё вилоятига йўл оламиз.

Етти киши учун ойига икки миллион

Қарши туманидаги Таликон қишлоғида Азиз Турсунов ва Шоира Худойназарова яшайди. Уларнинг беш нафар фарзандлари бор, кенжатойлари ҳали бир ёшга ҳам тўлмаган. Катта ўғиллари мактабни тамомлаяпти. Ушбу видео Азиз ва Шоира ҳамда уларнинг катта оиласи ҳақида бўлиб, улар қандай қилиб камбағаллик ботқоғидан чиқишга уринаётганлари ҳақида ҳикоя қилинади. Очиқлама: афсуски, ҳозирча улар бунинг уддасидан чиқолмаяпти.

Оила ойига 2 миллион сўм билан базўр ҳаёт кечириб келмоқда. Кўпи билан икки ярим миллион. Агар бу пулни оиладаги етти кишига бўлсак, Азиз ва Шоира, уларнинг ҳар бир боласи кунига (агар 30 кунда даромад 2,5 миллион сўм деб олсак) 11 минг 904 сўм 76 тийинга яшашга мажбур. Бу АҚШ долларидан ҳам оз кўрсаткичдир. Эслатиб ўтамиз, лойиҳамизнинг иккинчи қисмида биз БМТ маълумотларига кўра халқаро камбағаллик чегараси кўрсаткичи кунига 1,9$ доллар сифатида белгиланганини айтиб ўтган эдик. Бизнинг ҳисобимизда эса бу оиладаги даромад киши бошига халқаро кўрсаткичдан икки баробар пастдир.

Аммо улар бу пулга қандай яшаяпти? Шоира Худойназарованинг доимий иш жойи йўқ. Яъни у “кунлик” ҳаёт кечирмоқда, аниқроғи, кунлик иш ҳақи эвазига. Омади келса, қўшни фермадан иш берувчи ёки бошқа бир буюрмачи топилиб қолади. Бугун айнан шундай кун бўлди – мижоз кўрпача келтирибди. Шоира кўрпа-тўшакларни янгилаш билан ҳам шуғулланади, уларни қоқиб-тозалайди, керак бўлса, йиртилган жойларини қайтадан тикади…

Шоира – ногирон. Бир пайтлар у оёқларидаги муаммоси туфайли юролмай қолган, кунларча тўшакка михланиб қолганди. Даволанишдан сўнг анча яхши бўлди, имкон бўлса ва буюртмага кўра, қўшни фермаларда ишлаб пул топади.

Шоира ўша машҳур “Аёллар дафтари”да рўйхатда туради. Яқиндан буён унинг болаларига туман бюджетидан моддий ёрдам кўрсатила бошланди.

Унинг эри Азиз – мавсумий ишчи, аммо унинг сўзларига кўра, бу ерда ўртача ҳақ тўланадиган иш топиш қийин масала. У камерада кўринишни истамади. Бу унинг ҳақи. Камбағаллигидан уялган минглаб эркак-юртдошларининг ҳам ҳаққи каби. Бу мавзуда бизнинг аёлларимиз жасурроқдир.

Уларнинг тўнғич ўғиллари, юқорида айтиб ўтганимиздек, мактабни тамомлаяпти. Бироқ оила унинг таълимини давом эттириб, университетда ўқитишга қодир эмас. Ўғилларининг ўз омадини  синаб, “бюджет”ни қўлга киритиши учун ОТМдаги кириш имтиҳонларига боришига етарли йўл харажатларини ҳам беролмайди оила. Шартнома асосида ўқишни гапириб ўтирмасак ҳам бўлади. Аммо тўнғич ўғил гувала ғишт қуйишни ўрганиб олди. Кейинчалик ҳаётда керак бўлади.

Тушликка – тарвуз ва нон

Шоира доимо хавотирда яшайди. Бунга сабаб фарзандларининг истиқболи ва кундалик эхтиёжларини қондира олмаётганлигидир. Бошқа ота-оналар каби у ҳам ўғил-қизларини едириб-ичириб, кийинтириб, уларнинг тенгдошлари каби улғайтиришни хоҳлайди. Болаларининг бахту камоли Шоира Худойназарова учун ҳамма нарсадан муҳим, бироқ ночорлик ҳисси уни доимо эзиб келади.

Қашқадарё вилоятининг Қарши туманидаги Таликон қишлоғидан тайёрланган видеони томоша қиламиз.

Турли тренингларда замонавий мультимедиа журналистларига видеороликдаги сўнгги кадрни “муваффақиятли” тарзда якунлашни ўргатишади. Дейлик, аутрони қўллаш, яъни сўнгги кадрни финал мусиқаси ёки қандайдир “пасайиб борувчи” эффектдан фойдаланиб якунлаш ва ундан аста-секин сайт ё блогнинг рамзига ва ёки бошқа бир ерга ўтиш каби.

Бугун биз атайлаб бундай қилмадик. Бизнинг видеомиз шунчаки “бирдан тўхтайди”. Агар сиз видеони юклаб олган бўлсангиз, уни томоша қилиб бўлганингиздан сўнг ўчириб қўйманг ва сўнгги кадрга боқинг. Агар YouTube орқали кўраётган бўлсангиз, видео якунида пробел/пауза тугмасини босинг.

Шахсан мен болалигимдан тарвузга нон қўшиб ейишни яхши кўраман. Аниқ биламанки, кўпчиликка бу ёқади. Ростдан ҳам, баъзан инсоннинг тарвуз билан нон егиси келиб қолади. Аммо ишонинг, видеони кўргач, булар кимлар учундир бор-йўқ ягона “таом” – тушлик ёки кечки овқат эканини тушунасиз. Мавсумда, албатта. Қишда бундан ҳам қийин бўлиши мумкин. Ёқимли иштаҳа!

Константин АГАФОНОВ

Rossiya, migrantlar: Ko‘rinishga qarab yoqmaganni qaytarishyapti

Навигация