Мақола

1 567 04/04/2022

Мигрантлар ҳуқуқлари бўйича юрист Ботиржон Шермуҳаммад Kun.uz сайтига берган интервьюсида Россияда ишлаш учун шароитлар йилдан йилга оғирлашиб бораётганини айтиб, ўзбекистонлик мигрантларни ўз келажаги ҳақида жиддий ўйлаб олишга чақирди.

«Ҳар бир инсон ўзининг ҳисоб-китобини ўзи қилади. Лекин илтимос қилардимки, ватандошларимиз Россияга боришдан аввал бир яхшилаб ҳисобини олишсин.

Хўш, бораётган жойларида иш ҳақи қанча? Афсуски, ватандошларимиз Россиядаги иш ҳақини ҳисоблаганда, йўл харажатлари ёки ҳар ой учун қилинадиган сарфларни ҳисобга олишмайди. Бу хато.

Одамлар Россияга кетар экан, барча харажатлари ва йил давомида топиши мумкин бўлган даромадини ҳисоб-китоб қилиб олиши керак.

Агар бормоқчи бўлган жойидаги даромади ойига 200 доллардан кам ёки шунинг атрофида бўлса ва шу пулни Ўзбекистонда ҳам топиш имконияти бўлса, менимча, бориш керак эмас. Бу пулга ота-она, оилани ташлаб, қийналиб юриш тўғри эмас, фикримча.

Энг ёмони шундаки, ҳозир бирор иқтисодчи яқин йиллар давомида Россиядаги иқтисодий аҳвол яхши томонга ўзгариши бўйича прогнозлар беролгани йўқ.

Биз рубл курсини 2008 йилдан бошлаб таҳлил қилиб чиқдик. Унга кўра, рубл ўтган йиллар давомида 330 фоизга қадрсизланган. Чунки 2008 йилда 1 доллар рублга ҳисоблаганда 24–25 рубл атрофида эди. Ҳозир эса 1 доллар ўртача 100 рублга тенг. Бу 4 баробар дегани.

Шунингдек, 2008 йилда Россияда 1000 доллар топган киши ҳозир 250 доллар топяпти. Демак, Россияда ишлаш йилдан йилга ўзини оқламаяпти.

Мигрантлар ёки Россияга кетмоқчи бўлаётганлар Россияда 2008 йилдан бери иш ҳақи қанчага ўзгарди ёки харажатлар қанчага ошди, деган саволларни ўзига бериши керак», – деди юрист.

Унинг қўшимча қилишича, ҳозир Россиянинг ўзбекистонлик мигрантлар кўп ишлайдиган 6та ҳудудида мигрантларнинг жамоат транспортларида ишлаши тақиқлаб қўйилди. Агар Москва ва Санкт-Петербургда ҳам бу қоида амалга кирса, яна ўн минглаб муҳожирлар Россияда ишсиз қолиб кетиши мумкин.

«Шунингдек, мигрантларимиз қайси соҳаларда тўлов яхшилиги ва бу соҳани қанчалик тез ўрганиш мумкинлигини ҳисобга олишлари керак.

Кўп айтамиз, электриклик ёки техниклик тез ўрганса бўладиган ва ўзимизда ҳам даромадли соҳа. Шунга ўхшаш соҳаларни ўрганиш керак. Одамлар даромадли соҳаларни таҳлил қилиши керак. Кейин озгина вақт сарфлаб, шу соҳани ўрганиш керак.

Ўтириб келажакни таҳлил қилиб оладиган пайт келди.

Яна бир нарсани тушуниш керак. Мустақил давлат сифатида собиқ иттифоқдан чиқиб кетганимизга 30 йилдан ошди. Энди давлат ҳамма нарсани қилиб беради, у биз учун таҳлил қилади, у биз учун муаммоларга ечим излайди, деган қарашлардан қутулиш керак.

Давлатнинг ўз функциялари бор. Шуларни эплаб бажарса, шунга раҳмат деймиз. Лекин биз инсон сифатида ҳаётимизни ўзимиз режалаштириб олишимиз, олдинга қараб интилишимиз керак. Шунга кўра, ватандошлардан биринчи илтимосим, тил ўрганинг. Қаерга борсангиз ҳам биринчи керак бўладигани тил билиш.

Биз кўп кўрдик, ўз соҳасининг мутахассиси бўлмаганлар ҳам тил билиши сабаб яхши пул топиб кетади. У бошлиқ, у иш бошқарувчи. Умуман, тил ўрганиш қийин эмас. Халқимизнинг потенциали катта, фақат қунт керак», – деди Ботиржон Шермуҳаммад.

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация