Россия Меҳнат вазирлигининг расмий ҳуқуқий интернет-порталида қандай касбдаги хорижликлар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар соддалаштирилган тартибда Россия фуқаролигини олиши мумкинлиги ҳақида маълумот берилди.
Вазирликнинг янги буйруғига кўра касб ва мутахассисликлар рўйхати алоҳида гуруҳларга ажратилган. Рўйхатдаги энг катта гуруҳ –“олий маълумотли мутахассислар (тиббиёт соҳасида)” 47 позицияга бўлинган. Ҳужжатга кўра соддалаштирилган тартибда фуқароликни олишда устуворлик педагог ходимлар (19 та мутахассислик), қишлоқ хўжалиги, атом саноати, қурилиш соҳаси мутахассисларига берилади.
Рўйхатга илк бор киритилган мутахассисликлар қаторида тизим дастурчиси, биотехнология соҳаси мутахассиси, муҳандис-химик, профессор, доцент, факультет декани, институт директори лавозимлари бор. Рўйхатга жами 173 та касб ва мутахассисликлар киритилган бўлиб, аввалги хужжатда 135 та пункт билан чекланган эди.