Алишер Қодиров собиқ ТИВ раҳбари Абдулазиз Камиловнинг Украина ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлаш ҳақидаги баёнотидан сўнг Ўзбекистонда иқтисодий муаммолар пайдо бўла бошлаганини айтди.
«Ўзбекистоннинг шимолдан океанга очилиш йўналиши бир ҳафтага махсус фалажлантирилди», — деди у.
Собиқ ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камиловнинг март ойида Ўзбекистон Украина ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлашини эълон қилган нутқидан сўнг Ўзбекистонда иқтисодий муаммолар пайдо бўла бошлади. Бу ҳақда «Миллий тикланиш» партияси етакчиси Алишер Қодиров “Kun.uz” га маълум қилди.
«Абдулазиз Камиловнинг ўша чиқиши Ўзбекистоннинг энг дадил чиқиши эди. Бироқ ўша чиқишдан кейин биз учун 1 ҳафта иқтисодий буҳрон бошланди. Биласизми, Ўзбекистоннинг шимол томондан океанга очилиш йўналиши 1 ҳафтага махсус фалажлантирилди. Мана шу ҳақда гапириш керак», — деди у.
Иқтисодий қарамлик ҳақида гапирар экан, Ўзбекистон географик жойлашуви сабабли эҳтиёткор бўлиши кераклигини таъкидлади.
«Ўзбекистон бугун шундай жойлашганки, экспорт қилмаса, яъни жаҳон бозорига чиқмаса, ривожланиш ўз-ўзидан бўлмайди. Мен буни шу пайтгача атайлаб қилинган деб ҳисоблайман. Яъни Афғонистондаги нотинчлик, бизнинг Афғонистон коридоридан фойдалана олмаётганимиз махсус, сунъий ташкил қилинаётган бир масала, конфликт деб ҳисоблайман», — деди у.
Депутатнинг фикрича, Ўзбекистоннинг ҳалигача Афғонистон коридорини очолмаяпти. «Эроннинг Чобаҳор портидан маълум вақт фойдаландик ва охирги кризислардан кейин бу масала ҳам ёпилди».
«Мана шу коридорлар очилмаяпти. Бу коридорлар очилмаслиги ва шимолий оқимга зарурат мунтазам ушлаб турилишини ким ва нима учун ташкил қиляпти деб ўйлайсиз? Мана шу жараённи бошқараётганлар сизнинг ташқи ахборот ресурслари билан бемалол тез-тез фикрларингиз ўзгариб кетишидан манфаатдор эмас», — деди у.
«Хўш, сиз ўз ишларингизни бемалол амалга ошира оламан деб ўйлайсизми? Йўқ, бўлмаяпти. Шунинг учун мен юқоридаги гапни айтдим, ривожланиш — тўсиқларнинг устидан ўтиш дегани. Бизда эса бу тўсиқлар жуда катта, оғир. Бу тўсиқлардан ўзимиз ўтмасак, бошқа биров ўтказиб қўймайди. Бу жуда оғир», — деган Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари.
Абдулазиз Камилов 17 март куни Сенат йиғилишида Ўзбекистон Украина мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини тан олишини маълум қилди. Шунингдек, у мамлакат Луганск ва Донецк халқ республикаларини тан олмаслигини таъкидлади.
Орадан 12 кун ўтиб, Камилов «сурункали хасталиги сабабли Тошкентда даволангани», кейин эса «чет элда даволангани» маълум бўлди.
27 апрел куни дипломат 12 йил давомида эгаллаб келган лавозимидан озод этилди. Кейин у Президент ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби ўринбосари, кейинроқ эса бир вақтнинг ўзида Давлат раҳбарининг ташқи сиёсат бўйича махсус вакили этиб тайинланди.