Жанубий Кореяга ишга боришнинг тартиби, тест синовлари қачон ўтказилиши, унда қатнашиш ҳуқуқини берувчи жетонлар қачон тарқатилиши билан боғлиқ саволлар, ҳеч шубҳасиз, ҳар йили юртдошларимиз томонидан энг кўп сўраладиган, энг кўп муҳокама қилинадиган масалалардан биридир. Бу бежиз эмас. Чунки Корея Республикасига бориб ишлаш ўзбекистонликлар учун Россия, Туркия, БАА, АҚШ каби мамлакатларга бориб ишлашдан кўра манфаатлироқдир. Бунга бир қанча омилларни сабаб сифатида кўрсатиш мумкин.
Биринчидан, иш ҳақи юқори. Дейлик, бугунги кунда Россияда ишлаётган мигрантлар уйларига ўртача 300-500 АҚШ доллари юборишаётган бўлса, Кореядагилар 2000-2500 АҚШ доллари юборишмоқда. Иккинчидан, қолган давлатларга ишлаётганларга нисбатан Жанубий Кореяда меҳнат қилаётганларнинг шароитлари анча яхши, ҳуқуқлари ҳимояланган. Буни ишчи кучи алмашиш борасида икки давлат ўртасидаги ҳукуматлараро, идоралараро битимларда белгиланган мажбуриятларга томонлар қатъий риоя этаётгани билан изоҳлаш мумкин.
Келинг, соддароқ қилиб тушунтирай. Ўзбекистонликлар ишлашга борадиган бошқа давлатларга нисбатан Корея Республикасига бориб ишлаш бошидан то охиригача норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида амалга оширилади. Яъни бошқа давлатларга юртдошларимиз аксарият ҳолларда ўзлари иш топиб ёки қариндошлари, танишларининг ёрдамига кўз тикиб йўлга чиқишса, Жанубий Кореяга ишга юбориш, номзодларни тиббий кўрик ва тест синовларидан ўтказиш, имтиҳондан ўтганларга ўз билим ва малакасидан келиб чиқиб мос иш топиш тўлиқ давлат томонидан марказлаштирилган тартибда амалга оширилади.
Ўзбекистон фуқароларнинг Корея Республикасидаги меҳнат фаолияти Ўзбекистон Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги (2016 йил 22 февралдан Меҳнат вазирлиги) ва Корея Республикаси Меҳнат вазирлиги ўртасида 2006 йилда имзоланган “Бандликка рухсат бериш тизими бўйича ишчи кучини Корея Республикасига юбориш тўғрисида” икки томонлама меморандум, Вазирлар Маҳкамасининг 1995 йил 196 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг чет элдаги ҳамда хорижий фуқароларнинг Республикадаги меҳнат фаолияти тўғрисида”ги 408-сонли қарори, Корея Республикасига ишлаш учун юборилган ҳар бир фуқаро, шунингдек, унинг кафили билан имзоланадиган “Ўзбекистон Республикаси фуқароларини Корея Республикасида иш билан таъминлаш бўйича хизматлар кўрсатиш тўғрисида”ги шартнома ва бошқа ҳужжатлар билан тартибга солинади.
Мен Кореяга бориб ишлаш учун нималар талаб этилиши, имтиҳон қай тарзда ўтказилиши ва ҳоказолар ҳақида гапирмоқчи эмасман. Ушбу мақолада мутлақо бошқа нарсани ёритишни мақсад қилганман. Хорижда, айнан Корея Республикасида ишлаб келган айрим юртдошларимиз бошига тушаётган муаммолар ва уларнинг ечими ҳақида сўз юритмоқчиман.
Қонунчилигимизга кўра, ҳар қандай одам пенсия ёшига етгач, нафақага чиқади. Шунингдек, турли касалликларга чалинганларга ҳолатидан келиб чиқиб ногиронлик гуруҳи берилади ва пенсия тайинланади. Хўш, чет элда ишлаб келганлар-чи, уларга ҳам пенсия бериладими? Хориждаги иш стажи пенсияни ҳисоблашда инобатга олинадими?
Адлия вазирлиги томонидан 1998 йил 29 январда рўйхатдан ўтказилган “Меҳнат дафтарчаларини юритиш тартиби тўғрисида”ги йўриқноманинг 1.2-бандида Ўзбекистон Республикаси фуқароларнинг қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳукуматлараро, идоралараро шартномалар (битимлар) асосида ва хусусий меҳнат контрактлари бўйича фақат Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги ва Фуқароларни чет элларда ишга жойлаштириш бўйича хўжалик ҳисобидаги минтақавий бюроларнинг кўмагида чет элларда амалга оширилган меҳнат фаолияти тўғрисидаги маълумотларга кўра меҳнат дафтарчаларига тегишли ёзувлар киритилиши белгиланган.
Ўзбекистонда расман бирон-бир ташкилот, корхона ва муассасада ишламаган ва ўзининг илк меҳнат фаолиятини чет элларда бошлаган фуқароларга меҳнат дафтарчаси Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги томонидан расмийлаштириб берилиши ҳам мазкур йўриқномада ўз аксини топган. Шунга мувофиқ расмий равишда, яъни шартнома асосида чет элда ишлашга бораётган фуқаролар меҳнат дафтарчасининг янгисини олиш ёки мавжудига ўзгартириш киритиш учун юқоридаги агентликка мурожаат қилиши лозим.
Ўзбекистон фуқароларининг меҳнат дафтарчаларига чет элда (шартнома асосида) ишлаган даври ҳақидаги ёзувлар, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига белгиланган суғурта бадаллари тўланган тақдирда, агар давлатлараро битимларда ўзгача қоидалар назарда тутилмаган бўлса, агентлик томонидан тегишли маълумотномаларга асосланиб киритилади. Фуқароларнинг чет элдаги (шартнома асосида) умумий иш стажи жамланиб, яъни қайси корхонада, қайси даврда ва қайси лавозимларда ишлаган йиллари, ойлари ва кунлари умумий тарзда ёзилади.
Фуқаро олган даромадлари тўғрисида Ўзбекистон солиқ идораларига декларация топширган ва давлат ижтимоий суғуртасини тўлаган бўлса, ишлаган жойидан маълумот олиб келиб, агентликка тақдим этса, ана шу маълумот асосида унга янги меҳнат дафтарчаси юритилиши масаласи кўриб чиқилиши мумкин.
Яна бир гап. Шартнома асосида хорижга ишга юборилган фуқаро хизмат вазифасини бажариш чоғида жароҳат олса, ногирон бўлиб қолса нима бўлади? Қонунчилигимизда мазкур масаланинг ҳам ечими борми? Афсуски, мана шу борада гоҳида мутасадди идоралардаги масъулларнинг хизмат вазифасига совуққонлиги ёки зиммасидаги мажбуриятларни тўлиқ билмаслиги ёки бошқа сабабларга кўра айрим муаммолар юзага келмоқда.
Сўзимни жиззахлик бир юртдошимизнинг кечмиши мисолида давом эттирсам. Пахтакор туманида яшовчи Толиб Муродов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) 2008 йил 17 мартдаги 1073-сонли шартномага асосан Корея Респубьликасига ишлашга юборилади. Уч йил ишлайди. 2011 йилнинг 31 мартида меҳнат фаолияти жараёнида қўлидан оғир жароҳат олиб, ногирон бўлиб қолади.
Табиийки, корейслар ўртадаги келишув ва шартномаларда белгиланган мажбуриятларини бажариб, унга тегишли тиббий ёрдам кўрсатишади, компенсация ҳам тўлашади. Шундан сўнг фуқаро Ўзбекистонга қайтариб юборилади.
Оила бошлиғи эмасми, навқирон ёшда ногирон бўлиб қолганидан қаттиқ сиқилади. Ҳарна рўзғорга бир-икки сўм бўлар деб, қонунда белгиланган ҳуқуқларидан фойдаланиш учун ногиронлик нафақасини олиш учун тегишли жойларга мурожаат қилади. Аммо унга Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига томонидан меҳнат дафтарчасидаги охирги меҳнат фаолияти ҳақида маълумотлар киритилган бўлиши кераклигини айтишади. Ушбу масала юзасидан Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги ходимларига учраганда Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига Корея Республикасида меҳнат қилган муддатидаги ва олинган иш ҳақи бўйича суғурта бадали тўлаши кераклигини тушунтиришади. У суғурта бадалини тўлаш учун пенсия жамғармасига мурожаат қилганда жамғармадагилар тўловни олишдан қатъиян бош тортишади.
Ана шу тўловни тўлагач, тўлов квитацияси асосида унга маълумотнома берилиши ва мазкур маълумотнома асосида Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги унинг меҳнат дафтарчасига Корея Республикасида ишлагани ҳақидаги ёзувларни киритиб қўйишлари керак эди.
— Мен ва Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги ўртасида 2008 йил 17 мартда тузилган 1073-сонли шартноманинг 5.1.7-бандида “Корея Республикасидаги меҳнат даври учун Ўзбекистон Республикасининг Бюджетдан ташқари пенжия жамғармасига тегишли ажратмаларни тўлиқ миқдорда тўлаб берган тақдирда бу ҳақда тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этганидан сўнг фуқаронинг меҳнат дафтарчасига Корея Республикасидаги меҳнат стажи тўғрисидаги ёзув киритиб берилиши”, 6.2.11-бандида эса “Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ва Корея Республикаси Ҳукумати ўртасида имзоланган Ижтимоий таъминот тўғрисидаги битимнинг ижросини амалга ошириш бўйича Аҳдлашувнинг 3-моддаси 2-бандига асосан Кореяда ишлаётган ўзбекистонликлар Ўзбекистонда ишлаётганларга тенглаштирилади. Фуқаро иш ҳақидан келиб чиқиб, белгиланган тартибда ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган миқдорларда Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига мажбурий тўловларни Кореядан меҳнат фаолиятини ниҳоясига етказиб қайтганидан сўнг тўлаб бериши лозим”лиги кўрсатиб ўтилган.
Толиб аканинг айтишича, ушбу масала юзасидан Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги, Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига бўзчининг мокисидай қатнаган кунлари тақдири ўзиники каби кўплаб инсонларни учратган. Улар ҳам неча йилдирки, қонуний ҳақларини олишолмай келаётган экан.
Ана энди масаланинг индаллосига тўхталсак. Ўзбекистон қонунчилигига кўра, пенсия ёшига етган фуқароларга пенсияни ҳисоблашда охирги ўн йиллик иш стажининг узилишлар бўлмаган кетма-кет беш йили инобатга олинади. Кореядаги иш ҳақи биздагидан анча баландлиги инобатга олинса, гап нимадалигини англаш қийин эмас. Бироқ айни пайтдаги ҳужжатларда худди шундай норма белгиланган экан, унинг ижроси сўзсиз таъминланиши шарт.
Ҳеч ким мўмай пенсия олиш учунгина ўзини ишлаб турган дастгоҳга отмаса ёки қўл-оёғини чопиб ташламаса керак. Қолаверса, корейслар ҳам анойи эмас, агар бу борада қандайдир сунъийлик, ясамаликни сезишганда юртдошларимизнинг даволанишларини ва компенсацияси учун харажатларни бўйинларига олишмаган бўларди. Устига-устак, у ёқда ҳамма корхона-ташкилотлар камералаштирилган.
Агар Кореядан ногирон бўлиб қайтаётганлар кўпчиликни ташкил этаётган ва бу Республика бюджетига оғир юк бўлиб тушаётган бўлса, буни фуқароларнинг ҳуқуқларини топтамасдан, қонуний манфаатларини поймол қилмасдан, мурожаатларини асоссиз рад этмасдан ёки уларга хўжакўрсинга жавоб бермасдан, балки амалдаги халқаро шартнома ва келишувларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш орқали ҳал этиш мумкин. Ҳар ҳолда муаммонинг қонуний ечими бор. Шундоқ ҳам кутилмаган фалокат натижасида яримжон бўлиб қолган одамларимизнинг ҳақи ҳеч кимга буюрмайди.
Манба: tafsilot.uz