Мақола

687 24/06/2022

Кореяга ишга кетиш учун 19 киши бошқанинг ўрнига имтиҳонга киришга урингани  ва 4 киши телефондан фойдаланмоқчи бўлганлиги аниқланди. Ишга боришни “чин дилдан” истаб, устамонлик қилган шахслар энди 3 йилгача имтиҳонларда қатнаша олишмайди, – деб хабар беради Кун.уз.

Корея Республикасида вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириш истагида бўлган фуқаролар учун Тошкент шаҳрида EPS-Topik тест имтиҳонлари  бошланган. Лекин дастлабки синовларнинг ўзидаёқ 23 та қоидабузарлик ҳолатлари аниқланди. Бу қоидабузарликлардан 19 тасида бировнинг ўрнига имтиҳонга киришга уриниш бўлса, 4 таси имтиҳон вақтида телефондан фойдаланиш билан боғлиқ.

Чет элда ишлашни истаётган шахслар аввало ўша давлатнинг тилини, қонун-қоидаларини ва маданиятини билишлари лозим. Айнан шу сабабдан ҳам чет элга ишлаш учун кетаётган фуқаролар учун тест синовлари ўтказилади. Буларнинг барчаси хорижга бораётган мигрантнинг у ерда қийналмаслиги учун қилинади.

Рўйхатдан ўтган фуқаронинг ўрнига тест синовларига киришга уринган шахсларнинг тақдирини суд ҳал қилади. Энг қизиқ томони, имтиҳон топширувчилар киришдан олдин ҳар бир фуқаро  Face ID тизими орқали текширилиши, бу ерда ҳеч қандай алдов ўтмаслиги ҳақида аввалдан огоҳлантирилган эдилар. Одамнинг қиёфасини автоматик тарзда аниқловчи планшетлар Кореядан махсус келтирилган. Буларнинг ҳаммаси имтиҳонларнинг холис, адолатли ўтиши, инсон омили аралашувининг олдини олиш мақсадида жорий этилган.

Бошқа фуқарога ўз номидан тестда қатнашишига рухсат берган шахслар кейинги 3 йил давомида имтиҳонда қатнашиш имкониятидан маҳрум этиладилар.

Эслатиб ўтамиз, Жанубий Кореяда вақтинчалик ишга бориш истагидаги меҳнат муҳожирларини саралаш мақсадида ўтказиладиган EPS-Topik UBT тест синовлари 2 июнда бошланган бўлиб, 15 июлга қадар давом этади.

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация